Мақолалар

Китоб кўчириш билан тирикчилик қилган қори ва мужтаҳид олим

Мулла Али Қорининг ҳаёти ва ижоди

Алломанинг тўлиқ исми Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ибн Муҳаммад  Қори Ҳаравий Маккий Ҳанафий бўлиб, “Мулла Али Қори” номи билан машҳур[1].

Мулла Али Қорининг Ҳиротда туғилганлиги тўғрисида ҳеч қандай ихтилоф бўлмасада, туғилган санаси ҳақида аниқ маълумот йўқ. Чунки, ўша даврларда чақалоқ туғилганда унинг туғилган санасига эътибор бўлмагани сабабли инсонлар буни белгилаб қўйишга аҳамият бермас эдилар.[2]

Аммо, милодий 1606, ҳижрий 1014 йилда Макка шаҳрида вафот этганлиги тўғрисида эса барча тарихчилар бир хил фикр билдирганлар. Айрим манбаларда отасининг исми ҳақида тўхталиб, уни фақат Султон эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилган.

Мулла Али Қори туғилиб ўсган юрт – Ҳиротда дастлаб Қуръони карим илмини ўрганди. Сўнг уни ёд олди, тажвид илмини ўрганди ва устози – ўз даврининг етук олимларидан бўлган Муинуддин ибн Ҳофиз Зайниддин Ҳаравийдан дарс олди. У асосий илмини Ҳиротдаги ўша даврнинг энг машҳур шайхларидан ўрганди. Илм ўрганишининг илк давридаёқ кўпгина катта китобларни ўқиб ўрганиб пухта ўзлаштириб олди[3]. Ҳирот шаҳри Темурийлар ҳукмронлиги даврида давлат пойтахти, маънавият ва маданият ўчоғи ҳисобланар эди.

Мулла Али Қори туғилган вақтлар эса, Ҳиротда илм-фан гуллаб-яшнашининг орқага кетаётган ва маънавий муҳит инқирозга юз тутиб бораётган бир давр эди.

 Сафавийларнинг биринчи подшоҳи Исмоил ибн Ҳайдар Сафавий Ҳиротга келганда мусулмонларни зулм билан қатл қила бошлади. Шу сабабли Ҳиротдан кўплаб уламолар ўз юртларини ташлаб чиқиб кета бошлади. Шулар қатори Сафавийлар зулм-истибдоди кучайган бир даврда Мулла Али Қори ҳам ўз юртини тарк этиб, Маккаи мукаррамага жўнади. У сафар давомида кўплаб шаҳарларда бўлиб, у ерлардаги илмий давраларда қатнашади, уламолар билан суҳбат қуриб, уларнинг илмидан баҳраманд бўлди. Тарихчилар унинг Маккага жўнаган санаси аниқ фикр билдирмаган. Аммо, ҳижрий 952 йилда Маккага кириб борганини айтганлар.

Мулла Али Қори Маккаи мукаррама шаҳрига кириб истиқомат қила бошлади. Шу кундан бошлаб унинг ўз илмий фаолиятини олиб бориши учун тинч ва осуда ҳаёт бошланди. Машойих ва уламоларнинг дарс ҳалқаларида иштирок этди. Шу асрнинг кўпгина уламоларининг илмларидан баҳраманд бўлди ва илм олиш йўлида юксалиб борди.

Мулла Али Қори Ҳанафий мазҳабига мансуб бўлгани учун ҳам, мазҳаб ҳимояси йўлида инкорчиларга қарши, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шаънини ҳимоя қилиб раддиялар ёзди. Чунончи, у “ан-Ниқоя мухтасарул-виқоя” номли фиқҳга оид ҳанафий мазҳабидаги “Мухтасарул виқоя” китобига ёзган шарҳида барча аҳкомларни оят ва ҳадис билан исботлаб берган.

Алломанинг “Қори” деб номланишига сабаб, унинг қироат илмида моҳир ва пешқадам, бу илмнинг етук билимдони, мустаҳкам ва пухта эгаллаганидан далолат бериб, Ислом оламида ҳам Мулла Али Қори номи билан шуҳрат топган[4]. Бу борада ўзининг ёзган асарлари ва шарҳларида баён қилиб берилган.

Муҳаммад ал-Муҳиббий “Хулосатул-асар фи аъёнул-қорн ал-ҳадий ъашар” номли китобида: Мулла Али Қори фозил илм пешволаридан, ўз асрининг беназир олими, ибораларни тузатиш ва тадқиқ этишда ўта моҳир, имом, фақиҳ, муҳаддис, усул ва наҳв билимдони, муфассир, мутаккалим, мутасаввуф, тарихчи ва адабиётшунос олим бўлган. Унинг шуҳрати ва донғи бутун ислом дунёсига таралган бўлиб, унда ақлий ва нақлий билимлар мужассам эди. Суннати набавияга келсак, у бу борада етук мутахасис бўлган”, деб келтиради[5].

Мулла Али Қори ўз қўл меҳнати билан топган нарсаси билан ризқланарди. Унинг ҳар йили чиройли хат[6] билан бир нусха мусҳафи шариф ёзиб сотиши ва топган даромадининг бир йил давомида етиб туришини юқорида зикр қилиб ўтилди. Али Қорининг таржимаи ҳолини ёзган баъзи уламолар бир йилда иккита мусҳаф кўчиришини, иккисини сотиб, бирининг пулини Ҳарами шариф фақирларига садақа қилишини ва иккинчисининг пулини эса, ўз эҳтиёжи учун ишлатишини айтганлар. Бундан ташқари, ёзган мусҳафларининг атрофига тафсир ҳам ёзган. Бу тафсир ҳозирда Туркияда сақланади.

Шайх Муҳаммад  Абд ал-Ҳалим ан-Нумоний аллома Али Қори ҳақида шундай деган:

“Али Қори кутобларини сотиб топган маблағига қаноат қилиб яшарди. Шу қаноати туфайли у тақдирга ризолик, топганига кифоя қилиш даражасига етди. Одамларга кам аралашарди. Тақвоси ва ибодати кучли эди...”.

Мулла Али Қори Маккаи мукаррамада ҳижрий 1014 йил, Шаввол ойида (милодий 1606 йил, март ойида) вафот этди. Маккаи мукарраманинг машҳур ал-Муъалло қабристонига дафн қилинди[7].

Алломанинг вафоти ҳақидаги хабар Мисрга етиб борганида, Миср уламолари ал-Азҳар университетида у кишининг илм ва динда пешволигини тақдирлаб, кўпчилик бўлиб ғойибдан жаноза намозини ўқидилар. Намозда қатнашганлар сони эса тўрт мингдан ортиқ кишидан иборат эди. Бу эса, Ислом оламида алломанинг шуҳрати баландлигидан яна бир дарак беради [8].

 


Бобохон Бобохонов,

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,

Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор

жоме масжиди имом-хатиби

 

 

[1] Али Қори. Мирқотул мафотиҳ шарҳ Мишкотил масобиҳ. – Байрут: Дорул-фикр, 2001. Ж. 1. – Б. 16.

[2] –Ўша асар, – Б. 17.

[3] Абдулмалик ал-Асомий аш-Шофеъий.Сумтун-нужум ал-авали ват-тавали. Ал-мактабатуш-шомила, Ж. 4. – Б. 393.

[4]Муҳаммад ал-Муҳиббий. Хулосатул-асар фи аъёнул-қорн ал-ҳадий ашар. ЎзФАШИ, тошбосма, инв. № 8130. – Б. 185.

[5] –Ўша асар, – Б. 20.

[6] Мулла Али Қори сулс ва насх турларида жуда моҳир хаттот ҳам бўлган.

[7] Абдулмалик ал-Асомий аш-Шофеъий. Сумтун-нужум ал-авали ват-тавали. Ал-мактабатуш-шомила, Ж. 4. – Б. 394.

[8] Аш Шавконий. Ал-Бадрут-Толеъ. – Қоҳира: Дорул-кутуб ал-исломий, 1909. – Б. 90.

Read 1429 times

Мақолалар

Top