Мақолалар

Миллатнинг камолоти оналар ва болалар соғлиғига боғлиқ

Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам куёвларга никоҳдан аввал туғилажак фарзандларининг оналарини танлашда саломатлиги, хулқ-атворига алоҳида эътибор бериб, кўриб уйланишни тавсия қилганлар.  У зотнинг тавсияларига амал қилиш ҳар бир инсоннинг саодатидир.

عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال "تنكح المرأة لأربع لمالها و لحسبها و لجمالها و لدينها فاظر بدات الدين تربت يداك. رواه الخمسة.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлга тўрт (нарсаси) учун никоҳланилади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилганлар)

Уйланишдан олдин келинликка номзоднинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша – никоҳига рағбат қилинадиган номзодда бўлиши лозим бўлган яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ҳақида сўз кетмоқда.

Агар ушбу тўт сифат – мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизнинг зийнати бўлиб турса, албатта, яхши. Аммо ушбу тўрт сифат бири-бири билан солиштирганда, улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларига яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди[1].

Бизнинг аждодларимиз азалдан ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб келадилар ва ўзлари ҳам фарзандга бўлажак она танлашда унинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлишига  алоҳида эътибор беришга кенг тарғиб қиладилар.

Бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур шундай дейди: “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлик-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан ҳоли бўлсагина, эл-юртга катта тўй-томоша бериб, тўй тушурдим”[2].          

Мустақилликка эришганимиздан сўнг юртимизда ҳар бир турмуш қурувчилар расмий никоҳдан аввал тиббий кўрикдан ўтиши кенг йўлга қўйилди. Бунинг самараси ўлароқ, оналарнинг саломатлигини сақлаш борасида кўплаб ижобий натижаларга эришилмоқда.

Давлат статистика маълумотларига кўра, Ўз­бе­кистонда ёш оналар илк бор 19–21 ёшда фарзандни дунёга келтирадилар. Шунинг учун уларни репродуктив саломатликка оид ўқув дастурларига жалб қилиш лозим, бу жамият ривожига ҳам, хавфсиз оналикка ҳам кўмаклашади. 1991 йилда оналар ўлими даражаси 100000 тирик ту­ғил­ган­га нисбатан 65,4% ни ташкил этди, 2004 йилга келиб бу кўр­саткич 30,2 ни ташкил этди. ЮНФПА маълумотларига кўра, 2005 йилда Ўзбекистон­да 15–19 ёшдаги 1000 нафар аёлга 34 та туғруқ рўйхатга олинган. 2004 йилда Ўзбекистонда 19–24 ёшдаги 1000 нафар аёлга 239 та туғруқ рўйхатга олинган. Абортлар сони 1991 йилдаги 100 та тирик туғилганга нис­батан 11,2 тадан 2005 йилда 9,1 гача қисқарди. Анемия (камқонлик) аёллар соғлиғига салбий таъсир кўрса­тув­чи асосий омил бўлиб қолмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2005 йилда мамлакатда барча аёллар­ нинг 74,4% анемиядан азоб чеккан. Анемиянинг энг юқори даражада тарқалганлиги Қорақалпоғистонда ку­за­тил­моқ­да, у ерда 2004 йилда 99,3% аёл анемия билан касалланган. Ўзбекистонда темир моддаси ҳаддан ташқари етишмасли­ги сабабли юз берган ёш оналар ўлими билан боғлиқ бир неча воқеалар рўйхатга олинган[3]

2017 йилга қараганда 2018 йилда яхши томонга ўзгарган. Жумладан, 2018 йилда гўдаклар ўлими кўрсаткичи 9,9 промиллини ташкил этди (2017 йилда бу кўрсаткич 11,5 промиллига тенг бўлган). Гўдаклар ўлимининг структурасида 63,6 фоизни неонатал ўлим ташкил этади. “Соғлом она – соғлом бола” мақсадига эришишда демографик ҳолатни яхшилаш энг муҳим ҳисобланади.     

Соғлиқни сақлаш тизимидаги, шу жумладан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишдаги ҳолатни яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2019-2025 йилларда Ўзбекис­тон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланган. Концепцияда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, болалар ва оналар саломатлигини муҳофаза қилишдаги муаммоларни ечиш учун мақсад ва вазифалар белгиланган.

2019-2021 йилларда Концепцияни амалга ошириш жараёнида “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонун, Президентнинг 2019 йил 7 сентябрда “Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди[4].

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра оналар ва болалар, репродуктив ёшдаги аёллар саломатлигини таъминлаш учун зарур дори ва тиббиёт воситалари (C витамин, сурфактант ва бошқалар) билан қўшимча таъминлаш учун давлат бюджетидан 2021 йилда 26 миллиард сўм ажратилиши, 2022 йилдан бошлаб эса ушбу харажатлар учун зарур маблағларни давлат бюджети параметрларида кўзда тутиш белгиланган[5].

Юқоридаги маълумотдан кўринадики, юртимизда оналар саломатлиги борасидаги ижобий натижалар билан бир қаторда камчиликлар ҳам мавжуд. Ушбу камчиликларни бартараф этиш учун юртимизда кўплаб чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Шифохоналар, репродуктив саломатлик марказлари, ҳар бир шаҳар ва қишлоқ марказларида кўплаб врачлик пунктлари ташкил этиляпти. Бу яратилган имкониятлардан фойдаланиб барча оналар ўз саломатликларига янада эътиборли бўлишлари лозим. Зеро, ҳар бир аёл учун она бўлишлик улуғ бахт. Она учун мурғаккина гўдаги билан ўтган ҳар бир лаҳзалари бебаҳо ва унутилмасдир. Гўдак учун эса онанинг бағридан ҳаловатлироқ жой йўқ. Бола фақатгина онасининг қучоғида ўзини хотиржам ва ишончли сезади.

Миллатнинг камолоти, мамлакат равнақи бевосита бу икки инсоннинг хотиржамлиги, соғлиғига боғлиқ. Қайси юртда оналар ва болалар бахтиёр бўлиб, кулгуси янграса бу ватаннинг эртанги куни нурафшон бўлиши аниқ. Мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳам ана шу оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун керакли шарт-шароитларни яратиб бериш ҳисобланади. Ўзбекистон аҳолисининг саломатлиги ва келажак авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, ҳамда соғлом экологик муҳитни яратиш давлатимизнинг бош ислоҳотларидан бири саналади. 

Демак, юртимиздаги ҳар бир оналар яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиб, ўзининг ҳам руҳий, ҳам жисмоний саломатлиги борасида қайғурмоғи ва имкониятлардан унумли фойдаланмоғи лозим. Зеро, динимиз манбаларида ҳам инсон ўз саломатлиги борасида қайғуриши, ўзининг руҳий ва жисмоний саломатлигини сақлаши, жисмига зарар етказадиган иллатлардан ўзини ҳимоя қилиши фарздир.

 

Абдулмуҳсин Фазлиддинов,

Тошкент ислом институти

Модуль таълим тизими талабаси,

Самарқанд вилояти, Ургут тумани

Эрназар ҳожи жоме масжиди имом-хатиби

 

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Бахтиёр оила. “Ҳилол нашр” – Тошкент:  2014. – Б. 56.

[2] Муҳаммад Қуронов. Болам бахтли бўлсин, десангиз... – Тошкент: Маънавият, 2013. – Б. 273.

[3] Н. Жўрабоева, И. Абдуразакова, А. Хошимов. Ўзбекистонда оналар саломатлиги (Қўлланма). – Тошкент: MED.UZ. 2015. – Б.

[4] https://uza.uz/uz/posts/onalar-va-bolalar-limining-oldini-olishga-doir-islo-otlar-z--18-10-2019

[5] https://daryo.uz/k/2021/05/26/ozbekistonda-onalar-va-bolalar-hamda-reproduktiv-yoshdagi-ayollar-salomatligini-mustahkamlash-uchun-budjetdan-26-mlrd-som-ajratiladi/?ysclid=l8whjkrxhb276575774

Read 1311 times

Мақолалар

Top