Мақолалар

"Ўзбекистон – Саудия Арабистони: Ҳаж ва умра сафарлари ривожланиш босқичлари"

Каъбатуллоҳ зиёрати – ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Таассуфлар бўлсинки, миллатимизнинг не-не фозил фарзандлари учун бу орзу армонга айланган замонлар ҳам бўлган эди. Яъни Собиқ Иттифоқ даврида бутун Иттифоқ мамлакатлари бўйича саноқли кишиларгина бу муборак зиёратни амалга ошира олган холос. Агар рақамларга назар солсак, 1945 йилдан то 1989 йилгача бўлган даврда Иттифоқдан тахминан 1500 нафар зиёратчи, ҳажга борган.

Яратганнинг буюк инъоми – мустақиллик йилларида ушбу ибодат учун ҳам муайян шароитлар яратила бошланди. Йилдан йилга ҳожиларимиз учун квоталар оширилиб, ибодатларни мукаммал адо этишлари учун барча шароитлар яратиб келинмоқда.

         Маълуми, юртимизда ҳаж ва умра сафарларини ташкил қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, ўзбекистонлик ҳожилар учун йўл ҳужжатларини расмийлаштириш, сафар харажатларини тўлаш, меҳмонхонага жойлашиш, овқатланиш, тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ барча муаммолар бартараф қилинган. Бу борада ҳукуматимизнинг беқиёс кўмагини алоҳида эслаб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, жумладан, уларнинг муборак ҳаж амалларини адо этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида мунтазам ғамхўрлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Муборак ҳаж зиёратига борувчиларга ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қарори ана шу эзгу мақсадларга қаратилган. Бунда Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон ҳаво йўллари ва бошқа кўпгина мутасадди ташкилотлар беғараз ёрдамлари билан яқиндан кўмак бермоқдалар.

Барчамизга маълумки ўтган охирги икки йил дунёда кенг тарқалган вирус сабаб ҳаж ва умра ибодатини адо этиш ҳеч бир мусулмонга насиб қилмади. Алҳамдулиллаҳ, бу йил яна Каъбаи муаззамани зиёрат қилиб, исломнинг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж ибодатини бажариш учун зиёратга йўл очилди.

Шу мақсадда жорий йилда ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилиб, фуқароларимизнинг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида Раҳбарият кўрсатмаси ва жамоатчилик кенгаши қарори асосида  ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш янги босқичга кўтарилди. Хусусан, умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича квота олиб ташланди, натижада республикамизнинг айрим ҳудудларида навбатлар тугатилди, баъзиларида эса навбатларининг сезиларли даражада камайишига эришилди.

“COVID-19” пандемияси сабабли тўхтатилган узоқ муддатли танаффусдан кейин, шу йилнинг 22 январь куни зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳлари Саудия Арабистонига умра сафарига йўл олди.

Муборак ҳаж ва умра зиёратига бораётган юртдошларимиз учун Макка ва Мадина шаҳарларида барча шароитлар муҳайё қилинди. Уларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, тиббий хизмат, уч маҳал иссиқ таомлар билан таъминлаш, қайтиш ишлари юқори савияда ташкил этилди. Бунда диний идора томонидан ташкил этилган ҳаж ва умра ишчи гуруҳларининг салмоқли меҳнатлари борлигини қайд этиш даркор. Хусусан, юртдошларимиз Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган беш юлдузли “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналари, Макка шаҳрида ҳам беш юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасига жойлаштирилди. Ушбу меҳмонхоналар юқори сиғимлилиги, муқаддас қадамжоларга яқинлиги ва Ўзбекистон билан ишлашда кўп йиллик тажрибага эгалиги билан алоҳида ажралиб туради.

Бир сўз билан айтганда, бу йил зиёратчиларимизга олдинги йиллардан кўра юқори савияда қулайликлар муҳайё қилинди. Буни уларнинг ўзлари ҳам кенг ва озода хоналарга жойлашиб, эътироф этиб, шарт-шароитлар шукронасини қилиб, ибодат ҳаловатини тотиб, юртимиз, Президентимиз, халқимиз ҳаққига хайрли дуода бўлдилар.

Олдинлари зиёратчилар Жиддага бориб, у ердан автобусда Мадинага бориб, кейин яна Маккага автобусда қайтиб келишарди. Ҳозир эса зиёратчиларимиз тўғри Мадинага бориб, ердан автобусда Маккага қайтиб келишмоқда. Ҳожиларимизга янги русумдаги, кўп қулайликларга эга бўлган, узоқ йўлларга мўлжалланган автобуслар хизмат кўрсатмоқда.

Яратганга шукрлар бўлсинки, жорий йил 22 январдан 25 майга қадар 36 859 нафар Ўзбекистон фуқаролари умра амалларини адо этган бўлса, 22 сентябрдан бошлаб зиёратчиларимизни умра амалини бажариш учун Саудия Арабистонига юбориш бошланди. Йил якунига қадар 26 610 нафар зиёратчилар Саудия Арабистонига жўнатилиши режалаштирилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги ишлар ҳам тубдан яхшиланди ва такомиллаштирилди. Шу йилнинг 3-7 май кунлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳи “Ҳаж-2022” тадбирини ташкил этиш механизми ва бозорларни ўрганиш мақсадида Саудия Арабистони қироллигига хизмат сафарини амалга оширди. Сафар давомида Ишчи гуруҳ аъзолари “Ҳаж-2022” мавсумида Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларимиз учун хизмат кўрсатишга мўлжалланган меҳмонхоналарни кўздан кечирдилар. Шунингдек, Мино, Арафот, Муздалифа манзилларида бўлиб, у ерлардаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, юртимиз ҳожилари учун энг мақбул жойлар танландии.

Албатта, бу йилги ҳаж мавсуми кўплаб юртдошларимизнинг эсида қолди дейиш мумкин. Чунки Саудия Арабистони томони билан олиб борилган дастлабки музокаралардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланди эди. Бироқ ҳаж мавсуми бошланиш арафасида ўззбекистонликлар учун яна 1200 га яқин қўшимча квота ажратилди. Бу эса муборак ҳаж орзусида юрган минглаб юртдошларимизнинг қалбига қувонч олиб келди ва улар динимиздаги муҳим фарз амални адо этиш имкониятига эга бўлдилар.

Эътиборлиси, йилдан йилга ҳаж квоталари ошиб бормоқда. Жумладан, 2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчилар сони 5 000дан 7 000 нафарга кўпайтирилган эди. Бу йил эса 12 000 нафар зиёратчи ҳаж ибодатини бажариб қайтди. Албатта, рақамлар ҳали янада ўсиши кутилмоқда.

Чунки жорий йилнинг 27-29 сентябрь кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия бошчилигидаги делегация юртимизга ташриф буюриб, Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиб бир қанча масалаларни муҳокама қилган эдилар.  Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини икки баробар – 24 минг нафаргача, умра квотасини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Шу билан бирга Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия билан Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари иштирокида ўзаро мулоқот ўтказилиб, муқаддас зиёратгоҳларига сафарларни ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан фуқароларимизнинг Саудия Арабистонида бўлиши билан боғлиқ янада қулай ва шинам шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Албатта, бу мулоқотлар тез кунларда ўз самарасини бериб, юртдошларимизнинг муборак сафарларни эмин-эркин адо этишларига янада қулайликлар яратади.

Сўзимиз сўнггида ўзгаришларни барчаси президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг дини соҳада олиб бораётган ислоҳотлари, ҳукуматимиз сиёсати, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳаж ва умра масаласини ташкил этиш соҳасидаги беқиёс хизматларининг натижаси эканлиги алоҳида таъкидлаш.

Read 1945 times

Мақолалар

Top