Мақолалар

Қуръони карим тараннум этилган асар тақдимоти

Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуси билан Шайх Aлижон қори қироати асосида Қуръони карим тиловатининг тўлиқ видео шакли ёзилган диск ва Каломуллоҳ тараннумига бағишланган “Қуръони карим шафоати” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Қуръони карим қироати ила бошланди.
Маросим аввалида Муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш” бўлими жадал фаолият юритаётгани, юртимизнинг барча ҳудудларида Қуръон курслари фаолият олиб бораётгани, масжидлардаги азон садолари гўзаллашиб бораётгани, диний-маърифий китоблар чоп этилиб, уларнинг тақдимоти ўтказилаётгани давлатимиз раҳбари бошчиликларидаги хайрли ислоҳотларнинг меваси эканини алоҳида таъкидладилар.
Муфтий ҳазратлари нутқлари давомида тақдимот сабабчиси Шайх Алижон қорининг Қуръони карим тараннумига бағишланган китоби ва Қуръони каримнинг тўлиқ видео шакли билан муборакбод этдилар, рисолада мавзулар гўзал тарзда ёритилганини қайд этдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов сўзга чиқиб, юртимизда Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатишга алоҳида эътибор берилаётгани, Тошкент ислом институтида Таҳфизул Қуръон кафедраси фаолият юритаётгани, мадрасаларда маҳоратли қорилар етишиб чиқаётгани, “Қуръон ва тажвид” ўқув курсларида 30 мингдан зиёд фуқароларимиз Қуръони каримни ўқишни ўрганишга мушарраф бўлгани, muslim.uz сайтининг ижтимоий тармоқларида онлайн тажвид суҳбатлари олиб борилаётгани тарихий ишлар эканини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Тошкент шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” жоме масжиди имом-хатиби, “Қуръони карим шафоати” китобига тақриз ёзган Абдулҳамид домла Турсунов, мисрлик Қуръони карим қироати олими Шайх Ёсир Абдулбосит Муҳаммад Абдуссамад, “Ал-Қуръан масс медиа” таъсисчиси Козим Ниёзов, “Қуръон ва тажвид” бўлими мудири, мазкур китоб муаллифи Шайх Алижон қори сўзга чиқди.
Қуръони карим қироатлари, салавотлар ва муножотлар маросимга ўзгача файз бахш этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
Read 1310 times

Мақолалар

Top