Мақолалар

Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз

Халқимиз тўй-ҳашамни, топган-тутганини эл билан баҳам кўришни ёқтиради. Тўй учун йиллаб йиғинади. Бу яхши анъана. Аммо бу йиғинни ҳаддан ошиш, кимўзарга айлантириш тобора авж олмоқда. Тўй кортежлари, сон-саноқсиз тоғоралар, беҳисоб олди-бердилар, қиз томонни куёвнинг уйини хориж мебеллари, асбоб-анжомлари билан тўлдириб бериши ва ҳоказоларни санаб ўтиш мумкин. Қуръони каримда: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди (Исро сураси, 26–27- оят).

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ана шу ортиқча ҳашамларга чек қўйиш мақсадида айни лозим бўлган қатор қарорлар чиқардиларки, бу қарорлар халқ манфаати йўлида хизмат қилади.

Фақат бир нарса мени ўйлантиради: қарор чиққандан сўнг ОАВ воситаларида бу қарор муҳокамаси бошланиб кетди. Аммо шу ҳақда гапираётганлар ўзлари бунга риоя қилаяптиларми? Менда бу фикрнинг туғилишига сабаб бор. Яқинда бир танишим эрининг ношудлиги туфайли катта қарзга ботганини айтиб қолди. Қарздорлар сўраб келавергач, аёл ўзларига оилавий таниш бўлган ўзига тўқ хонадондан озроқ пул бериб туришини илтимос қилади. Рад жавобини берган кимса орадан ҳеч қанча ўтмай, фарзандининг туғилган кунини дабдабали тўй қилиб нишонлаб беради. Ваҳоланки, ҳадисларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир қарз садақадир”, деганлар (Табароний ривояти). Мушкул аҳволга тушиб қолган кишига ёрдам бериш улкан савоблардан бири ҳисобланади. Аммо бу каби савоб ишларни ўйламай қўйган кишиларимиз борлиги ачинарли ҳолдир.

Интернет саҳифаларида энди турмуш қураётган қўшни давлатлик ёш йигит-қиз тўйларининг сарфига аталган пулни суриялик қочоқларнинг қорнини тўйдиришга сарфлайдилар. Бу ибрат олса арзигулик воқеа. Кошки, дабдаба билан тўй қилаётганлар ўша ҳашам учун кетадиган бойлигини етим-есирларга, кам таъминланган оилаларга ёки касаллигини даволатишга пул тополмаётганларга ёрдам берса! Бу дунё ўткинчи. Унда савоб ишлар қилиб,  охирати учун жаннат яратишга нима етсин! Бир-биримизга меҳр-оқибат муждаларини улашиб, тўйларда исрофгарчиликка йўл қўймай, Президентимиз қарорлари асосида 200–250 меҳмон билан келин-куёвларимизнинг бахт тўйини ихчам ўтказсак, нур устига аъло нур бўларди. Телевидение, радио минбарларида туриб олиб гапни қуруқ олиб қочмасдан, бу ишларни ўзимиздан бошлайлик, азизлар.

                                                                                   Зебо ОМОНОВА

Read 7685 times

Мақолалар

Top