Улуғ тобеин Товус ибн Кайсон раҳимаҳуллоҳ отани ҳурмат қилиш ҳақида бундай дейди: “Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдан: олимни; соч-соқолига оқ оралаган мусулмонни; султонни ва отани. Киши отасини исми билан чақирса, унга жафо қилган бўлади”.
Ота ва она – улуғ неъмат. Улар фарзандларининг улғайиши йўлида ўзларини шамдек фидо қиладилар.
Ҳозирги кунда айрим ёшлар отасиз ўсмоқдалар. Бунинг бир неча сабаблари бор:
1) отаси вафот этган;
2) ота-онаси ажрашган;
3) отаси узоқ йиллардан бери сафарда;
4) ота фарзандларига эътиборсиз, ўз ҳолига ташлаб қўйган.
Оилада отанинг йўқлиги ўғилдан кўра қизга кўпроқ ёмон таъсир кўрсатиб, тушкунликка туширади. Ота меҳрига зор ўсган бола ўсмирлик даврини ҳамма нарсадан безган, руҳан синиқ ҳолатда ўтказади.
Ота тарбиясини олиб ўсган фарзанд қатъиятли, иродали, ўктам ва вафодор бўлади. Ҳар қандай ташқи таъсирдан ўзини ҳимоя қила оладиган, ўзининг шахсий фикрига эга инсон сифатида шаклланади. Оила бошлиғи бор хонадонда бола доимо “мен ҳимояланганман” деган ишонч билан хотиржам юради.
Отанинг асосий вазифаси едирмоқ, кийинтирмоқ эмас, балки тарбия, ибрат, гўзал ўрнак бўлишдир. Айримлар бола тарбиясини “онанинг иши” деб хато қилади. Тарбияда отанинг ҳам, онанинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Охунжон ГУЛАҲМЕДОВ,
Сариосиё тумани “Абдураҳмон ҳожи ота”
жоме масжиди имом-хатиби
"Ҳидоят" журналидан