Мақолалар

Ҳазрат Умар жорий қилган болалар нафақаси

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳижрий 13 йил 21 жумодул охирдан 23 йил 26 зулҳижжагача, милодий ҳисобда 634 йил 21 августдан 644 йил 2 ноябргача мусулмонларга халифалик қилган[1].

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг халифа, мусулмонларнинг бош раҳбари сифатида олиб борган фаолияти намозга ўтиш, фатҳ ишларини бошқаришдангина иборат бўлмаган. У кишининг мақсади Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, шариат таълимотлари асосида, ҳаётнинг барча жабҳаларида намунали жамият қуришдан иборат эди.

Ислом аҳли пойтахти бўлмиш Мадинаи мунаввара шаҳрига савдогарлар карвони келиб тушди. Карвонда аёллар, ёш болалар ҳам бор эди. Халифа Умар ибн Хаттоб саҳобалардан Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга: “Карвондагиларни қўриқлашга вақтинг борми?” – дедилар. Икковлон кечаси билан карвондагиларни қўриқлаб, намоз ўқиб чиқишди. Умар розияллоҳу анҳу ёш боланинг йиғисини эшитиб, ўша томон бордилар ва унинг онасига: “Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхши қара!” – деб ортларига қайтдилар. Бола яна йиғлашда давом этди. Умар розияллоҳу анҳу яна унинг онаси олдига қайтиб келиб: “Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхшилик қил!” – деб: ортларига қайтдилар. Тун охирлаб қолганда яна боланинг йиғисини эшитган халифа ҳалиги онанинг олдига бориб: “Шўринг қурисин. Яхши она эмасга ўхшайсан. Кечаси билан ўғлинг тинчимади-я!?” – дедилар.

Қаршисида турган одам раҳбар эканини билмаган она худди қоровулга гапираётгандай: “Эй Аллоҳнинг бандаси, кечаси билан мени тинч қўймадинг. Ахир, мен уни кўкракдан ажратмоқчиман. У бўлса кўнмай, инжиқлик қиляпти”, – деди. “Нима учун?” – деб сўрадилар Умар розияллоҳу анҳу. “Чунки Умар фақат кўкракдан ажратилган болаларга нафақа тайин қилган”, – деди аёл. “Боланинг ёши қанчалик бўлди?” – дедилар Умар. “Фалон ойлик бўлди”, – деди аёл. Умар розияллоҳу анҳу: “Уни кўкракдан ажратишга шошилма”, – дедилар ва орқаларига қайтиб кетдилар. Сўнг халифа бориб, бомдод намозига имомликка ўтди. Намоздаги одамлар унинг йиғисидан қироатини ажрата олишмади. Бўлиб ўтган ҳодисадан қаттиқ таъсирланган халифа йиғлаб туриб намоз ўқир эди. Салом берганидан сўнг: “Умарнинг шўри қурисин! Мусулмонларнинг қанчадан-қанча болаларига зулм қилибди”, – деди ва жарчини чорлаб: “Болаларингизни кўкракдан ажратишга шошилманглар! Биз Исломда ҳар бир туғилган болага нафақа берамиз!” – деб жар солишга амр этди[2]. Бу ҳақда бошқа юртларга ҳам фармон юбордилар.

 

Хоразм вилояти, Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев

 

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи. –Тошкент: Hilol-nashr, 2018.Б  53

[2] Маҳмуд Шокир. Тарихи исломий. – Мактаби исломий, 1991.б 28

Read 1456 times

Мақолалар

Top