Мақолалар

Гиёҳвандлик келажак қотили

Ҳар замон ва маконда ўзига яраша тараққиёт ва имкониятлар эшиги очилгани ҳеч кимга сир эмас.

Юртимиз истиқлолга эришгач бир қанча ривожланиш ва тамаддунларга эркин ва олға қадамлар ташланди. Ўзбекистон бошқа мамлакатларга нисбатан сиёсий-иқтисодий соҳаларда, айниқса, таълим соҳасида силжишларга эришди. Албатта, бунинг дастлабки сабабчиси, қонун устуворлиги натижасида экани ойдек равшан. Шу билан бирга юртимиз бўйлаб ёш авлодни соғ-саломат вояга етиб, диний-дунёвий билимларни пухта ўзлаштириши учун бир қанча қонун ва қарорлар қабул қилиниб, уларни амалда қўллаб келинмоқда. Хусусан, юртбошимиз ўзларининг бир неча чиқишларида ҳам келажак ёш авлод ҳақида қайғуришлари бунинг яққол далилидир.

Ҳозирда бутун дунё бўйлаб ташвишга солаётган гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган зарарли кушандалар юртимизнинг айрим ёшларини ҳам ўз домига тортқилаётгани матбуот ва зангори экранларда огоҳлантириб ўтилмоқда. Хўш, бу ҳақда қабул қилинган қонунлар қатори Ислом динида қандай кўрсатма ва ҳукмлар мавжуд экани ҳақида атрофлича тўхталиб ўтамиз.

Авваломбор, динимиз ўз номи билан “тинчлик ва саломатлик” дини бўлиб, ҳар бир тоат-ибодатини поклик ила бошлашга буюрган. Масалан: намозга чорланган киши таҳоратли бўлиши ва ҳаж ибодатини бажарадиган киши эса ғусл ила эҳром кийиши лозимдир. Жума ва икки ҳайит байрамида ҳам шу каби покланиб инсонлар билан юзланишга чорланган. Ислом дини тоат-ибодатлардан ташқари ҳам киши жамият ичида мулоқот ва муомала қилганда озода ва пок бўлишига катта эътибор қаратган. Киши шу зайлда ҳаёт кечиришининг ўзи улкан савоб ва мукофотга сабаб бўлади. Инсон томонидан содир бўлган азият ва шу каби нохушликлар теварак атрофимиздаги кишилардан ташқари бошқа мавжудотларга ҳам таъсири борлиги таъкидлаб ўтилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “.........Инсон боласи азият топган нарсадан фаришталар ҳам азият чекади”.

Ушбу ҳадиси шариф масжидга пиёз ва саримсоқ истеъмол қилиб кирган киши ҳақида келтирилгани барча ҳадисга доир  китобларда тафсилоти келган. Кишининг ҳаётига салбий таъсир қиладиган нарсани истеъмол қилиш ёмонроқ бўлиши билан бирга, оила, хонадон ва юртнинг файз-баракасини кетишига сабаб бўлмайди деб ҳеч ким айта олмайди.

Қаранки, баъзи кишиларнинг озгина ўткинчи роҳатини деб теварак атрофдаги инсонлардан ташқари сизу-бизга барака тилаб турган фаришталар ҳам азият чекар экан.

Ислом дини ҳар бир шахснинг моли, жони, ақли, дини ва наслини ҳар қандай зарарлардан тўла қонли ҳимоя қилган ва уларга қарши амал қўллаш ёки истеъмол қилишни мутлақ ҲАРОМ санаган.     

Ҳозирда аср вабоси қаторида биринчилардан бўлган ичиш ёки чекиш орқали заҳри қотил бўлиб турган зарарли кушандалар биргина истеъмол қилаётган киши ўз оиласига эмас, балки, бир авлод ёҳуд бир халққа зарарли эканини ёддан чиқармаслик даркор. Гиёҳвандлик ва шу каби маст қилувчи омилларни биргина ҳадиси шарифда: “Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир”, деб қайдлаб ўтилган.

Бу каби нарсаларни истеъмол қилаётган кишиларнинг ўзидан ҳам фойда ва зарари ҳақида сўралса, улар зарарини саноқсиз эканини санаб ўтишади. Шундай экан бу каби ҳолат гирдобидагиларни тўғри йўлга йўллаш ва уларга панд-насиҳат ила маслаҳатлар бериш биз умматнинг зиммамиздаги бурч ҳисобланади. Шу аснода бир нарсани айтиб ўтиш даркорки, бу каби ҳар қандай зарар ва азиятдан чиқиш йўллари ва уларнинг олдини олиш бир неча омиллар билан қўлга киритилади:

Фойдали ишлар билан машғул бўлиш;

Салоҳиятли тенгдош билан доим бирга бўлиш;

Истеъмол қилаётган нарсасини қай даражада зарарли эканини тўлиқ тушуниш;

Ҳаёт ва турмуш тарзини буткул ўзгартириш ва шунингдек олдинги ҳолни ёдга соладиган бирор нарсани қолдирмаслик. Хусусан, спорт ва шу каби соҳаларга алоҳида вақт ажратиш.

Аслида бу каби мавзуларга соатлаб тўхталиш ва маслаҳатлар бериш мумкин. Ушбу мақолада бунинг зарарларидан денгиздан томчисини билдирдик холос. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, айрим ёмон амаллардан тийилиш учун киши ўзининг курашиши кифоя қилади. Бу каби иллатлардан халос бўлиш учун эса бутун оила ёҳуд бир мамлакат қарши чиқишига тўғри келади. Шунинг учун ёшларимизни бу каби разил одатлардан сақлаб қолиш ҳаммамизнинг бурчимиз ва қарзимиз ҳисобланади.

 Жалолиддин ҳожи домла Ҳамроқулов

 "Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби

  Тошкент ислом институти кафедра мудири

Read 5071 times

Мақолалар

Top