Мақолалар

22 йиллик меҳнатнинг мукофоти

Яқинда маҳалламиз оқсоқоли қўнғироқ қилиб: “Домлажон, маҳалламизга умрага бориш учун иккита ўрин берилган эди, лекин улардан бирининг боришга имкони йўқлиги сабаб кейинроққа суриб беришни илтимос қилди”, деди.  Оқсоқолдан ўша инсон кимлигини сўрадим. У киши “масжид ва кўчаларни ҳар жума куни эрта тонгда супуриб юрадиган Абдуллоҳ акамиз” деса бўладими?! Бу гап юрагимга тиғдек қадалди. Сабаби масжидимизда узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган 3–4 нафар отахонни умрага юбориш ниятим бор эди. Шу боис оқсоқолга: “Ўринни асргача ушлаб турсангиз, ҳозир пешин намозида мен жамоатга мурожаат қиламан. Бирор саховатпеша инсон чиқиб қолса, Абдуллоҳ акамиз албатта умрага боради”, дедим.

Ҳаёлим 22 йилдан бери бир сўм олмасдан масжид поклигини учун хизмат қилган акамизда эди. У кишини жўнатишни қатъий ният қилиб, пешин намозига чиқдим.

Намоз адо этилгач, жамоатга ўша отахонимизнинг аҳволини тушинтириб, улуғ савобли ишга ҳисса қўшадиган инсонлар бўлса, кимга мурожаат қилиш кераклигини айтдим. Бироқ аср маҳалигача ҳеч ким бу масалада боғланмади. Таваккул қилиб, ҳокимиятга отахоннинг номзодини бериб юбордим.

Аср намози яқинлашганда қўнғироқ бўлди. Бир йигит мурожаатни эшитганини ва ўша умра учун маблағни тўлаб беришини айтди. Бундан қувониб, “Худо сиздан рози бўлсин” дея томоғимга бир нарса тиқилгандек, тилим айланмай қолди. Кўз олдимда Абдуллоҳ аканинг қувончли юзи гавдаланди. Йигитнинг ҳаққига дуо қилдим. У кимлигини ошкор қилишни истамади ва тўловни қаерга қилиш кераклигини сўраб, жума куни жамоатдан дуо олиб беришини сўради.

Кейин билишимча, ўша сахий киши фаррош акамизининг умра тўловларини тўлаб кетибдилар. Ваъдага мувофиқ кечаги жумада ўша йигитнинг ҳаққига алоҳида дуо қилдик.

Умрага бориш хабарини эшитган Абдуллоҳ акамиз хурсандчилигини кўрсангиз эди. Болалардек қувониб, кўзларида ёш билан узоқ дуо қилди.

Иншааллоҳ, шу кунларда отахонимизнинг 22 йиллик меҳнатини Яратган зот ўзининг уйининг тавофи ва Расулимизнинг зиёрати билан сийлайдиган бўлиб турибди.

Азизлар, дунёнинг қоим бўлиб туришига сабаблардан бири яхшиликдир. Сиз ҳам яхши ишларни қилиб қўяверинг, бир куни олдингиздан чиқади, иншааллоҳ.

Муҳаммадназар домла Қаюмов,

“Дўмбиробод” масжиди имом-хатиби

 

Read 1444 times

Мақолалар

Top