Мақолалар

“Охун бобо” масжидининг барпо бўлиш тарихи

Кўҳна Хоразм диёрининг Урганч шаҳрида жойлашган “Охун бобо” жоме масжиди ва зиёратгоҳи обод ва табаррук масканлардан бири саналади. Аввало, исми ибодатгоҳ ва зиёратгоҳга номи ўлароқ улуғланиб келаётган Охун бобо ким? Шу хусусда сўзимизни бошласак.

Хоразм элида Охун бобо шахси кароматгўй авлиё ва ёрқин тасаввуф намояндаси сифатида эъзозланиб келинган.

Ниёз Муҳаммад Охунд Бухоро амирлигининг Қоракўл мавзесида таваллуд топган. Оталарининг исми шарифлари мулла Мирзо Муҳаммад Муроддир. У ўз даврининг илмли кишиси бўлган. Шу боисдан фарзандининг ҳам билим олиши ҳаракатида бўлиб, уни ёш чоғида Бухородаги машҳур Мир Араб мадрасасига ўқишга беради.

Ниёз Муҳаммад мадрасада етти йил таҳсил олгач даргоҳни “охунд” даражасида тарк этади. “Охунд” даражаси мадрасада ўқиган, уни битказаётган ҳамма муллаваччаларга берилавермасди. Бунинг учун у таниқли уламолар олдида қийин имтиҳондан ўтиши керак эди. Шу ўринда эътиборли иш йўсинини айтиб ўтиш жоиз. Хива хонлигида амалда бўлган тартибга кўра, шаҳардаги энг йирик мадрасаларни битказган толибларни шахсан хон ҳузурида уламолар имтихон қилиши керак бўлган. Эгаллаган илми, қувваи ҳофизасига қараб унга қай даражани беришни хон ўзи ҳал қилган. Фақат саноқли талабалар хон олдида муваффақиятли синовдан ўтиб “охунд” даражасини олганлар. Бухоро амирлигида ҳам шундай тутим амалиётда бўлган.

Ниёз Муҳаммад Охунд мадраса илми билан чекланиб қолмайди. У тасаввуфий сабоқлар олишга киришади. Тариқатда муриднинг олий мақомга етишиши, авлиёлик мақомини олиши учун ўта қийин бўлган босқичлар мавжуд. Буни жуда содда қилиб, “етти босқич” деб атайдилар. Бу босқичлардан мурид бўлган инсон кўп заҳматлар чекиб, оғир синовларга дош бериб ўтиши керак.

Авлиё зот ҳақидаги ривоят ва маълумотларда у кишининг етти йил Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олгани, сўнгра ўн икки йил давомида ўз даврининг етук уламоларидан бири ҳузурида тасаввуфдан сабоқ олиб, муридлик қилгани айтилади. Йигирма беш ёшларида тахминан 1715 йилларда Хоразмга келиб ватан тутган.

Тарихий даврларда диний пешволар чекига элни ҳидоятга бошламоқ, раиятнинг маънавий дунёсини асраб қолиш вазифаси тушган. Ниёз Муҳаммад Охунд Хоразмга келишни ихтиёр этиб, шу ерни абадий ватан тутмоқ орзу илинжида бўлган замонлар шундай эди. Хонликда рўй берган ўзаро тахт талашишлар, турли қатламларнинг бир-бирларига енг ичида пичоқ асрашлари, хиёнаткорлик баъзилар учун касбга, яшаш тарзига айланиб қолган муҳитда раиятни ҳидоят йўлига бошламоқ, кунда намозда амри маъруф айтиш билангина чегараланиб қолмайди. Бу йўлда жонни фидо қилишга, раият билан ҳамдам, ҳамфикр бўлишга, сўнгги бурда нонини биргаликда баҳам кўришга тўғри келади.

Фазлийнинг “Мақомоти Охунд бобо” номли кичкина рисоласида у зотнинг нақшбандия тариқати вакили эканлиги, ўз даврининг буюк авлиёларидан бири саналгани айтилади. Ушбу рисолада Охунд бобонинг тариқатдаги силсиласи Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади.

Ниёз Муҳаммад Охунд вафот этганида бутун эл чуқур қайғуга ботган. Ул зотнинг жанозаларига яқин атрофлардан ташқари, хонликнинг бошқа қалъаларидан ҳам муридлари, ихлос қўйган кишилар етиб келишган. Ҳатто Хива хони шахсан бу маросимда қатнашгани ҳақида ривоятлар мавжуд.

Бу даврда Янги Урганч номи билан Абулғозий Баҳодирхон бунёд этган шаҳар эндигина бир асрдан ошиқроқ умр кўрганди. Қалъа нисбатан кичикроқ, аммо қалъанинг чор атрофида туташиб кетган қишлоқлар бўлган.

Валий зот умри поёнида яшаган манзил шаҳар қалъасининг кунчиқар – шарқ томонида эди. Унинг васиятига кўра умрининг аксар қисми кечган шу қишлоқ ҳудудида дафн этишади. Кейинчалик қабр устига кичикроқ мақбара ҳам тиклашади.

Ниёз Муҳаммад Охундга қўл берган муридлари ғоятда кўп эди. Шу боис муридлар чин дунёга риҳлат қилишлари арафасида фарзандларидан ҳокини устози ёнига қўйишни васият этишган. Шу тахлит Ниёз Муҳаммад Охунд дафн қилинган ва кейинчалик мақбара тикланган манзил атрофида аста-секин қабристон пайдо бўлиб, вақт ўтиши билан кенгая борган, ўтган икки аср давомида Охун бобо номи билан аталувчи қабристон шу ҳудуддаги энг йирик қабристонлардан бирига айланади. Вақт келиб шаҳар кенгая боргач ўтган асрнинг ўрталарига келиб мазкур қабристон шаҳарнинг қоқ маркази бўлиб қолади.

Тақрибан 1800 йилларда қабристон ёнида ихчамгина масжид ҳам бунёд этилади. Бу масжидлар лойдан тиклангани, пойдевори мустаҳкам эмаслиги, зах сувларнинг ер юзасига яқинлиги боис ўн-ўн беш йил ичида нураб, завол, топиб, ўрнига янги масжид тикланаверган.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмига келиб Урганч шаҳри вилоят маркази бўлганидан қисқа фурсатда кенгайиб, аҳоли сони ошди. Айни шу даврда – 1960 йилларга келиб аҳолининг талаб-истаклари инобатга олиниб, ноиложликдан ҳукумат шу ўринда масжид қуришга рухсат беради. Аммо, бу масжид ҳам омонатгина қурилган, намозхонаси тор, мўминлар ибодат қилишлари учун шарт – шароитлар деярли йўқ бир аҳволда эди.

Ўтган асрнинг охирларига келиб эски Охун бобо қабристони шаҳарнинг қоқ марказида қолиб кетгани инобатга олиниб, шаҳарнинг шимолий қисмида – халқа йўли ёнида янги қабристон барпо этилди. Мазкур қабристон ҳам Охун бобо қабристони деб юритилади.

Аммо, Ниёз Муҳаммад Охунд дафн қилинган, қабр устига мақбара тикланган манзилни кўчиришга шўроларнинг журъатлари етмади. Одамлар норози бўлишларидан чўчишди. Бу ердаги кичкина масжидда жума намозлари имкон қадар адо этилиб келинди.

2017 йил 28 январь куни Хоразмга мамлакатимизнинг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёв амалий ташриф билан келдилар.

Ушбу ташриф давомида Юртбошимиз Охун бобо масжиди қурилиши бошланаётган жойга келдилар ва шу ерда кенг жамоатчилик, диний уламолар, нуронийлар иштирокида бу савобли ишимизга ой йўл тилаб, илк ғиштни қўйиб бердилар.

Шу ўринда Юртбошимиз ҳали ҳукумат бошлиғи бўлиб ишлаган кезларида ҳам Хоразм маркази –Урганч шаҳрида замонавий типдаги янги масжид қурилиши режаси билан қизиққанлари, бу масала ечими бўйича масъулларга топшириқ берганларини ҳам қайд этиш керак. Демак, аслида янги масжид айнан Юртбошимиз ташаббуси билан бунёд бўлди.

Юртбошимиз янги масжиднинг хашар йўли билан қурилажаги, бу савобли жараёнга ўз ҳиссаларини қўшишни хоҳловчи тадбиркорлар, сармоядор инсонлар кўплигини эшитиб: “Хашар – ота-боболаримиздан қолган минг йиллик удум. Бу удум миллий қадрият даражасига кўтарилган. Ҳашар халқни бирлаштирадиган эзгу амаллардан”, дедилар ва масжид қурилиши учун биринчилардан бўлиб, 300 миллион сўм эҳсон қилдилар.

Лойиҳага кўра, масжидга ёнма ён минора ҳам тикланди. Масжиднинг минораси учун Хивадаги Хўжа минорадан улгу олинганини айтиш керак. Бу минора айланаси ҳам айнан Хўжа минор айланасига тенг қилиб олинди. Баландлиги 47 метр бўлган минорани хивалик Бозор уста ўз шогирдлари билан қойилмақом қилиб бунёд этди. Шунингдек, масжиднинг айланаси 12 метрга 12 метр ўлчамда бўлган гумбазини ҳам Бозор уста ва шогирдлари тикладилар.

Ниёз Муҳаммад Охунд мақбара – хилхонасини ҳазорасплик уста Баҳром шогирдлари билан бунёд қилди. Бу мақбара Хивадаги паҳлавон Маҳмуд мақбараси кўринишида – баландлиги 17 метр бўлиб, айланаси 10Х10  метр ҳажмида.

Масжидга кириш ва чиқиш учун ўрнатилган 2 та дарвозани хивалик дурадгор уста Рўзмат ака ясадилар. Масжиднинг ичқарисидаги бешта эшикни тошкентлик уста Файзулла ўғли Тоҳир ака ёнғоқ дарахтидан ясадилар. Бу инсон машҳур халқ устасининг фарзанди бўлиб, ноёб халқ ҳунармандчилигини болалигидан ўрганиб, бир умр ардоқлаб келмоқдалар.

Масжид гумбазига ўйма нақшлар ўйишдек ўта нозик ишларни қўқонлик усталар бажаришди. Улар нилий нақшлар билан ҳамоҳанг тарзда Қурони Карим оятларини ҳам муҳрладилар.

Бугунги кунда Хоразм вилояти марказидаги Охун бобо зиёратгоҳи ва жоме масжиди обод ва кўркам масканлардан бирига айланиб улгурди. Масжидда 1500 нафар намозхон ибодат қилиш имкони мавжуд. Ҳар куни ушбу табаррук масканга олис яқин ҳудудлардан зиёратчилар ташриф буюришади. Улар Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг бевосита бошчилигида миллий қадриятлар, азиз авлиё ва алломаларнинг пок номига, хотирасига чексиз ҳурмат намунаси ўлароқ амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини кўриб таҳсин ва шукрона айтадилар, алқаб дуои хайр қиладилар.

 

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

Read 2445 times

Мақолалар

Top