Мақолалар

Пайғамбаримиз улуғлаб, мақтаган соҳа

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир», дедилар» (Имом Бухорий ривоятлари). 

Бир куни “Пайғамбарларнинг отаси” бобомиз Иброҳим алайҳиссалом сўрадилар:

– Эй, Парвардигори олам! Дард кимдан?

Аллоҳ таоло:

Мендан, – деди.

Иброҳим алайҳиссалом яна сўрадилар:

– Даво кимдан?

Аллоҳ таоло яна:

Мендан, – деди.

Шунда Иброҳим алайҳиссалом:

– Унда шифокорга не ҳожат? – дедилар.

Аллоҳ таоло:

Шифокор – қўлига даво юборилган кишидир, – деб марҳамат қилди.

Жаноби Пайғамбаримизнинг айтган муборак сўзларидан оладиган хулосамиз – қайси бир дард-касалликни Аллоҳ таоло юборган бўлса, демак, унинг шифосини ҳам юборган. Шифосини эса даволовчи, табиб, шифокорларнинг қўллари орқали юборар экан! 

Шарқ-у ғарб-у олимлари  тан олган, XXI асрнинг нанотехнология замонасида ҳам асарларини бутун дунё халқлари бошга кўтараётган, жаҳоннинг олий тиббиёт ўқув даргоҳларида китоблари ҳанузгача ўқитилиб келаётган, ер юзининг энг нуфузли тиббиёт академияларида илмий ишлари ўрганилиб келаётган, ёруғ оламдаги бутун бир улкан ва жиддий соҳани шу инсоннинг исмлари билан номланган Абу Али ибн Сино ҳазратлари айтадилар:

"Тузатиб бўлмайдиган дард йўқ,
Иродасизлик бор.
Шифобахш бўлмаган ўсимлик йўқ,
Илмсизлик бор".

Худои таоло Ўзи яратган барча махлуқот-у мавжудотларини жуфт-жуфт қилиб яратган. Илло Ўзигина яккаю-ягона ёлғиз холос! Қолган ҳамма нарсаларни жуфтли этиб қўйган. Қуёш-ой, ёз-қиш, эркак-аёл, оқ-қора, ер-осмон, жаннат-дўзах, ўлим-ҳаёт, савоб-гуноҳ, кеча-кундуз ва ҳоказо. Аллоҳ таоло яратган ҳар бир нарсанинг жуфти, зидди бор.

Демак, дарднинг ҳам жуфти, зидди бор экан. Бу нима? Бу – даво! Ҳар бир касалликнинг ҳам жуфти, зидди бор экан. Бу нима? Бу – шифо!

Модомики Аллоҳ таоло ҳар бир дардга – даво, ҳар бир касалликка – шифо юборибдими, энди сизу-биз бандаларининг иши – шу даво ва шифоларни излаб топиш!

 

Имом Бухорий ва Имом Муслим асарларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф мавжуд:

Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: "Аллоҳ қандай касаллик туширган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширган".
       

Зиёд ибн Алақа разияллоҳу анҳу Усома ибн Шэрик разияллоху анхудан шундай ривоятни келтиради:

"Мен Расулуллоҳнинг ҳузурларида эдим. Бир аъробий келиб:

– Ё, Расулуллоҳ! Даволансак бўладими? – деб сўради.

Расулуллоҳ алайҳиссалом:

Ҳа, эй, Аллоҳнинг бандалари! Даволанинглар! Чунки Аллоҳ таоло қандай дардни яратган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам яратган. Лекин битта дарднинг давоси йўқ, – дедилар.

Саҳобийлар:

– У қайси дард? – деб сўрашди.
Расулуллоҳ  алайҳис  салом:

Қарилик, – деб жавоб бердилар.

 

Яна бир ҳадиси шарифларида Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: ”Ҳар бир дарднинг давоси бор. Агар даво дардга етиб борса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни билан тузалади" (Имом Муслим ривоятлари).

Доно халқимиз “Бирни кўриб – фикр қил, бирни кўриб – шукр қил!” деб бежиз айтмаган. Телевизоримизни пультидаги хоҳлаган тугмасини босиб, хоҳлаган телеканалга қўйсак, дунёнинг неча минглаб жойларида неча юз минглаб турли ёшдаги инсонлар тансиҳатлик (!) излаб, сарсон-саргардон бўлаётганига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўламиз...

Оилаларимиз саломатлиги учун ҳам, ўзларимизнинг соғлигимиз учун ҳам нечта одам хизмат қилмоқда? Уларнинг икки-учтасини кўра олсак, неча миллионтасини ҳаёлимизга ҳам келтира олмаймиз! Хатто тасаввур қилишга ҳам ожизлик қиламиз!

Ҳар қандай ақлли одам доно юртимиз тинчлиги ва халқимиз саломатлиги учун сон минглаб ўзимизнинг ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этади ва юксак қадрлайди.

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун ҳар бир инсоннинг қилаётган хизматларига миннатдор бўлишимиз – ҳам бурчимиз, ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиздир! 

“Ҳаёт” номли "университет"нинг "тилло дипломи"га эга бўлган, “тажриба” номли "олий ўқув юрт"нинг "бриллиант сертификати"га эга бўлган ва “ақл” номли "институт"нинг "гавҳар дипломи"га эга бўлган оқил ва доно оталаримиз ҳам, ёшлари улуғ табаррукларимиз ҳам Ўзига илтижо қилганларида “Тансиҳат, хотиржамлик бергин, Худойим!” деб, дуо қиладилар. Бежиздан-бежизга эмас!

Устозларимиз айтадилар: “Ҳаётдан киши олмаса таълим, ўргата олмас унга ҳеч бир муаллим”. Кундалик ҳаётимизда эҳтиёт бўлишимиз лозим экан. Яна билиб-билмасдан Жаноби Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг: «Икки неъмат борки,  кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир»,  деган муборак сўзларига қарши бўлиб қолмайлик!

                                                                                               Иброҳимжон домла Иномов

                                              Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Read 3459 times

Мақолалар

Top