Мақолалар

Сўраган эдингиз... (12 та савол-жавоб)

Яқинда аёлим вафот эт­ди. У вафотидан олдин қайси қаб­ристонга кўмишни менга васият қилди. Лекин дафн куни отаси (қайно­там) бошқа қабристонга, яъни ўз уйига яқин жойга дафн этамиз деб туриб олди. Аёллар вафот этса, унга ким кўпроқ ҳақли бўлади? Отасими ёки эрими?

 

Ҳанафий мазҳабида аёл вафот этса, никоҳ узилган ҳисоб­ланади. Вафот этган аёлга отаси, ака-укалари, амакиси эридан кўра ҳақли бўлади.

Аёл вафот этганидан сўнг унинг васия­ти, агар молиявий бўлса, молининг дафн харажатларига сарфланганидан қолган умумий қисмини учдан биридан адо этилади.

 

Фарзанд оламдан ўтган ота­сининг номидан онасига маҳр берса бўладими?

Маҳр эрнинг зиммасидаги адо қилиниши зарур бўлган ҳақлардан биридир. Адо қилин­маган маҳрнинг насия қисмининг адо қилиш муддати эр-хотинлардан бирининг ўлими ёки ажралиши оқибатида якунига етган бўлади. Шунинг учун эр маҳрни бермасдан вафот этган бўлса, ундан қолган мол меросхўрларга тақсим қилинишидан олдин аёлнинг маҳри ажратиб берилади. Агар ҳеч нарса қолдирмаган бўлса ёки қолдирган моли етарли бўлмаса, аёл маҳридан кечиши мумкин.

 

Ҳожатхонада истинжо қи­либ бўлмайди, унинг суви ало­ҳида бош­қа жойга чиқиб кетиш керак”, дейи­шади. Шу тўғрими?

Ҳожатхонада истинжо қи­лишда ерга тегиб сачраган сув кийим ва баданларга сачраши эҳтимо­ли кўп бўлганидан у ерда истинжо қилиш жоиз эмас, дейилади. Агар истинжо учун бошқа жой топилмаса, у ерда эҳтиёт бўлиб истинжо қилишнинг зарари йўқ.

 

Намозга кечикиб келган одам такбири ташриқни айтадими?

Ҳа, намозга кечикиб келган одам, яъни масбуқ ҳам такбири ташриқни айтади. Китобларимизда қуйидагича ибора келади: “Масбуқ қол­дирган намозлари (ракатлари)ни ўқиб бўлиб салом бергач, такбири ташриқни айтади” (“Фатавои ҳиндия”).

 

Баъзида намоз вақти киришидан олдин азон айтилади. Шундай қилиш ҳам мумкинми?

Намоз вақти кирмасдан олдин азон айтиш тўғри эмас. Шариатимиз кўрсатмаси бўйича бу азон бекор бўлиб, бунинг ўрнига вақт киргандан кейин қайта яна азон айтилади.

Шундай экан, тақвимдаги намоз вақти киргандан кейин азон айтиш керак. Ундан олдин айтилмайди.

 

Касал одамга эҳсон пули бериб ёрдам қилса, у ўша пулларни ўзи ейдиган озиқ-овқатига ёки кийим-кечагига ишлатса бўладими? Эҳсон қилган одамни эҳсони қабул бўладими ёки фақат дори-дармон, касалхонасига ишлатиш керакми?

Эҳсон қилинган пуллар эҳ­сонни олган одамнинг мулкига айланади ва уни ўзи хоҳлагандай тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шундай экан, эҳсон берувчи ҳам: “Фақат дори-дармонга ишлатасиз” деб шарт қўймаслиги, эҳсон олувчи ҳам инсоф билан зарурий эҳтиёжига ишлатиши керак.

Эҳсонни қабул бўлиши эса – ихлос, му­ҳаббат ва айни ҳақдорга (яъни, ўз ўрнига) берилишига боғлиқ.

 

Яқинда кўзим операция бўл­ган. Устига-устак грижам ҳам бор. Сажда қилганимда кўзимга босим тушиб, грижам оғрияпти. Бундай ҳолатда қандай тартибда ибодат қиламан?

Бемор бироз вақт тик туришга қуввати етса, кучи етгунича туриб намоз ўқишни бошлайди ва намоз асносида толиқиб қолса, намозни ўтириб давом эттиради. Киши руку ва сажда қи­лолмаса, ўтириб руку ва саждани боши билан имо қилиб, намоз ўқийди. Бу ҳолда бошини рукуга эггандан кўра кўпроқ сажда учун эгади. Акс ҳолда, намози дуруст бўлмайди. У сажда қилиши учун бирор нарса баланд қилиб қўйилмайди. Руку ва саждани боши билан имо қилиб намоз ўқишга қодир бўлмаган бемор руку ва саждани кўзи, қоши ёки қалби билан имо қилиб, намоз ўқимайди.

 

Aқиқа учун эчки сўйса бўла­дими?

Ақиқа қилинадиган жониворлар тўрт қисмга бўлинади: туя, мол, қўй, эчки. Булардан ташқари жониворларни, жумладан от, кийик, курка, товуқ, хўроз кабиларни ақиқа қилиш жоиз эмас, бидъатдир.

 

Узум сиркасини истеъмол қилса бўладими?

Узум сиркасини истеъмол қилиш жоиз. Чунки сирка тайёрланиш жараёнида маст қилиш хусусияти­ни йўқотгач, сиркага айланади.

 

“Лабо” русумли автомобилим бор. Шу улов бошқа бир танишимга жу­да зарур экан. У янги “Лабо” хариди учун банкка тўлов қилди, янги машина 6 ойда берилар экан. Мен ўзимнинг автомобилимни унга 6 ойдан кейин заводдан чиқадиган янги автомобилни олиш шарти билан берсам бўладими?

Сиз айтгандай савдо қилиш жоиз эмас. Чунки янги “Лабо” савдо вақ­тида йўқ бўлгани учун уни тайин қилиб бўлмайди, шунинг учун савдо дуруст эмас. Бу савдо дуруст бўлиши учун машина муайян бир маблағ эвазига нақдга ё на­сияга сотилади.

 

Биз – 3 киши шерикликда ав­томобиль эҳтиёт қисмлари сав­доси билан шуғулланамиз. Мен маҳ­сулотларни етказиб беришга масъулман, иккала шеригим савдога масъул. Маҳсулотларни Қўқон, Тошкент ва баъзан Самарқанддан ўзимнинг шахсий машинамда келтираман. Бунинг учун 200 минг сўм йўлҳақи (бензин, газ учун) оламан. Бошқа киракаш кишига шу ишни айтсам, у камида 300–350 минг сўм хизматҳақи олади. Шу пулни олишим тўғрими? Яқинда бир илмли киши, “Сиз фақат машинангизга газ ва шунга ўхшаш харажатлар учун пул олишингиз мумкин, холос”, деди.

Сиз айтган ҳолатда йўл сафар харажатлари мол устига ёт­қизилади. Мол сотилгандан сўнг харажатлар чегирилиб фойда келишилган тартибда бўлинади.

 

Шариатимизда мушук савдоси жоизми?

Мушук савдоси жоиз. Чунки у билан сичқон ва зарарли ҳа­шаротлар зараридан сақланилади. Му­шукдан шу орқали фойдаланиш мумкин (“Фатҳул қадир”).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази (78) 150-33-44

“Ҳидоят” журналининг 12-сонидан олинди

 

Read 1412 times

Мақолалар

Top