Мақолалар

Аллоҳнинг мағфирати ва жаннатига шошилайлик!

«Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз! Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон сураси, 133–134-оятлар).

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ оятдаги “...кенглиги осмонлару Ерга тенг...” жумласини шарҳлаб: «“Аллоҳ таоло жаннатнинг кенглигини бундан ҳам гўзал таърифлаши, осмонлару Ердан бошқа буюк нарсага қиёслаши мумкин эди. Бироқ инсон фақат ақлига сиғадиган нарсанигина тушуна олади. Шу билан бирга, осмонлару Ернинг ҳолати бошқа махлуқотларникига ўхшамайди. Ояти каримада: “Албатта, осмонлар ва Ерни яратиш инсонларни яратишдан каттароқ (иш)дир. Лекин кўп одамлар (буни) билмайдилар” (Ғофир сураси, 57-оят), деган. Аллоҳ таоло инсон тасаввур қила оладиган осмонлару Ерни яратдими, демак, улардан ҳам кенг, буюк, улардан ҳам метин ва мустаҳкам нарсани яратишга қодирдир», деган.

Буюк муфассир Абул Баракот Насафий ояти каримада баён этилган “...кенглиги осмонлару Ерга тенг...” жумласи ҳақида бундай деган: “Жаннатнинг кенглиги нисбий маънода етти қават осмон ва етти қават Ернинг энига тенг, дейилган. Ваҳоланки, еру осмонларнинг эни ёки бўйи деган тушунча йўқ. Лекин бу ерда ташбеҳ учун жаннатнинг эни еру осмонлар кенглигини қўшгандаги ҳажмга тенг бўлса, унинг бўйи ундан-да узоқ масофани ташкил этиши муқаррар эканини таъкидлаш учун Аллоҳ таоло мисол келтирмоқда. Зеро, одамлар наздида бу дунёда уларга маълум бўлган энг катта кенглик бу – Еру осмонлар орасидаги кенгликдир. Жаннат етти қават осмон билан Аршнинг ўртасида, дўзах эса етти қават ернинг остида дейилиши ҳам нисбий таърифдир”, деган (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).

Аллоҳнинг мағфирати ва кенглиги осмонлару ерчалик бўлган жаннатга сазовор бўладиган тақводорлар “фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон-нафақа қиладиганлар”дир. Улар яхшилик қилишда собитқадам кишилардир. Ҳамма нарсалари сероб бўлиб кетса ҳам, ҳовлиқиб, ҳаддиларидан ошиб, фисқ-фасодга берилиб кетмайдилар. Балки ўзларини босиб, хайр-эҳсон, нафақа қилишда бардавом бўладилар. Шунингдек, бошларига бирор мусибат тушса, ўзларини ноқулай сезиб, бахиллик йўлига ўтиб олмайдилар. Балки нафақа қилишда бардавом бўладилар. Уларнинг тақволари доимо эҳсонга чорлаб, бахиллик ва қизғанчиқликдан қайтаради.

Тақводорларнинг сифатларидан яна бири шуки, улар “ғазабларини ютадиганлар”дир. Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланиб, уни жиловлаб олиш ҳар қандай кишининг қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир иш фақат қалбида тақвоси бўлган инсонгагина осондир.

Ривоят қилинишича, бир киши келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Аллоҳнинг расули, менга насиҳат қилинг”, деди. У зот: “Ғазаб қилма”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Сўраган одам кейинчалик эътироф этиб, бундай деди: “Набий алайҳиссаломнинг насиҳатларини ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан” (Имом Аҳмад ривояти).

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Одам болалари бир неча табақада яратилганлар: жаҳли секин чиқиб, тез жаҳлдан тушадиган; тез ғазабланиб, тез ўчадиган; секин-аста ғазабланиб, яна секин-асталик билан ғазабдан тушадиган; тез ғазабланиб, секин ўчадиган. Билингларки, буларнинг орасида энг яхшиси – ғазаби секин-аста келиб, тез кетадигани, энг ёмони эса ғазаби тез келиб, секин-аста тарқайдиганидир…”

Тақводорларнинг сифатларидан яна бири шуки, улар “одамларни афв этадиганлар”дир. Бундай сифатга эга кишига ғазабини ютишнинг ўзи кифоя эмас. Набий алайҳиссалом: “Ким унинг учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни афв этсин, бермаганга берсин ва орани узганга меҳр-оқибат кўрсатсин”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти). .

Оят сўнгида: “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади”, дейилди. Юқорида зикр қилинган сифатларнинг соҳиблари яхшилик қилувчи, меҳр-оқибатли кишилар бўлиб, улар Аллоҳ таолонинг муқарраб бандалари ҳисобланади.

Алижон МАТЁҚУБОВ,

Хива шаҳар “Саид Ниёз Шоликор” жоме

масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2022 йил 12-сонидан олинди

Read 1054 times

Мақолалар

Top