Агар Байт ёнида турса, ўзи дунё талабида келган бўлса-да, ўзини Байт ёнида туриш учун келгандек кўрсатади. Аслида катта бир тижорат учун келган, моллари орқасидан турли тарафдан келаётган бўлади. У тавофда югуриб, ҳамроҳларига: “Бугун шунча тавоф қилдим”, деб мақтанади. Унда фақат кучи кўплигидан гердайиш, манмансирашгина бор. Аллоҳ таолога тазарру қилиш, ёлворишнинг асари ҳам йўқ. У бу ерда туриб, юртидан келиб: “Сенга қандай яхши”, деювчиларга қулоқ солади. Балки уларга Байтга киргани, тавоф қилгани билан мақтанади.
Ўз юртидан келганлардан ўзини юқори олишини кўрасан. Агар одамлардан узлатга чиқиб, хилватга кирса, хасис бўлади, ҳақларини бермайди, хулқи ёмон бўлади ва муомаласи йўқолади. Бир хабарда ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: “Биёбонда яшаб, дарахтлар шохидан озиқланадиган якка қуш каби бўлгин. У қуш ҳар кеч тушганида бошқа қушлардан қочиб, Роббиси ёди билан ёлғиз тунайди”. Аллоҳ бу тур қушни бандаларга ибрат, уларга қарши ҳужжат бўлиши, бандалар одамлардан ажралиб, Аллоҳ ёди билан яшаш қандай бўлишини билишлари учун яратган.
Ўзини саёҳатчи атаб, юрт кезган бу киши эса, ўзини ҳалокатга ташлагандир. Агар хотиржам бўлмаса, у муроқаба қилувчидир. Ҳар сафар нафси ҳаддидан ошиб, узоқ йўқ бўлиб кетса, одамлар билан аралашиб кетади. Қалби улар билан учрашишга боғланиб қолади. Улар томон қочади ва нафсидан тийилади. Агар хотиржам бўлиб, уларга яқин бўлса, қалби уларга боғланса, уларга аралашса, бу кишини нафси алдаб қўйгандир. У хилватида ғам-қайғуси кўпайганида кучайиб олиши учун нафсига дам беради.
Агар нафсига озроқ дам берса, кўп турмай қалби садақа фойдаларидан холи бўлиб қолади. Агар биродарларни зиёрат қилса, буни учрашиб хурсанд бўлиш, хотиржам бўлиб, ғайрат билан қилади, Аллоҳдан ҳимоя сўраб қилмайди. Ёмонга учрашишдан Аллоҳ паноҳ беришини сўраймиз. Бизга етиб келишича, Суфён Саврийнинг олдига бир биродари келибди. Келса, эшик ёпиқ экан, киришга изн сўрамай, ортига қайтибди. Унга: “Фалончи келди. Эшигинг ёпиқ экан. У сен билан учрашганда ўрталарингда нима бўлишини билиб олардим”, дейишди. У: “Фалончи менга сендан яхши қарар эди. Учрашишда фақат у менга чиройли кўринишга ҳаракат қилади, мен унга чиройли кўринишга ҳаракат қиламан”. Шунда ҳалиги гапирган киши йиғлади ва: “Аллоҳ сени тирилтирсин, мени тирилтирдинг”, деди. Фузайлга Жарир Розийнинг ҳаж қилгани, эртага уни кўргани келиши хабари келди. Фузайл ташқаридан қулф солиб қўйишни буюрди. Жарир келса, эшик ёпиқ экан. Қайтиб кетди. Фузайлга оиласидан бири деди: “Жарир келиб, сизни тополмади”. У: “Бу унинг менга ясаниши ва менинг унга ясанишимдан бошқа нарса эмас”, деди. Алданганлар ўзларидан бу нарсани излаб кўришмади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтдилар: “Ким одамлар учун ўзини ўзида йўқ нарса билан чиройли кўрсатса, Аллоҳ уни хунук кўрсатади”. Бизга Ибн Абу Ҳассон Афлаҳ ибн Ҳумайддан, у Али ибн Ҳусайндан, у отасидан ривоят қилади. Али розияллоҳу анҳу ушбу калималар билан кўп дуо қилардилар: “Ё Аллоҳ, мен Сендан менинг ташқи кўринишимни одамлар кўзига чиройли қилиб, Сен билан холи қолганимда ботинимни хунук қилишингдан паноҳ сўрайман. Менда ўзинг билган нарсаларда одамларга чиройли кўринишни истаб, одамларга яхши ишларимни кўрсатишдан ва Сенга энг ёмон амалларимни тақдим этишдан асра. Одамларга, гўёки савоб улардану, жазо Сендан эмасдек, яхшиликларим билан яқинлашиб, улардан Сенга ёмонликларим билан қочишимдан асра. Шу сабабли менга ғазабинг етишидан Ўзинг асра, ё Раҳмлиларнинг Раҳмлиси”.
Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан
Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.