Мақолалар

Дуо қабул бўлишининг одоблари

Аллоҳ таоло “Ғофир” сурасида бундай марҳамат қилади: “Менга дуо қилинглар. Дуоларингизни ижобат қиламан”. Бақара сурасида эса: “Агар бандам Мен ҳақимда Сиздан сўраса, эй Муҳаммад алайҳисалом, мен унга яқиндирман. Дуо қилгувчининг дуосини қабул қиламан”, деб марҳамат қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида дуо ҳақида гапириб, “Дуо ибодатларнинг мағзидир”, деганлар.

Дуо ижобат бўлиши учун унинг одоблари ва қоидаларини билиш талаб этилади. Булар қуйидагилар:

  1. Ейиш-ичишда ҳаромдан узоқ бўлиш ва ҳалол луқмага одатланиш.
  2. Аллоҳга ихлос билан дуо қилиш. Ихлос дуо одоблари ичидаги энг улуғ тушунчаларидан бири бўлиб, у иймоннинг гавҳари ўлароқ, дуо ижобат бўлишида муҳим. Ихлоссиз қилинган дуонинг самараси бўлмайди.
  3. Таҳоратли бўлиш. Дуо қилган инсоннинг покиза ҳолатда бўлиши сўралган истаклар ижобатида катта аҳамиятга эга.
  4. Қиблага юзланиб дуо қилиш. Аллоҳга ибодат қилишда қараладиган томонга юзланиб, дуо қилиш ҳам саодатли амаллар сирасидандир. Бу дуолар ижобатида катта ўрин тутади.
  5. Аллоҳга ҳамду сано айтиб дуо қилиш.
  6. Пайғамбар алайҳиссаломга салом ва салавот айтиш.
  7. Икки қўлни кўкрак баробар ёзиб кўтарган ҳолда дуо қилиш.
  8. Одоб билан, хушуъ-хузуъ, сакинат билан Аллоҳ таолодан қўрққан ҳолатда дуо қилиш. Чунки у бутун оламларнинг Робби, барча маҳлуқлар Яратувчиси, ҳар бир бандасини ризқлантирирувчи Зотга дуо қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Унга тазарру қилган ҳолатда дуо қилишни буюрди.
  9. Унинг улуғ исмларини тилга олган ҳолда дуо қилиш. Аллоҳ таоло Ўз каломида “Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Бас, Унга гўзал исмлар билан дуо қилинглар”, деб марҳамат қилди.
  10. Ўз гуноҳларини эътироф қилиб, тавба-тазарру қилган ҳолда дуо қилиш.
  11. Қатъият, рағбат ва жидду жаҳд билан Аллоҳдан сўраб, дуо қилиш.
  12. Қалбни дуога ҳозирлаб, илтижо билан Аллоҳдан сўраш.
  13. Дуони қайта-қайта, такрор-такрор сўраш.
  14. Дуо қилганда шошмаслик. Яъни “Аллоҳдан сўрагандим, дуоим қабул бўлмади”, демаслик. Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳисалом айтдиларки, “Сизларнинг бирортангиз дуо қилсангиз, бу дуо, албатта ижобат бўлади. Агар шошилмасангиз”.
  15. Дуолар қабул бўладиган улуғ вақтларни кутиб, ўша чоғда дуо қилиш.
  16. Бу шундай ҳолатларни ғанимат билиб дуо қилишликки, сажда вақти, ёмғир ёғаётган пайтларда ўзини камтар тутган ҳолда Аллоҳдан сўраш.

Дуонинг ижобат бўладиган вақтлари ва ҳолатлари ҳам мавжуд. Айнан шундай вақтларда қилинган дуоларнинг ижобат бўлиши айтилади.

-Қадр кечасида қилинган дуо;

-Арафа кунида қилинган дуо;

-Рамазон ойларида қилинган дуо;

-Жума куни кечаси қилинган дуо;

-Жума куни қилинган дуо;

-Кечанинг ўртасида қилинган дуо.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилади, Ё Расулуллоҳ! Дуоларнинг қайси бири қабул бўлувчироғидир?”, деб сўралди. У зот алайҳиссалом: “Кечаси туриб, дуо қилишлик ва фарз намозлари кетидан қилинган дуолардир”, деб жавоб бердилар.

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли

Read 1536 times

Мақолалар

Top