Мақолалар

Расулуллоҳни севиш иймондандир

Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, сизлардан бирор киши, мен унга отаси, боласи ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча, у мўмин бўла олмайди”, дедилар (Имом Бу­хорий ривояти).

“Бу ҳадисда қандай муҳаббат назарда тутилган, табиий ёки ихтиёрий?” деган савол туғилса, жавоби бундай: «Табиий муҳаббат кишининг ихтиёрида бўлмайди. Чунки Пай­ғамбаримиз алайҳиссалом Ойша онамизни бошқалардан кўпроқ яхши кўрганлар. Оналаримиз хусусида: “Ё Аллоҳ, бу менинг қодир бўлганим нарсадаги тақсимотим. Сен Ўзинг эгалик қилган ва мен эгалик қи­лолмайдиган нарсада мени маломат қил­ма”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ҳадисда ихтиёрий муҳаббат ирода қи­линган. Ихтиёрий муҳаббатни инсон касб қила олади. Яъни, инсон тафаккур ва тадаббур қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом­нинг барчадан кўра муҳаббат ва таъзимга лойиқ эканларини билади».

Абдуллоҳ ибн Ҳишом розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттоб ро­зийаллоҳу анҳунинг қўлидан тутиб турганларида, у киши: “Ё Расулуллоҳ, сизни барча нарсадан яхши кўраман. Фақат ўзимдан кўра яхши кўролмаяпман”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Йўқ, жоним измида бўл­ган Зот ҳаққи, ўзингдан ҳам яхшироқ кўрмагунингча мўмин бўлолмайсан”, дедилар. Умар розийаллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасам, энди сизни ўзимдан ҳам яхшироқ кўрдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ана энди бўлди, эй Умар”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ашраф Али Таҳонавий раҳма­туллоҳи алайҳ ҳадисни бундай шарҳлайди: «Ҳадисда ихтиёрий муҳаббат назарда тутилган. Чунки табиий муҳаббат инсон­нинг ўзига боғлиқ эмас. Ҳазрат Умар розий­аллоҳу анҳунинг: “Фақат ўзимдан кўра ях­ши кўролмаяпман” деганидан ихтиёрий муҳаббат эмас, балки табиий муҳаббат англашилмоқда.

Шунда Набий алайҳиссалом сўзларидаги муҳаббатдан эса табиий муҳаббат эмас, балки ихтиёрий муҳаббат ирода қилингани тушунилади. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломга: “Аллоҳга қасам, энди ўзимдан ҳам яхшироқ кўрдим” дер экан, динда лозим бўлган муҳаббатдан мурод ихтиёрий муҳаббат эканини билиб, уни изҳор этди ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ана энди бўлди, эй Умар”, дедилар. Яъни: “Тўғри, сен энди тушундинг. Ихтиёрий муҳаббат бўлиши лозим”, дедилар».

Манбалар асосида

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти талабаси

Моҳигул АНВАРОВА

тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2023 йил 3-сонидан олинди

Read 922 times

Мақолалар

Top