Мақолалар

Қироат илмига тегишли истилоҳлар

Ҳар бир илмда бўлгани каби, қироат илмида ҳам бир қанча истилоҳлар мавжуд. Уларни яхши фарқламай туриб, бу борада бирор нарсани яхши англаш қийин. Уларнинг асосийлари «ҳарф», «қироат», «ривоят», «тариқа» истилоҳларидир.

Қироат илми истилоҳида «ҳарф» деб бир калиманинг маълум бир шаклда ўқилишини айтилади. Масалан, имом Ҳамза Ибн Абу Лайлодан айрим ҳарфларни олган, дейилса, имом Ҳамза баъзи калималарни Ибн Абу Лайлодан маълум бир шаклда ўқишни ўргангани тушунилади. Шунингдек, ҳарф сўзи умумий бир услубда ўқишга ҳам ишлатилади. Масалан, Алқама Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳарфида ўқирди, дейилса, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатида ўқирди, деб тушунилади.

«Қироат» сўзи луғатда «ўқимоқ» деган маънони англатади. Қироат илми истилоҳида эса  «қироат» деганда Қуръон ўқиш илми имомларидан бирининг Қуръон ўқишда нақл ва ривоятга асосланган ҳолда бошқа имомлардан бошқача йўл тутиши, қироат қилиши тушунилади. Бунда турлилик бир нутқ товуши ўрнига бошқасини айтишда бўладими  ёки нутқ товушларини талаффуз қилишда турлича нутқ қилишда бўладими, барибир.  Бошқача қилиб айтганда, бирор қироат имоми томонидан йўлга қўйилган маълум ҳарфларнинг тартибли равишдаги жамланмаси «қироат» бўлади.

Банно раҳматуллоҳи алайҳи: «Қироат – Қуръон калималарини адо этиш ва нақл қилувчига нисбат берган ҳолда улардаги турлиликларни билиш суратидир. У суннат ва ижмога асосланган бўлади», деган.

Закарийё Ансорий раҳимаҳуллоҳ: «Қироат – бу Қуръоннинг ҳар бир бўғинини устозлар ўргатгани каби ўқишдир», дейди. Ушбу таърифлардан маълум бўладики, қироат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ишончли кишилардан иборат муттасил, яъни  узлуксиз санад билан нақл қилинган бўлиши шарт, бўлмаса қироат ҳисобланмайди. Мазкур ўн қироатнинг барчасида бу шарт мавжуд.

«Ривоят» аслида «сув билан қондириш» маъносидан келиб чиққан. У луғатда бирор хабарни кўриб ё эшитиб, нақл қилишни англатади. Қироат илмида эса, «ривоят» атамаси бирор қироат имомининг қироати шогирдлари томонидан нақл қилинишига ишлатилади. Қироат имомлари қироатда айрим ўринларни икки-уч хил ўқиган ва одатда унинг бирини бир шогирдига, иккинчисини бошқасига ўргатган. Унинг қироатидаги бу турлилик шогирдларининг нақлида акс этган. Шу боис, бир қироатнинг ривоятлари орасида бироз фарқ мавжуд. Хуллас, имомнинг қироатини ўрганиб, бошқаларга ўргатиш «ривоят» бўлади ва бу ишни амалга оширган шогирд «ровий» деб юритилади.

«Тариқа» луғатда «йўл», «тутум» маъноларини билдиради. Истилоҳда эса  қироат ровийларидан бирор қироат имомининг қироати бошқалардан фарқли нақл қилинишига айтилади. Қироатдаги ровийдан қуйида бўлган ҳар қандай ўзига хос йўналиш «тариқа» дейилаверади.

Мисол: Имом Осим Қуръони каримни тобеинлардан ўзи ўрганган шаклда қироат қилган бўлиб, унинг ушбу ўзига хос ўқиши «қироат» дейилади. Унинг қироатини Ҳафс ва Шуъба деган шогирдлари ривоят қилган. Аммо Осим айрим калималарни икки-уч хил ўқитган. Уларнинг бир турини Ҳафс, иккинчисини Шуъба ривоят қилган. Ҳафс ривоят қилгани «Ҳафснинг Осимдан қилган ривояти» деб, Шуъба нақл қилгани «Шуъбанинг Осимдан қилган ривояти» деб юритилади. Ушбу ровийлар ҳам имомдан ўрганган қироат турларини маълум тартибга солиб шогирдларига таълим берган ва бошқа имомлардан ҳам айрим ҳарфларни нақл қилган. Натижада уларнинг қироатларида ҳам айрим калималарнинг ўқилишида турлилик юзага келган. Бу ҳарфларнинг бирини бир шогирди нақл қилган бўлса, иккинчисини бошқаси нақл қилган ва бу ҳолат «тариқа» деб юритилган.

Масалан, Амр ибн Сабоҳ ва Фазл ибн Яҳёлар Ҳафсдан Қуръон ўрганар экан, унинг айрим ҳарфларини Амр, айримларини Фазл нақл қилган. Амр нақл қилгани «Амрнинг тариқаси» деб, Фазл ривоят қилгани «Фазлнинг тариқаси» деб айтилган. Худди шунингдек, ровийнинг шогирдлари ҳам ўзлари ўрганган қироатдаги турли ҳарфларни шогирдларига таълим берган ва улардан ҳам бу турлиликни шогирдлари нақл қилган. Аммо унинг бир қисмини бир шогирд нақл қилган бўлса, бошқа қисмини иккинчи бир шогирд нақл қилган. Туруқлар шу зайлда вужудга келган. Ровийнинг ва ундан кейинги барча табақалар қироатидаги турлилик истилоҳда «тариқа» деб юритилган.

Шунга кўра, имом Шотибий ўз санади орқали Ҳафснинг қироатини ривоят қилган бўлса, имом Жазарий бошқа бир санад орқали Ҳафснинг яна бир қироат йўналишини нақл қилган. Уларнинг орасида йигирматача фарқ бор, холос. Ушбу фарқ сабабидан олдингисини «Шотибий тариқаси», кейингисини «Жазарий тариқаси» деб юритилади. Асосий фарқ қироатларда бўлади. Ривоятларда фарқлар анча кам бўлади, тариқаларда эса фақатгина саноқли тафовут учрайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур қироат, ривоят ва тариқаларнинг барчаси илмий асосда саҳобалардан нақл қилинган. Бунда ҳеч ким бирор ҳарфни ўзича ўқиши мумкин бўлмаган, фақат нақл асосида иш кўрилган. Шу билан бирга, уларни мазкур қори, ровий ва тариқа эгаларидан бошқа ўнлаб, юзлаб кишилар ҳам нақл қилган. Мазкур кишилар ўша қироат, ривоят ва тариқаларда Қуръон ўқишда бошқалардан машҳур бўлиб кетгани, шу билан ном чиқарганлари учун уларга нисбат берилган, холос.

Йигирманчи асрнинг кўзга кўринган қироат уламоларидан мисрлик Абдулфаттоҳ Қозий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Қироатнинг муайян бир шахсга нисбат берилиши ўша киши шундан бошқа қироатни билмайди ёки бу қироатни ундан бошқалар билмайди дегани эмас. Аксинча, бир қироатнинг бир кишига нисбат берилиши мазкур қироатга унинг моҳир ва билимдон бўлганини, ўша қироатни кўп ўқиб, ўқитганини билдиради, холос. Бу эса, албатта, унинг бундан бошқа қироатларни билишини, бу қироатни ундан бошқалар ҳам ривоят қилишини тўсмайди».

“Имом Бухорий” номидаги Тошкент ислом институти

 4-курс талабаси Мухторов Мавлонбек

Read 1147 times

Мақолалар

Top