Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай марҳамат қиладилар: “Мўминнинг иши ажойибдир, ҳамма амалида унга яхшилик бор. Унга бирор хурсандчилик етса, шукр қилади, ўзига яхши бўлади. Агар унга бирор ёмонлик етса, сабр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади. Бундай имконият мўминдан бошқа ҳеч кимда йўқ” (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисда Набий алайҳиссалом ҳақиқий мўминнинг ҳар бир ҳолати мақтовга сазоворлигини зикр қилмоқдалар. Табиийки, инсон ҳаёти доимо ўзгариб туради: гоҳи шодлик, гоҳо ғам-ташвиш. Зеро, Аллоҳ таолонинг: «Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз...» деган ваъдасига биноан ҳар бир банда гоҳида ёмонлик, гоҳида яхшилик билан синалади.
Кишига бирор қийинчилик етганда чидаши, ўша азиятга сабр қилиши билан унинг Аллоҳга бўлган ишончи ва Унинг раҳматидан умидворлиги қандай экани маълум бўлади. Бундай синовга кўпчилик чидайди, ундан муваффақиятли ўтиши ҳам мумкин. Чунки мусибатга сабр қилишнинг замирида қазо ва қадарга иймон ётади.
Оят ва ҳадисларда сабр ва унинг фазилатлари ҳақида бисёр таъкидланган. Мусулмон киши доимо сабрга чақирилган. Жумладан, Қуръони каримда: “Албатта Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради” - деб марҳамат қилади. Демак, ким сабрли бўлса Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қозонади. Бошқа бир ояти каримада эса: “Ва сабрлари сабабли Аллоҳ уларни жаннат ва ипак (либослар) ила мукофотлайди” – деб баён қилинади.
Аммо яхшилик ва неъмат билан бўлган синовдан ўтиш оғир кечади. Воқелик шуни кўрсатадики, кўпчилик камбағаллик ва йўқсилликка чидайди, аммо сероблик ва фаровонлик келса, ўзидан кетади. Қўлига бойлик тушса, ҳовлиқиб қолади, исрофга берилиб, ҳатто ҳаром-хариш ишлар қилишга ўтади.
Мўмин киши Расулуллоҳни ажаблантирган яхшиликка эришмоғи учун неъматнинг шукрини қилмоғи лозим. Шукр нафақат тилда, балки амалда ҳам бўлиши матлуб.
Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳ Яманга сафар қилиб, Абдураззоқ Санъонийнинг ҳузурига кирди. У Саврийни гўштдан тайёрланган таом ва майиз билан меҳмон қилди. Таомлардан тўйиб баҳраманд бўлган Суфён ҳазратлари: – “Ҳатто эшакка ҳам кўп емиш берилса, кўпроқ хизмат қилади”, дедида, намоз ўқишни бошлаб то саҳаргача давом этди. Ваҳоланки, бадалига туни билан намоз ўқилишини тақозо қилган тўйиб овқатланиш Суфёни Саврий учун жуда нодир ҳол ҳисобланарди. У зот бу неъматга эришганининг шукрини шундай адо этди.
Бугун биз эртадан кечгача қанча таом еймизу, унинг шукрини қандай адо этяпмиз?
Аллоҳ таоло барчамизни неъматларга шукр қилиб, машаққатларга сабр қилиб, ҳар бир ҳолатини яхшиликка айлантириб савобга эришувчи бандаларидан қилсин!
Муҳаммад Юсуф