Мақолалар

Сўраган эдингиз...

 

Савол: Одатимизга кўра, никоҳ ўқилаётганда келиндан уч марта розилик сўралади. Эшитишимча, биринчи сўралганда розилик берилса, қизга кўп савоб тегармиш. Шариатимиз биринчи сўралганда розилик беришга чақирар экан. Шу ростми?

Жавоб: – Никоҳ ўқиш чоғида қиздан учинчи марта розилик сўралганда жавоб бериш керак, деган гап йўқ. Агар никоҳланишни сўраган йигит билан турмуш қуришга рози бўлса, розилиги сўралган заҳоти розилигини айтгани яхши.

 

Савол: – Уйда Ёсин сураси ўқилса, назри бор, дейишади. Шунинг учун уни ҳар ким ҳам уйда ўқийвермас экан. Назрини бермаса, бирор фалокат бўлармиш. Шу гаплар ростми?

Жавоб:  Йўқ. Ҳар бир мусулмон уйида бўладими ё бошқа жойда бўладими Қуръони каримни доим ўқиб юришга одатланиши керак. Чунки Қуръони каримни ўқиш ибодатдир. Саволдаги “Уйда Ёсин сурасини ўқиса, назри бор”, деган гап асоссиздир.

 

Савол: – Жума ва чоршанба куни бола бино бўлса, катта бўлганда ота-онани ҳурмат қилмайди, яхши бола чиқмайди, деган гапларни эшитдим. Бу қанчалик тўғри?

Жавоб: – Боланинг ота-онани ҳурмат қилиши унга бериладиган таълим-тарбияга боғлиқ. Туғилган ёки бино бўлган кунига боғлиқ эмас. Динимизда муайян кун ёки маълум нарсалардан шумланиш йўқ.

 

Cавол:Ёш боладан сажда оятини эшитсак, бизга сажда қилиш вожиб бўладими?

Жавоб: – Балоғатга етмаган бола сажда оятини ўқиса ва уни балоғатга етган кишилар эшитса, сажда қилиш вожиб бўлади. Лекин балоғатга етмаган боланинг ўзига сажда қилиш вожиб бўлмайди.

 

Cавол:“Қўшкелин туширмаслик керак, чунки бу келин-куёвларнинг бахти бўлинади”, деган гап тез-тез қулоққа чалинади. Яъни бир жуфтлик фарзанд бўлса, иккинчиси фарзандсизликдан азият чекади ёки бири вафот этади, оғир касалликка чалинади деган гап тўғрими?

Жавоб: – Йўқ. Биз мусулмонлар тақдирнинг яхшисию ёмони Аллоҳ таолодан эканига имон келтиришимиз лозим. Никоҳланиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир. Савоб ишлардан эмас, гуноҳ ишлардан қўрқиш керак.

Диёримизда қўшкелин туширилган жуда кўп оилалар бахтли-саодатли ҳаёт кечиришмоқда.

 

Cавол: Эркак киши платина (оқ олтин)дан ясалган соат тақиши мумкинми?

Жавоб: – Платина тилла аралаштирилмаган соф ҳолатда бўлса, ундай соатларни эркаклар тақиши жоиз. Чунки соф платина олтин ҳисобланмайди.

Агар олтин қотишмаси таркибига никел ёки палладий қўшилса ҳам олтин оқиш рангли бўлади. Ундан ясалган соат ёки узукни эркаклар тақиши жоиз эмас. Соф платина ёки оқ рангли олтинни ажратиб олиш учун мутахассисларга мурожаат қилиш лозим.

 

Савол:Эр ёки хотин вафот этса, никоҳ бузилади деб ўқиганман. Ҳазрат Aли розийаллоҳу анҳу Фотима онамизни ўзлари ғусл қилдириб ўзлари кафанлаган-ку!

Жавоб: – Бу Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳуга хос ҳукмдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розийаллоҳу анҳуга Фотима сени дунёдаги ва охиратдаги аёлинг, деганлар.

 

Cавол:Ижтимоий тармоқларда ота-онанинг оёғини ўпиш ҳақида тарғиботлар кўпаймоқда. Шу иш жоизми? Улуғларимиз шундай қилишганмир?

Жавоб: – Кейинги пайтларда ота-онанинг қўл-оёғини ўпишни тарғиб қилиш кучайди. Ҳурмат ва эҳтиром юзасидан ота-онанинг қўлини ўпиш жоиздир. Аммо оёқларини ўпиш мумкин эмас.

 

Cавол:Бир инсон намоз ўқиганда, саждада ярим соат, бир соат қолиб кетади. Боисини сўрасак: “Саждада Аллоҳга дуолар қиламан”, дейди. Шу ҳақда нима дейсиз?

Жавоб: – Нафл намозларини руку ва саждасини узоқ қилиш мумкин. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таҳажжуд намозларида узоқ руку ва сажда қилганлари ривоятларда келади. Агар жамоат намози бўлса, имом одамларга малол келадиган даражада узоқ руку ёки сажда қилмаслиги керак. Одамларга малол келтириш макруҳ бўлади. Нафл намозларининг саждаларида дунёвий масалаларни сўрамасдан, охиратни сўраб дуо қилиш мумкин.

 

Cавол:Намоз асносида имомнинг микрофони яхши ишламай қолди. Шунда биринчи сафда турган ходим (микрофон созловчи) олдида турган асбобга тегиниб микрофонни созлаб қўйди. Шунда унинг намози бузилмадими?

Жавоб: – Намоз асносида “амали касир” қилиш билан намоз бузилади. Ташқаридан қараган одам намозхоннинг ҳаракати кўплигидан уни намоз ўқимаяпти, деган фикрга борса, ё намозхон икки қўл билан қилинадиган ишни қилса амал касир бўлади. Агар сиз айтган ҳолда у киши “амали касир” қилган бўлса намози бузилади.

 

Cавол:Рукудаги тасбеҳ саждада, саждадаги тасбеҳ рукуда айтиб қўйилса, нима бўлади? Бунинг учун саждаи саҳв қилиш керакми?

Жавоб: Йўқ, бундай ҳолатда саждаи саҳв қилинмайди. Чунки руку ва саждада тасбиҳ айтиш, “Субҳана роббиял азийм”, “Субҳана роббиял аъла” дейиш суннатдир. Сиз айтган ҳолатда намозни қайта ўқиш ёки саждаи саҳв қилиш лозим бўлмайди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази

 

Read 1647 times

Мақолалар

Top