Мақолалар

Ғазаб жаҳаннам оловидандир

Яқинда турмуш қурган икки ёш бир ой ҳам яшамасдан ажрашди. Бунинг сабаби эса ўзаро тортишув ва жаҳл устида эрнинг хотинига айтган уч талоғи бўлди.

Халқимизда “Жаҳли бурнининг учида экан”, деган гап бор. Бу иборани бугун аксарият кишиларга қўллаш мумкин. Чунки кейинги пайтда ён-атрофимизда жаҳли тез, асабий, бир гапга ловиллаб кетадиган одамлар кўпайиб бораётгандек. Ҳатто фарзандларига ҳам ғазаб билан муомала қиладиганлар етарлича топилади.

Гоҳида бозорларда, жамоат жойларида, оилаларда ўзаро тортишувлар бўлиб туради. Агар уларга эътибор берсангиз, аксарияти бир оғиз узр билан ҳал бўладиган иш. Бироқ икки томон ҳам бир гапдан қолмайди. Оддий вазият чигаллашиб, ёқалашишгача, ҳатто қотилликкача боради. Ғазаб босилиб, ақли ҳуши жойига келганда эса буларнинг барчасига афсусланади. Кейинги пушаймон ўзингга душман деганларидек, ғазабда айтилган сўз ва қилинган амал ҳар бир инсон учун ҳам, жамият ҳам учун зарарлидир.

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабга бундай таъриф берганлар: “Албатта, ғазаб жаҳаннамнинг оловидан бўлган тамғабосардир. Аллоҳ таоло уни улардан бирининг қалб томирига жойлаштиргандир. Кўрмайсанми, қачон ғазабланса, кўзи қизариб, юзи бўзариб, томирлари шишиб кетадир”.

Динимиз доим хушмуомала, мулойим бўлишга чақириб, ғазабдан тийилишга буюради. Бундай инсонларга эса жаннат ваъда қилинган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларни афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади» (Оли Имрон сураси, 134-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ғазабини сочишга қодир бўла туриб, ўзини босган бандани Аллоҳ таоло қиёмат куни бутун халойиқ олдида чақиради ва унга истаган ҳурини танлаш ихтиёрини беради”, дейилган (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Маълумки, жаҳлдор кишиларни нафақат ўзгалар, балки уларнинг яқинлари ҳам ёқтирмайди. Бундай инсонлардан Аллоҳ таоло ҳам узоқлашиб, ғазаб назари билан боқади.

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: “Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабидан мени нима узоқлаштиради?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғазаб қилма” , деб жавоб бердилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Албатта, ҳаммамиз ҳам оддий бандамиз. Ҳаётдаги баъзи воқеа-ҳодисалар сабаб беихтиёр жаҳлга берилиб, ўзимизни ҳам, ён-атрофдагиларни ҳам дилини вайрон қиламиз. Бундай асабийлик киши соғлиғига ҳам салбий таъсир этишини унутмаслик керак. Зеро, шифокорларимиз асаб толалари тикланмаслигини доим таъкидлаб келади. Хўш, ғазабни босиш, таранг вазиятдан чиқиш учун нима қилмоқ керак?

Бунинг бир неча йўллари борлигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганлар. Бу ҳақда муборак китобларда «Ғазаби қайнаган киши “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожим” деб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин», дея қайд этилган. Бунга: «Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта, У Эшитувчи, Билгувчидир» (Аъроф сураси, 199-) оятини далил қилганлар.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар қай бирингизнинг ғазаби келса, тик турган бўлса, ўтириб олсин. Агар шунда ҳам ғазаби тарқамаса, ётиб олсин!» дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти). Чунки тик турган киши ғазабланганда бирон ножўя иш қилиб қўйиши мумкин. Ўтирган ёки ётган киши эса бундай хатти-ҳаракатдан тийилади.

Ғазабни сўндирадиган воситалардан яна бири таҳоратдир. Таҳорат ибодатида Аллоҳ таоло зикри мавжуд. Инсондаги ғазабни алангалатиб турувчи шайтон эса ибодат қаршисида ортга чекинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!” дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти). Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилаётиб бундай дедилар: “Билингларки, ғазаб одам боласи қалбида ёниб турган чўғдир!” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти). Маълумки, ғазаб тана ҳароратини кўтаради. Сув эса кишини совутиб, асл ҳолига қайтаради. Шу боисдан аксарият бундай ҳолатларда киши юзига сув сепилади.

Албатта, ғазабини тийган киши кечиримлилик, ҳалимлик хислатини ҳам ўзида мужассамлаштирмоғи лозим. Чунки Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида киши кечиримли ва ўзаро аҳил бўлиши кераклиги буюрилган. Қайсики оила ва жамиятда бундай хислатлар бўлар экан, у ерда файзу барака, тараққиёт бўлади, иншоаллоҳ.

Бобур МУҲАММАДИЕВ
тайёрлади.

"Ҳидоят" журнали 2022 йил 10-сонидан олинди

Read 1424 times

Мақолалар

Top