Мақолалар

Киши Исломининг гўзаллиги нимада?

Бугун оммавий ахборот воситаларию ижтимоий тармоқларни кузата туриб, дунёда кечаётган зилзилаю тўфонлар, касаллигу жиноятлар, одам савдоси, урушлар, коррупция, террорчилигу очарчилик каби нохуш хабарлар тарқатилаётганига гувоҳи бўламиз. “Ҳаёт борган сари ёмонлашиб кетяпти” деган ваҳимага тушасан, киши.

Дунё аслида ҳам шундайми?

Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маслаҳатчиси Ҳанс Рослинг бундай ёзади: “Бугун жаҳон ахборот маконида дунёда рўй бераётган нохуш ҳодисалар узлуксиз  бериб борилади.Чунки бундай воқеалар нейтрал ва яхши янгиликлардан кўра таъсирлироқ ва омма орасида тез тарқалади. Хабар тайёрловчилар ҳам шу мазмундаги янгиликларни саралайди ва аудиторияни жалб қилиш учун турли усулларни ўйлаб топади.

Яхши хабар – янгилик эмас. Шу боис улар деярли эълон қилинмайди. Агар янгиликларда бирор шов-шувли хабар бўлмаса, ўша дастур эътироф этилмайди. Одатда кишилар ижобий маънодаги ахборотни эшитмайдилар. Ёмон янгиликларнинг кўпайиши баъзида дунёнинг ёмонлашуви билан эмас, балки мусибат ҳақида кўпроқ ахборот берилаётганини англатади”.

Албатта, Ҳанс Рослингнинг гапларида жон бор. Чунки оммабоп сайту ижтимоий тармоқларнинг аксарият янгиликлари нохуш воқеа-ю хабарларга бой. Уларда энг кўп ўқилган ёки кўрилганлари ҳам “ўлдирилди”, “ҳалок бўлди”, “портлатилди” каби шов-шувли янгиликлардир. Ижтимоий тармоқларда ҳам бундай хабарлар тез оммалашади.

Психологларнинг таъкидлашича, ҳар қандай ахборот киши онг остида сақланади. Доимий равишда нохуш хабар ва видеоларни кўриш эса руҳиятга салбий таъсир этади. Оқибатда киши бағритош, жиззаки бўлиб қолади. Демак, бундан ён-атрофимиздаги инсонлар нега бунчалар бемеҳр, худбин ношукр бўлиб кетаётгани англашилади.

Киши нега шов-шувли салбий ахборотларга қизиқади? Бу ҳақда Қуъони каримда: «Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир» , деб марҳамат қилинади  (Юсуф сураси, 53-оят).

Абу Ҳомид Ғаззолий эса: “Инсон нафси Aллоҳ таоло томонидан ёмонликка етакловчи, унга мойил ҳамда яхшиликдан қочувчи қилиб яратилган”  дея таъкидлайди. Демак, инсоннинг ёмонликка қизиқиши ва яхшиликка беъэтибор бўлиши бежиз эмас. Бу унинг тийнатида бор. Нафсни тўғри йўлга солиш, тарбиялаш эса инсоннинг  зиммасида.

Бу ҳақда Қуръони каримда «Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур» деб марҳамат қилинган (Нозиот сураси, 40-41‑оятлар).

Нафсимиз вақтни беҳуда сарфлашга, телефонимизда келаётган турли видео ва хабарни соатлаб кўришга ундайди. Лекин вақтдан унумли фойдаланиш, кераксиз нарсаларга вақт сарфламаслик ихтиёримиздадир. Мусулмон киши одамларга манфаат берадиган илмларни тарқатишга интилиши керак.  

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сенга манфаат берадиган нарсага иштиёқманд бўл ва Аллоҳдан ёрдам сўра!”  деганлар. (Имом Муслим ривояти).    

Демак, мўмин киши ўзига ва бошқаларга манфаат келтирадиган ишларга иштиёқманд бўлиши зарур.

Зеро, Али ибн Ҳусайн розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, беҳуда нарсаларни тарк этиши киши Исломининг гўзаллигидандир”, деганлар». (Имом Термизий ривояти).

 Бобур МУҲАММАД

Read 919 times

Мақолалар

Top