Мақолалар

Шаввол тугашига оз қолди!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бугун милодий ҳисоб бўйича 2023 йил 8 май, ҳижрий санада эса Шаввол ойининг 18 санаси. Муборак Рамазон ойини кузатганимизга 18 кун бўлди. Яна 12 кундан кейин Шаввол ойи ҳам ўз ниҳоясига етади. Шаввол ойида 6 кун рўза тутишни унутмадингизми? Ёдингиздан кўтарилган бўлса эслатиб қўйишни лозим деб топдик. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур" (Зориёт сураси, 55-оят).

Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутганнинг савобига ноил этади.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.

Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 909 times

Мақолалар

Top