Мақолалар

Фаришта салавотига сазовор бўлайлик!

Касал кўриш савоби улуғ фазилатли амаллардан. Баро ибн Озиб розийаллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни жанозага қат­нашиш ва касални бориб кўришга буюрдилар”, деди (Имом Бухорий ривояти).

Имом Термизий касал кўриш­нинг нақадар савобли амал экани ҳақида Али розийаллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтиради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир мусулмон мусулмон биродари касал бўлганида эрталаб бориб кўрса, то кеч киргунга қадар унга етмиш минг фаришта салавот айтиб туради. Агар (қайси бир мусулмон) мусулмон биродари касал бўлганида кечаси бориб кўрса, то тонг отгунича унга етмиш минг фаришта салавот айтиб туради ва у учун жаннатда бир бўстон бўлади”, дедилар.

Касал кўришга борган киши беморнинг ҳолатини ҳисобга олиши, унинг олдида узоқ қолиб кетмаслиги, унга озор берадиган нарсалардан эҳтиёт бўлиши, шу билан бирга, унга уни хурсанд қиладиган сўзларни айтиб, тезроқ соғайиб кетишини сўраб дуо қилиши лозим. Эътибор ва меҳр касални тезроқ оёққа туришига сабаб бўлиши мумкин.

Касал кўргани келган киши илм аҳлидан бўлса, беморнинг рухсати билан унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганлари сингари дам солиб қўйиши жоиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким касал кўришга борса ва унинг ажали ҳозир бўлмаган бўлса, унинг ҳузурида етти марта: “Улуғ Аршнинг Рабби, Улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман” деса, Аллоҳ таоло унга шифо беради», дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Шунга мувофиқ, агар касал оғирлашиб қолмаган бўлса, унга “Улуғ Аршнинг Рабби, Улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”, дея етти марта айтиш мустаҳабдир.

Абу Дардо ва Абу Зарр розийаллоҳу анҳумодан қилинган ривоятга кўра, бемор ҳузурида Қуръон оятларини тиловат қилишда беморга енгиллик бўлиши ҳақида айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар«Қайси бир маййит (яъни, муҳтазар – ўлим аломатлари зоҳир бўлган, аммо жони танани тарк этмаган кимса) вафот топадиган бўлса-ю, бас, унинг ҳузурида “Ёсин” тиловат қилинса, Аллоҳ унга енгиллик беради».

Абу Шайх “Фазоилул Қуръон” ва Абу Бакр Мар­вазий “Жаноиз” китобида Ибн Аббос розийал­лоҳу анҳумо Раъд сурасини ўқишни яхши кўрганини ва бу маййитга енгиллик бўлиши ҳақида айтгани зикр қилинган.

Бундан ташқари, Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини ўқиш ҳам мустаҳабдир. Касал инсон ҳам ўзига етган дардга сабр қилиши ва бу касаллик сабабидан Аллоҳ таоло уни гуноҳлардан поклаб, даражасини кўтаришини умид қилмоғи лозим.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу­модан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ка­сал ётган бир аъробийни кўриш­га келдилар ва: “Зарари йўқ, ин­шоаллоҳ, покизалик”, дедилар. Шунда аъробий (тушкун кайфият ва умидсиз ҳолда, Аллоҳ таолога нисбатан ёмон гумон қилиб): “Покизалик?! Йўқ, ундай эмас, бал­ки қари чол учун қабрга олиб кетмоқчи бўлган қаттиқ иситма”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хўп, ундай бўлса”, де­дилар». .

Мазкур ҳадиси шарифдан касал кўришга борган киши ҳам, бемор ҳам доимо яхши сўзларни айтиши ва Аллоҳ таоло ҳақида гўзал гумонда бўлиши матлуб эканини келиб чиқади.

Олимхон ЮСУПОВ,

Ҳадис илми олий мактаби ректори

“Ҳидоят” журналининг 10-сонидан олинди

Read 1342 times

Мақолалар

Top