Мақолалар

Байрам байрамга улашди

Бугун юртимизда қўшалоқ байрам: муборак Рамазон ҳайитининг иккинчи куни ҳамда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрами.

Оммавий ахборот воситалари, аёнки, давлат тараққиёти ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бинобарин, тобора жадаллашаётган глобаллашув шароитида ҳаётимизнинг беҳад тезлашиб бораётгани давлат ва фуқаролар олдига  бир-биридан долзарб масалаларни кўндаланг қўяётган мураккаб даврда яшаяпмиз. Дунё миқёсида кечаётган рақобатларнинг йил сайин кескинлашиб бораётгани, манфаатлар тўқнашуви оқибатида келиб чиқаётган зиддиятлар, ахборот хуружларининг турлари ортиб  бормоқда. Бундай муракккаб вазиятда халқимизни доимо огоҳ бўлиб, ён-атрофда содир бўлаётган ҳар қандай воқеликка дахлдорлик туйғуси билан яшашга даъват этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулияти каттадир.

“Журналистларимизнинг ҳаётга чуқур кириб бориши, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни туб моҳияти ва аҳамияти, керак бўлса, мураккаблиги билан очиб бериш, тараққиётимиз йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариб чиқиш, мавзуга холисона ва ҳаққоний ёндашиш каби мезонлар матбуотимизнинг ўзгармас қоидаси ва принципи бўлиб қолиши даркор”, деган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов.

Муқаддас динимиз кўрсатмаларида ҳам бу касб ҳақида очиқ ифодалар учрамаса-да, лекин хабар тарқатиш, инсонларга қарата сўз айтиш одоблари баён этилган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши сўзларни айтсин ёки жим турсин...” (Имом Муслим ривояти), дея ахборот тарқатувчиларни яхши сўзли бўлишга даъват этганлар.

Шунингдек, яна ўша зотдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда: «Кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапирмоғи ёлғончи эканига кифоя қилади» (Имом Муслим ривояти), дея эшитган ёки тасодифан кўзи тушган нарсасини яхшилиб сўраб-суриштириб ўрганмасдан ёзиб эълон қилиб юборавериш қаламкашни ёлғончига айлантириб қўйишидан огоҳ этганлар.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида журналистларнинг машаққатли меҳнатларига ҳам тўхталиб, бу касб эгаларидан умумий гаплардан қочишни ҳам тавсия қилиб ўтди. Шунинг билан бирга, ўша нутқида юртбошимиз Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” ҳамда диний нашрларга имтиёзлар бериш зарурлигини таъкидлади. Бу эътибордан барча қалам аҳилларининг боши кўкка етди. 

Оммавий ахборот воситалари – жамият кўзгуси. Журналистлар эса ана шу кўзгуни тутиб турувчилардир. Бу кўп бора таъкидланган ибора. Ҳатто жадид боболаримиз нашр этган газеталаридан бирини “Ойина” деб ҳам атаган эди. Демак, кўзгуга қараган жамият ўзининг аксини яхши кўриши учун кўзгу тиниқ бўлиши керак. Кўзгунинг тиниқлиги не демак, бу, аввало, журналист қалбининг софлиги, имонининг мустаҳкамлиги, Ватанга, юртга садоқати; халққа, миллатга муҳаббатидир.

Эрталаб ишга келсак, ҳамкасбимиз Муҳтарама Улуғова: “Хонамга кирсам, телефон жиринглади, гўшакни олдим. Бир киши ҳаммамизни касб байрамимиз билан табриклади”, дейди.

Камтарона меҳнатимизга бўлган бу эътибордан ҳаммамиз севиндик. Байрам барча касбдошларимизга муборак бўлсин, азизлар!

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 5382 times

Мақолалар

Top