Мақолалар

Дин нима?

Ёшлар тарбияси

Мактабдаги ота-оналар мажлисида аксарият иштирокчилар фарзандлари тарбиясида қийналаётганини, болалари қайсар, қулоқсиз бўлиб бораётганидан дийдиё қилишди. Ўқитувчининг “Фарзандингизга қанча вақт ажратяпсиз?” деган саволига кўпчилик лол-мим дея олмади.

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда фарзанд тарбияси ўта нозик бўлиб қолди. Олдинлари гўдаклар акаси ё опасини этагини тутиб катта бўлар, бола юра бошлаганидан сўнг ота-онага у қадар оғирлиги тушмасди. Бугун эса бир гўдакка бутун оила овора. Унинг инжиқликларию, тез-тез касал бўлиишлари ҳар қандай онани чарчатяпти. Бундан ҳам ёмони бола туғилибоқ телевизору смартфонлар таъсирига тушмоқда. Оқибатда уларда бетоқатлик, ваҳшиёна хатти-ҳаракатлар, асабийлашиш, лоқайдлик, тажовузкорлик ва руҳий касалликлар кучайиб бормоқда. Бунинг инъикоси уларнинг юриш туришларида акс этаётир. Бунга кейинги пайтда мактабларда юз бераётган турли нохушликлар, ўсмирлар орасида гиёҳвандлик, психотроп воситалар савдосига қўл уриши, ўғрилик, қотиллик содир этиши каби ҳолатларни айтиш мумкин.

Ўтган 2022 йил давомида судлар томонидан 75 мингдан ортиқ жиноят ишлари кўриб чиқилган. Шундан 22 минг нафари ёшлар, улардан 1 минг 773 нафари эса вояга етмаган болалардир. Афсуски, бундай жиноят кўчасига кириб қолган болаларнинг кейинги тақдири, ҳаётга қандай боқишлари яна муаммоларни юзага чиқараверади. Бундай аянчли ҳолатларни олдини олиш учун нима қилмоқ керак?

Бунинг учун фарзандларимизга эътиборли бўлиб тўғри йўлни кўрсатишимиз, қўлига смартфонлардан кўра китоблар тутқазиш, кўпроқ вақтни улар билан бирга ўтказиш, энг асосийси, одобда ўзимиз намунага айланишимиз даркор.

Одоб-ахлоқи ҳақида сўз кетганда Ислом диничалик инсонни камолотга кўтарадиган манба йўқ. Чунки Ислом инсониятни гўзал хулқга чорлаш ва тарбиялаш учун нозил қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси – гўзал ахлоқни тамомига етказишдан иборатдир”, деганлар.

Қуръони каримда “Албатта, Сиз улуғ хулқ уститадирсиз” (Қалам сураси, 4-оят) дея Пайғамбаримизни барчага ўрнак экани тасдиқ этилган. Шу боисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ислом динининг мазмун моҳиятини ўзларининг кундалик ҳаёт тарзлари, амаллари ва сўзлари орқали намоён қилиб, бутун умматга намуна бўлганлар.

«Бир киши Расулуллоҳ рўпараларига келиб:

— Эй Аллоҳнинг расули, дин нима? – деб сўради.

Гўзал хулқ, — дедилар.

У киши Сарвари оламнинг ўнг томонига ўтиб, яна савол қилди:

— Дин нима, эй Аллоҳнинг расули?

Гўзал хулқ, — деб жавоб бердилар. Кейин сўл томонларига ўтиб, яна:

— Дин нима, эй Аллоҳнинг расули? – деб сўради.

Гўзал хулқ, — дедилар Расули акрам. Сўнг орқаларига ўтиб:

— Эй Аллоҳнинг расули, дин нима? – дея қайта сўради. Пайғамбар алайҳиссалом у киши томон ўгрилиб:

Гўзал хулқ, (гўзал хулқ эса) ғазабланмаслигингдир, энди тушундингми?! дедилар» (Марвазий ривояти).                         

Демак, дин фақат эътиқод ва ибодатларни адо этиш эмас, балки инсон ҳаётининг тўғри йўлга солувчи маёқ ҳамдир. Шу боисдан Исломни ҳақиқий моҳиятини англаган киши ўзини ислоҳ қилишга, ёмон иллатлардан холи бўлишга интилади. Фарзандларини ҳам шу йўлда тарбиялайди.

Афсуски, бу борада намуна бўлаётганлар ота-оналар у қадар кўп эмас. Чунки кейинги пайтда айрим юртдошларимиз бетоқат, ўзидан бошқани кўрмайдиган бўлиб қолган. Одобу хушмуомалалиги ҳақида ҳам яхши гап айтиш қийин. Фарзанд тарбиясида қўпол, улар билан бир дастурхонда ўтиришга ҳам вақт ажрамаётганлар етарлича. бундайларнинг наздида оила таъминлаб қўйилса, мактабу репиторга пул берилса бўлди, боланинг ўзи тарбияланиб қолади. Лекин фарзандга моддиятдан кўра, руҳиятига озуқа – меҳр-муҳаббат кераклигини англамайди. Қалбига инсонийлик уруғларини экиш кераклиги ўйлаб ҳам кўрмайди. Бола эса ўз ҳолича билганини қилади. Натижада улғайгани сари унинг муаммолари юзага чиқаверади. Вақти келиб, кўз қувончи, ҳаёт мазмуни бўлган фарзанд ота-она бошига бало бўлиши ҳеч гап эмас. Шу боис уни гўдаклигидан тўғри тарбияламоқ  ота-онанинг вазифасидир.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар ва бу борада барчага ўрнак бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Аббос разияллоҳу анҳунинг ўғиллари Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ ва Қусаййирни сафга турғизиб: “Ким менинг олдимга биринчи етиб келса, унга шундай-шундай нарса бор”, дедилар. Улар Расули акрамнинг олдиларига чопиб келиб, у зотнинг беллари ва кўкракларига чиқишар, у зот уларни ўпиб эракаларди  (Имом Аҳмадий ривояти).

Бир куни бир аъробий у зотнинг олдига келиб: “Сизлар гўдакларингизни ўпасизларми, биз ўпмаймиз”, – деди. Шунда Расуллуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: Аллоҳ қалбингдан раҳматли олиб ташлаган бўлса, мен нима ҳам қила олардим”, – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Сиз қачон фарзандингизни эркалатиб, яхши сўз айтиндингиз. Буни тез-тез қилаётган бўлсангиз, Пайғамбаримиз суннатларига амал қилиб, ажру мукофотлар, солиҳ фарзанд эгаси бўласиз. Агар акси бўлса......

Бобур МУҲАММАДИЕВ

Read 1694 times

Мақолалар

Top