Мақолалар

Ҳалол меҳнат – барака мезони!

Қуръони карим кўрсатмалари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларининг энг муҳим ва салмоқли қисми кишиларда юксак аҳлоқли фазилатларни шакллантиришга қаратилган. Улардаги табиатга, ота-онага, билимга бўлган муносабат, сабр-бардош, шукроналикка даъват, ўзаро меҳр, меҳмондўстлик, етимпарварлик, вафо ва садоқат, халол луқмани шарафлаш, халол йўл билан тадбиркорлик қилиш, камтарлик, камсуқумлик, самимият ва ростгўйлик юксак аҳлоқ ва одоб ҳисобланиб, инсоният учун бебаҳо маънавий бойлик тизимини ташкил этади.

Инсоният жамияти тараққиёти жараёнида дин ўз арконлари орқали ёмонликка қарши курашиб жаҳолат ва инсонни тубанлаштирувчи жихатларни бартараф этиб, бу амалларни “гуноҳ” ва “ҳаром” иборалари билан ифодалади. Бутун инсониятга хос бўлган ижобий жиҳатларни ўзида мужассам қилган муқаддас ислом динида кўрсатилганидек, хусусан, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингиз яхши кўрган нарсани биродарингизга бермагунча ҳеч бирингиз чинакам мўмин бўла олмайсиз”, дея марҳамат қилганлар.

Ушбу ҳадиснинг ҳикматида кўп. Эзгу ният билан юрувчи, ўзи ва ўзгаларга хайрли ишларни раво кўрувчи кишилар ўзаро биродар ва мўминлардир. Онги-шуури нафсига қул кишилардан ҳеч қачон жамият фойда кўрмайди.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз”, деган (Жума сураси, 10-оят).

 Жума сурасидаги ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ер юзига тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишларига тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш, деб номламоқда.

Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш эса ризқ топиш ишида ҳаромни четлашга омил бўлади.

Қуръони каримда бу маънодаги бошқа оятлар ҳам мавжуд. Жумладан, Мулк сурасида марҳамат қилинади: У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир”, дейилган (Мулк сураси, 15-оят).

Уламоларимиз қадимдан бу ояти каримани исломда меҳнатга чорлаш, ризқни териб ейиш, ер юзининг турли жойларида ҳаракат қилиш зарурлигига далил қилиб келтиришади.

Бу оятдаги “юринг” деган хитоб мусулмонларни доимо меҳнатга ундаган ва дангасалик, бекорчиликдан четлатган. Шу билан бирга, ризқ Аллоҳ таъолодан бўлишини унутмаслик зарурлигини эслатган. Яъни мусулмон одам ер юзида юриб ризқ талаб қилиши ва ҳалол йўл билан касб қилиши керак.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Ва кундузни маош (тирикчилик) вақти қилдик”, дейди (Наба сураси, 11-оят).

Бу ояти карима ҳам маош, ризқу рўз топиш учун ҳаракат қилиш лозимлигини билдиради. Аллоҳ таоло кундузини тирикчилик, рўзғор ҳаракати вақти қилиб қўйган. Фақат кундузнинг ёруғлиги эмас, ундаги жуда кўп хусусиятлар инсон маоши учун керак. Масалан, ёруғ бўлса-ю, қуёш чиқмаса, маош бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта. Кундузги қуёш иссиқлиги, ёғдусидан нафақат инсон, балки бутун мавжудот фойдаланади. Шунга ўхшаш Аллоҳ таоло кундузга хос қилиб қўйган нарсалар кўп.

Ҳадисларда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилиб, ҳалолга уриниш, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирилади. Шу билан бирга, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлиги, ким дини ва обрўсини пок сақлай деса, шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши зарурлиги таъкидланади. Шубҳали нарсаларга яқинлашиш, худди подшоҳ ўзи учун хос қилган қўриқхона ёнида ҳайвон боқишдек хатарли экани баён қилинади.

Сўнгида эса бу жабҳада энг муҳим масала – қалб масаласи экани, ҳалол-ҳаромда қалб солиҳ бўлиши лозимлигини тушунтирадилар.

Ҳалол касб деганда айнан шу маънода, яъни ҳалол нарсага ҳалол йўл билан эга бўлиш ҳақида гап бормоқда. Бу ҳолат ҳам очиқ-ойдин, уни ҳамма билади. Ҳалол меҳнат, мерос, ҳадя, икки тараф розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга кирган мулк ҳалол бўлади. Мусулмон одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш, ҳалолдан молу мулк топиш фарз ҳисобланади. Ўтган далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, уламоларимиз ўзига ҳаромлик сифати илашмаган ва касб қилиш сабабига ҳаром ёки макруҳ иш аралашмаган нарсани мутлақ ҳалол, деб таърифлайдилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”, деган (Бақара сураси,188-оят).

Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил – ҳаром йўл билан ейишдан қайтармоқда. Уни тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Бу бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади, дегани. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади”, деган эканлар. Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳокимнинг ҳукми ила ҳалол ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча бўлмайди. Балки ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчи Аллоҳ таолонинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра ё била олмайди. У сиртдан кўргани, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатига қараб ҳукм чиқаради.

Мусулмон киши ҳаром йўл билан молу дунё касб қилишдан худди чўчқанинг гўштини ейиш­дан ҳазар қилгандек қочиши керак. Ҳаром йўл билан молу дунё топган одам икки дунё­да шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқиб, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига таом ўрнига оловни ейди.

Ривоятларда зикр қилинишича, Бишрул Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳга оналари бир дона хурмо берганида еб туриб, кўчага чиқиб қайтиб қусиб юборган экан. Чунки ўша хурмо шубҳали бўлган. Онани хафа қилмаслик учун ейилган, сўнг тақво юзасидан қусилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шубҳали нарсалар ҳақида етук олим, тақводор кишилардан сўраб ўрганиб, улардан сақланиш лозим бўлади. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, ўтган мужтаҳид олимлар бундай масалаларни жуда ҳам яхши ҳал этиб, китобларга ёзиб кетган.

Юрт обод бўлиши, халқ ҳаётини фаравон бўлиши, албатта, бу мўмин- мусулмонларнинг ҳалол меҳнати ва тақвосидан экан. Зеро, ҳалол меҳнат ва тақвода барака бор ва инсонлар учун манфаат бордир.

Исомиддин АҲРОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Кадрлар бўлими мудири

 

 

Read 1398 times

Мақолалар

Top