Агар бирор киши турли шубҳа, васвасаларни ақлидан устун қўйса ва улар уни ҳаромга етакласа бу ҳам нафсининг алдашидир.
Муолажа услуби
Ушбу касалликдан халос бўлиш учун васвасалардан узоқлашиш ва улар онгни эгаллаб олиши учун имкон бермаслик лозим. Бу касалликдан Аллоҳни доимо зикр қилиш ва одамлар сизнинг ташқи ҳолатингизни билганларидек, Аллоҳ таоло сизнинг ички ҳолатингизни ҳам билиб туришига ишонч ҳосил қилиш орқали қутулиш мумкин.
Эй инсон! Наҳотки Аллоҳ таоло билиб турган камчилик ва хатоларингизни эътиборсиз қолдиришдан уялмайсиз?! Ахир одамлар билиб қоладиган камчиликларингизни кетказишга қанчалик ҳаракат қиласиз-ку?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ҳам, мол-давлатингизга ҳам қарамайди, балки қалбингизга ва амалларингизга қарайди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Бакр ар-Розий менга Абу ал-Ҳасан ал-Алавийнинг дўсти Иброҳим Хаввосдан раҳимаҳуллоҳ бу сўзларни эшитганини айтди: “Аввалида гуноҳ инсоннинг боши (фикрлари)да дон шаклида бўлади. Уни имкон қадар тезроқ йўқ қилиш керак, акс ҳолда у илдиз отади, кейин ундан қутулиш анча қийинлашади. Кейинчалик илдиз отган гуноҳ васвасага айланади. Инсон нафсини ва руҳини тарбиялаш орқали бу касалликдан қутулади. Акс ҳолда ундан шаҳват дарахти ўсиб чиқади. Шунда гуноҳ ақлни, онгни ва иродани тўлиқ эгаллаб олади”.
Абу Бакр ар-Розий айтади: “Нафс ва шаҳват ақлни, онгни ва инсоннинг интилишларини эгаллайди”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси