Мақолалар

Тазкия ва тарбия: Ислоҳга ёрдамчи амаллар – 3 қисм
  1. Давомли зикрда бўлиш. Чунки зикр руҳий қудратдир. Қалбингиз ундан қувват олиб, сизни ислоҳ майдонида олдинга бошлайди. Шунинг учун ўзингизга бир вирдни маҳкам тутиб, унда бардавом бўлинг. Оз бўлса ҳам давомли бўлгани бир сафар кўп бўлиб, кейин тўхтаб қолганидан яхшироқ. Дастлабки босқичда қуйидаги тўрт калимани вазифа қилиб олганингиз яхши:

1) Истиғфор (100 марта). Масалан:

أسْتغفرالله ربي من كلّ ذنبٍ وأتوبُ إليه

Ўқилиши: “Астағфируллоҳа Роббий мин кулли занбин ва атубу илайҳ”.

Маъноси: “Аллоҳ таолодан ҳар бир гуноҳдан мағфират сўрайман ва Унга тавба қиламан”.

2) Салавот (100 марта). Масалан:

 اللَّهمَّ صلِّ علَى سيدنا محمَّدٍ النَّبيِّ الأُمِّيِّ وعلى آلِه وصحبه وسلم

Ўқилиши: “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадинин набиййил уммийи ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи васаллим”.

Маъноси: “Эй Аллоҳ, саййидимиз уммий пайғамбар Муҳаммадга, у зотнинг оилалар ва саҳобаларига саловат ва салом юбор”.

3) سبحان الله والحمد لله ولا إله إلا الله والله أكبر

Ўқилиши: “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи вала илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”. (100 марта).

Маъноси: “Аллоҳ барча айбу нуқсондан покдир. Унга ҳамд бўлсин. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Аллоҳ улуғдир”.

4) سبحان الله وبحمده، سبحان الله العظيم، أستغفر الله وأتوب إليه

Ўқилиши: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил аъзийм. Астағфируллоҳа ва атубу илайҳи”. (100 марта).

Маъноси: “Аллоҳ барча айбу нуқсондан покдир. Унга ҳамд бўлсин. Улуғ Аллоҳ покдир. Аллоҳга истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан”.

Мана шу осон зикрлардаги бардавомлик қалбингиз ислоҳи ва нафсингиз безанишида катта рол ўйнайди. Тасодифий ишингиз чиқиб қолганда ҳам, иш билан банд бўлиб қолганингизда ҳам, юмушингиз кўпайиб кетганда ҳам, танг аҳволда қолганингизда ҳам... ушбу зикрларни қўйманг. Яхшиси, буткул тарк этгандан кўра, ададини камайтирган маъқул. Масалан, 33 мартага туширинг. Ёки жуда бўлмаса 11 маротаба айтишга ўтинг. Аммо асло буткул тарк қилманг!

Ушбу зикрлар тўхтаб қолмасдан давом этиб турса, қалбни тешиб, у томон йўл очади. Шу йўсинда уни тузатиб, тақво чўққиларига олиб чиқади. Зеро, давомли томган сув ҳатто тошни тешади. Аммо, шариллаб оқиб ўтган сув тош устидан бирданига ўтиб кетади, унда катта из қолдирмайди. Ҳа, Аллоҳнинг қонунияти шундай, оз бўлсада давомли бўлган амал таъсирли ва самарали бўлади.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг асар ва мақолалари асосида Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади

Read 1610 times

Мақолалар

Top