Мақолалар

Хотира ва қадрлаш куни

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Маълумки, мамлакатимизда ҳар йили “Хотира ва қадрлаш куни”ни ўтганлар хотирасини ёдга олиш, кекса инсонларни қадрлаш сифатида нишонланади. Ислом дини ўтганларни эслаш ва уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб дуо қилиш бордир. Бу ҳақда “Қуръони карим”да бундай дейилади: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “ Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Сен раҳмли ва меҳрибон зотдирсан” (Ҳашр сураси, 10-оят).

Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидандир. Эл-юртининг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Ана шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган боболаримиз, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган нуроний момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш бугунги кунда янгича маъно-мазмун билан бойиди.

Бу жиҳатлар юртимизда кенг нишонланаётган хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларда, она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи юртдошларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиромда янада яққол намоён бўлади.

Асли мукаррам қилиб яратилган инсон доимо ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Айниқса умри давомида кўплаб хайрли ишларни қилиб ҳозирда қарилик ёшига етган нуроний отахонларимизни, азиз момоларимизни қанча улуғлаб, эъзозласакда оз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида ҳам ёши улуғларимизни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш борасида кўплаб кўрсатмалар келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса, каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган, унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни, адолатли ҳукмдорни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ёши улуғларни ҳурматлаш фақатгина дунёвий одоб-ахлоқ, бурч, вазифагина бўлиб қолмай, балки Аллоҳ таолонинг наздидаги буюк ва савобли иш ҳисобланар экан.

Дарҳақиқат, ҳаётий дунёда яшаб, ўзидан кўплаб яхшиликлар қолдирган, халқнинг хизматида камарбаста бўлиб, фоний дунёдан риҳлат қилган аждодларимизни эслашимиз ҳам барчамизга лозим вазифа ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Албатта, ўтган аждодларимизни эсласак, уларнинг ҳаққига дуо қилсак, буни кўриб турган фарзандларимиз бундан яхши ибрат оладилар. Бу ҳақда шоир шундай дейди:

Бу садо жондан келур, инсон эшит,

Эй тирик юрган, тирик қадрига ет.

Эсласин руҳимни авлодим десанг,

Ўтган аждодингни сен ҳам ҳурмат эт.

Зеро, ўтганларни эслаш ва уларнинг ҳаққига истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Аллоҳ таоло ўтган аждодларимизни Ўз раҳматига олиб, халқимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги йўлида хизмат қилган инсонларнинг қадрини янада баланд қилсин!

 

Раҳматуллоҳ домла УСМОНОВ,

Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби.

Read 1458 times

Мақолалар

Top