Мақолалар

Дунёнинг нигоҳи Самарқандга қадалди

“Самарқанд сайқали рўйи замин аст, бибинки равзаи ризвон ҳамин аст” (Самарқанд Ер юзининг сайқали, буюкликнинг бешиги шунда, бағрига боқ: ризвон боғларининг эшиги шунда), деган сатрлар бежиз битилмаган. Бу юртнинг мафтункор манзараларидан таъсирланиб, сўнг қаламга олинган.

Ҳақиқатан, бундан олти аср муқаддам, аниқроғи, Амир Темур ҳукдорлиги даврида Самарқанд бутун дуёнинг диққату эътиборида бўлган эди.  Бугун ҳам Шарқ гавҳари Самарқанд Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари, бош вазирлари, элчилар, дипломатлар, сиёсатшунослар, журналистлар диққат марказида. Жаҳон матбуотининг нигоҳи айнан Самарқандга қаратилган.

14–16 сентябрь кунлари Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон, Ҳиндистон республикалари асосий иштирокчи, Беларус, Мўғулистон ва Эрон кузатувчи давлат мақомида, Туркманистон Озарбайжон ва Туркия давлатлари етакчилари меҳмон сифатида иштирок этаётгани саммитнинг нақадар муҳим тадбир эканини яққол ифода этади.

Тадбир арафасида муҳатарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Бу мақола дунё матбуотида кенг ёритилди.

Давлатимиз раҳбари “Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир”, дея таъкидлади мақоласида.

Дарҳақиқат, бугун бутун дунёга тинчлик зарур. Тинчлик эса, табиийки, ўзаро ҳамкорлик, томонлар манфаатларини ҳисобга олиш, ўзаро ҳурмат туфайли юзага келади. Муқаддас динимизда ҳам тинчлик ва ҳамкорликка алоҳида урғу берилган.

Тинчлик Аллоҳ таолонинг шундай тотли неъматики, у бўлмаса, одамлардан ҳузур-ҳаловат, хонадонлардан барака, оилалардан қут, жамиятдан меҳр, юртдан маъмурлик, Ер юзидан файз кўтарилади. Дунё рангсиз, жилосиз, нурсиз ва зиёсиз бўлиб қолади.

Бежиз Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир» (Бақара сураси, 208-оят), деб марҳамат қилмаган.

Муфассирлар ояти каримадаги “силм” сўзини турлича тафсир қилишган.  Ибн Аббос, Мужоҳид ва Товус раҳимаҳумуллоҳ “силм” сўзига “Ислом” деб маъно беришган. Имом Заҳҳок, Абул Олия ва Рабиъ ибн Анас раҳимаҳумаллоҳ “итоат” эканини таъкидлайди. Зеро, “Ислом”нинг маъноларидан бири итоат, бўйсунишдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик ва хотиржамлик ҳақида бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар” (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда нафақат уруш, балки ҳар қандай шаклдаги зўравонлик, фитна-фасод, бузғунчилик, қўпорувчилик, қароқчилик, бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкиш, ноҳақ одам ўлдириш қатъиян ман этилади. Қуръони каримда инсонлар тинчини бузган кимсалар ҳақида бундай дейилади: «Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” дейилса, улар: “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара сураси, 11–12-оятлар); «(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара сураси, 205-оят).

Мусулмон киши ҳар доим огоҳ ва ҳушёр бўлиши зарур. Айниқса, бугун дунё кўздаги ҳалқаланган бир томчи ёшдек омонат турган пайтда кўзимизни каттароқ очишимиз, ён-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариб, ғараз ниятли кишиларнинг тузоғига асло илинмаслигимиз керак.

Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, тинчликни таъминлаш турли кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шартидир. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади.

Аллоҳ таоло бандаларига ёппасига тинчликка кириш, бахтли яшаш ва абадий саодатга эришишлари учун зарур бўлган барча йўл-йўриқларни таълим берган. Тинчлик, аввало, ҳар бир кишининг ўзидан бошланади. Зеро, Ислом кўрсатмаларига амал қилган инсон қалбига тинчлик-хотиржамлик ўрнашади. Сўнгра бу оилага кўчади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, у мустаҳкам ҳамда бардавом бўлади. Динимизда оиланинг тинчлиги учун ҳам зарур бўлган барча чора-тадбирлар кўрилган. Оиладаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғ, маҳалла-кўйга, кейин жамиятга, сўнг давлатга ўтади.

Бутун дунёда тинчлик ўрнашса, қалблар таскин топиб, кишилар ўртасида аҳил-иноқлик, меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланади. Шунда барча инсонлар тинч-тотув ҳаёт кечиради.

Шуларни инобатга олиб, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда тўпланиши ва муҳим масалаларни муҳокама қилиб, тегишли қарорлар чиқариши, албатта, барчага бирдай манфаатли бўлади, иншоаллоҳ.

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Read 1285 times

Мақолалар

Top