Мақолалар

Ҳайбат ва муҳаббат соҳиби

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халқий сифатларидан бири у зотнинг жамолларидир. У зотни учратган киши албатта яхши кўриб қолар эди. Ҳатто яҳудийларнинг роҳиблари у зотдан айб ахтариб, бирорта на халқий ва на хулқий айбу нуқсон топа олишмаган.

Ҳассон ибн Собит розийаллоҳу анҳу Исломни қабул қилишидан олдин Қурайшнинг кофирлари унга Муҳаммад алайҳиссаломни ҳажв қилиб шеър айтишини сўрашади. Ҳассон розийаллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳга қараганимда, у зотнинг гўзал чеҳраларидан таралаётган нур кўзимни қамаштириб юборди. Шунда мен кўзим кўрмай қолишидан қўрқиб, икки қўлим билан кўзларимни тўсиб олган эдим”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга гўзаллик билан бирга, улуғлик ва ҳайбат ҳам ато этилган эди. У зотни кўрган кишини, албатта, ҳайбатлари босар, ҳатто қўрқувга тушар эди. Бир аъробий у зотнинг ҳузурларига кирди ва турган жойида қотиб қолди. Ҳатто қалтирай бошлади. Шунда Расулуллоҳ: “Ўзингни қўлга ол, эй биродар. Мен талқон еб юрадиган қурайш аёлларидан бирининг ўғлиман”, деб уни юпатдилар.

 

Абу Абдурраҳмон ЗУБАЙДИЙ

Read 1201 times

Мақолалар

Top