Мақолалар

Исломда аёл кишига бериладиган мероснинг ҳикматлари

Мерос илмига Аллоҳ таолонинг Ўзи асос солгандир. Бу илмнинг фазли жуда ҳам улуғдир. У “Илмнинг ярми”, ҳам дейилади. Айнан мерос оятлари Қуръони Каримнинг “Нисо”, яъни “Аёллар” сурасида нозил бўлгандир.
Аллоҳ таоло Нисо сураси 11- оятида қуйидагича марҳамат қилади:

يُوصِيكُمُ اللّهُ فِي أَوْلاَدِكُمْ لِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الأُنثَيَيْنِ

“Аллоҳ таоло фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур.

Ушбу оятда жоҳилият ҳукмига қарши равишда меросда аёл кишининг ҳам ҳаққи борлиги биринчи бор очиқ-ойдин айтилмоқда. Шу билан бирга, болаларга отасидан қолган меросни тақсимлашда икки қизга теккан улуш бир ўғилга тегиши айтилмоқда.

Шариати исломия эркак ва аёл меросини бир-биридан фарқли қилиб тақсимлашда бир неча улуғ ҳикматларни назарда тутган. Эркак аёлдан бир баробар ортиқ мерос олишининг ҳикматини уламолар қуйидагича келтирадилар:

1. Аёл киши ҳожат ва яшаш шароитлари билан тўла кафолатланган. Яъни, унинг нафақаси отаси, эри, ўғли, акаси ва бошқа эркак қариндошларининг зиммасидадир. Шунинг учун у меросни эркак билан тенг олишга эҳтиёжи йўқ.

2. Аёл бировга нафақа қилишга буюрилмаган, яъни, аёл эркаклар каби оиласини, фарзандларини ва бошқа нафақаси вожиб бўлган қариндошларига нафақа қилишга буюрилмаган.

3. Эркакнинг сарфу харажатлари жуда кўпдир. Демак, молга бўлган эҳтиёжи ҳам аёлникига қараганда кўпроқ бўлади.

4. Маълумки, эр аёлига маҳр беришга мажбурдир. Шунингдек, у аҳли аёли, фарзандларини яшаш, кийим-кечак ва таом билан таъминлашга буюрилган.

5. Фарзандлар таълим-тарбияси учун кетадиган сарф-харажатлар, уларнинг ва аёлнинг муолажаси учун бўладиган харажатлар ҳам эрнинг зиммасида бўлади.

Шу билан бирга Ислом аёлларни ўз раҳмати билан ўраб қўйди. Ислом шариати аёлларга ўз молидан нафақа қилишга, оила харажатлари учун ёки фарзандлар таълим-тарбияси учун сарфлашга буюрмайди. Бу харажатлар эркакга юкланган.

Ислом аёл зотини туғилганидан то вафот этгунига қадар эркак қариндошлари тўла таъминлайдиган қилиб қўйган. Бунинг устига, уларни меросдан ҳақ оладиган қилиб белгилаган. Аёл зоти қиз ўрнида бўлса, Ислом шариати бўйича, унинг барча нафақаси отасининг зиммасига ўтади. Отаси вафот этса, ака-укалари зиммасида бўлади. Бу ҳақ вожиб ҳақ бўлиб, агар нафақа бериши лозим бўлган киши бундан бош тортадиган бўлса, Ислом ҳукумати куч ишлатиб бўлса ҳам, уни олиб беради. Шунингдек, аёл киши турмушга чиққанида унинг барча нафақаси эрининг бўйнидаги вожибга айланади.

Исломда аёл кишига бирор кишини нафақа билан таъминлаш мажбурияти юклатилмайди. Аёлнинг ўзига, фарзандларига, оиласига эри сарф қилади.

Шунингдек, оила қуриш вақтида ҳам куёв маҳр беради, келин маҳр олади. Аёл кишининг, фарзандларнинг яшаш жойи, таоми, кийими, таълим-тарбияси ва даволанишлари учун кетадиган сарф-ҳаражатлар ҳам эрнинг зиммасига тушади. Аёлга шунча шароитларни яратиб бериб туриб, яна унга меросдан улуш берса, Ислом адолатсизлик қилган бўладими?!

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом тузумида аёл киши моддий жиҳатдан бир лаҳза ҳам қаровсиз қолмайди. Бундай ҳолатда у ўзига теккан меросни хайр-эҳсонга ёки бошқа ўзи хоҳлаган нарсаларга сарф қилиши қолади, холос. Бу ислом шариатининг аёлларни ҳимоя қилишининг бир кўринишидир.

Тошкент ислом институти 403-гуруҳ талабаси
Абдуллаева Робия

Read 2493 times

Мақолалар

Top