Мақолалар

“Кўз тегиши” бор нарсами?

Баъзи бир кишилар “кўз тегиши бор” десалар, айримлар эса “кўз тегиши йўқ” деб жавоб беришади.

Хўш, аслида, Исломда “кўз” тегиши борми?

Ислом дини нуқтаи назаридан “кўз” тегиши бор нарсадир. Чунки унинг борлиги Қуръон ва ҳадисларда баён қилинган.

Аллоҳ таоло Қуръон каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, кофир бўлган кимсалар эслатма – Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқита ёзурлар ва шак шубҳасиз мажнундир, дерлар” (Қалам сураси,51-оят).

Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Ибн Касир тафсири”да “Ибн Аббос, Мужоҳид ва бошқалар айтади: “Кўзлари билан йиқита ёзурлар”дан мурод – кўзлари билан кўзларлар. Агар Аллоҳ сизни асраб, ҳимоя қилмаганида, душманликлари туфайли сизга ҳасад қилиб кўзлар билан ерга қулатар эдилар. Ушбу оятда кўз тегиши ва унинг таъсири борлиги ҳақ экани ва бу фақат Аллоҳнинг амри билан бўлиши мумкинлигига далил бор” дейилади.

“Кўз” тегиши бор эканлиги ҳақида яна Қуръони каримда: (Яъқуб (ўғилларини сафарга кузатар экан) айтди: “Эй ўғилларим (Мисрга) бир дарвозасидан кирманглар, балки бошқа-бошқа дарвозадан киринглар, Аллоҳнинг ҳукмини сизлардан қайтара олмайман, ҳукм ёлғиз Аллоҳдандир. Унгагина таваккул қиламан, таваккал қилувчилар Унгагина суянишсин!” (Юсуф сураси, 67-оят) дейилади.

Ушбу оят ҳақида “Тафсири ирфон”да: “Яъқуб алайҳиссалом ўғилларининг Миср сафарига ҳозирланганлардан сўнг ёмон назарлардан ўғиллари ҳимоясини ўйлаб: “Ҳаммаларингиз шаҳарга бир дарвозадан эмас, бошқа-бошқа дарвозалардан кириб боринглар. Чунки Аллоҳ ҳукм қилган бирор нарсани қайтаришга қодир эмасман”, дедилар. Бу гаплари билан Аллоҳ таолонинг иродасига зид сўзлаб қўймаслик учун ортидан: “Аллоҳ таоло мутлоқ ҳукмдордир, нима бўлса Унинг Ўзига таваккал қиламан, таваккал қилувчилар ҳам ёлғиз Унга суянишсин”, деб қўшиб қўйдилар. Кўз тегиши, яъни унинг зарарга аниқ сабаб бўлиши ҳақдир, лекин бу нарса фақат Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан бўлади. Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғилларига бир дарвозадан кирмасликни буюрганлари жумҳур муфассирлар наздида кўз тегишидан сақланиш лозимлигига далилдир. Кўз тегишининг зарарга зоҳиран сабаб бўлиши ҳақдир.

Имом Насафий: “Кўз тегиши одамни қабрга, туяни эса қозонга киритади”, деганлар. Мусулмон кишининг бирор нарса мафтун қилса, ҳайратга солса, унга барака тилаб дуо қилиши керак. Шундай қилса, унинг кўзи тегмайди.

Барака дуоси қуйидагича: “Табарокаллоҳу аҳсанул холиқийн. Аллоҳумма барик фийҳи”. Бирор кишининг кўзи тегиши маълум бўлса, уннг одамлар ҳузурига кириши ман этилади.

“Кўз”тегиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз ҳақдир. У кишини баландликдан қулатади”, деганлар (Имом Аҳмад, Табароний, Ҳоким ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни кўз тегишидан, ёмон назардан асрасин!

 

Руҳиддин АКБАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё

вилояти вакиллиги ходими.

Read 2822 times

Мақолалар

Top