Мақолалар

Олий хулқ – қалблар калитидир.

Бугун биз отинойилар елкасига улкан масъулиятлар юкланган. Улардан бири маҳаллаларда хотин-қизлар билан мунтазам маърифий суҳбатлар ўтказиб, муаммоли вазиятларда оилаларга тўғри йўлни кўрсатиш, аёллар қалбига йўл топиб, уларга динимизни ўргатишдир.

Ана шундай суҳбатлардан бири маҳалла биносида “Қайнона-келин муносабатлари” мавзусида бўлиб ўтди. Маъруза асносида: “Азиз қайнонажонлар, бир пайтлар ўзларингиз ҳам келин бўлганингизни, келинлар бир кун келиб ўзингиз ҳам қайнона бўлишингизни унутманг”, деганимда бир онахоннинг кўзи ёшланди.

Суҳбат якунида ёнимга келиб, телефон рақамимни сўради, қўнғироқ қилмоқчилигини билдирди. Икки кун ўтиб онахон сим қоқди. Салом-аликдан сўнг маъруза чоғи нега кўзига ёш келганини айтиб ўтди. Яна, беш овсини борлигини, овсинлари билан опа-сингилдек ҳаёт кечираётганини, қайнонаси ундан рози бўлиб, умрининг сўнгида ёнига чорлаб, бутун оилани онахонга омонат қилиб кетганини айтиб йиғлади. Аҳамиятли томони, онахон овсинлари билан опа-сингилдек эканлигини, ҳар бир тўй-ю маракалари онахонни маслаҳати билан ўтишини айтди.

Бу сўзларни эшитиб: “Шунчалик яхши келин бўлиб, қайнонангизни кўнглини олган экансиз”, дедим ҳавас билан. Шунда, онахон қўнғироқнинг асл сабабига ўтди: “Учта келиним бор, иккитаси тарбияли, одобли, Худога шукр. Аммо 3-си бетарбия чиқди. Қаердадир хато қилдимми, бемаза келинга дуч келдим”, деди хафа бўлиб.

Онахоннинг сўзларидан оғринганини сездим. Бу кайвони онахоннинг бир оз далдага эҳтиёжи борлигини сездим: “Онажон, бу бир хатонинг бадали эмас, катта савобли ишга васила бўладиган сабабку! Она тарбиясини кўрмаган қизни Аллоҳ сизга йўлиқтирибди. Учта ўғил, 2 келин-қизнинг онаси эдингиз. Уларнинг сафига яна бир келинни қиз қилиб қўшинг”, деб, “келин”ни онахонга неьмат бўлиб келганини айтдим. Суҳбат сўнгида онахонни рағбатлантирдим: “Енгингизни шимариб, қизингизга Аллоҳдан ҳидоят ва инсоф сўраб тарбияни бошланг”, дедим...

Азизларим бизу сизга келаётган ҳар бир қувончу ғамда бир неьмат борлигини англашимиз, ҳар бир мусибатга яхшилик кўзи билан қарашни ўрганишимиз керак. “Ар-Роҳман” сурасида бир оят бот-бот такрорланади: “Бас, Роббингизнинг қайси неьматларини ёлғон дея олурсиз?!”

Айтганча, онахонга келинини ўғлидан ажратиб, бошқа келин олишни маслаҳат берганлар ҳам талайгина экан. Акарият инсонлар шундай осон йўлни танлайдилар. Лекин бир оилани осонгина йўқ қилиш ўрнига бошқа олиш эмас, борини тарбия қилишни ўйлайлик. Аслида онахонни бу бетарбия келинини Аллоҳга ёқган бир хислати бўлган, акс ҳолда қизни бундай фаросатли қайнонага эмас, балки ўзига ўхшаган бетарбия қайнонага келин қилиб тақдирини битган бўларди.

Азиз биродарларим Аллоҳ бизга ёзган тақдиримизга, берган неьматларига ношукрлик қилмайлик. Ёмонликни яхшилик билан даволайлик. Хулқи ёмон биродарларимизнинг қалбига йўл топишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ таола: “Аҳзоб” сурасида: “Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”, деб марҳамат қилади. Буюк тарғиботчимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олий хулқларидан ўрнак олиб гўзал амалларимизни кўпайтирайлик. Зеро, Ислом дини тинчликпарвар, саховатпешалик ва мулойим хулқликни тарғиб қилади. Қайси мусулмонда шу уч хислат бор экан, ҳар қандай қалби қулф инсонни қалбига йўл топа олади. Бунга далил менга қўнғироқ қилган онахон. Чунки ярим йил ўтиб савдо марказида онахон мени кўриб қолдим, ёнида келини. Онахонни кўзларига қараб аҳвол яхшилини сездим. Бир-бирларига меҳр билан муомала қилаётгандилар. Онахонга: “Қайси келинингиз?” деб сўрадим. Онахон мамнун, қувонч билан: “Учинчи келин-қизим”, деди. Хайрлашаркан, мени қаттиқ бағрига босди. Ичимга ўзгача қувонч кирди, бутун танамни қамради, беихтиёр “Машааллоҳ” дедим.

Мана азизларим, меҳр ва муҳаббат билан бир қайнона “онага”, келин эса “қизга” айланибди. Бир оила, келин ва фарзандлари увол бўлмабди.

Дилноза ШОДМАНОВА,

Самарқанд вилояти Нарпай тумани

“Наврўз” маҳалласи отинойиси

Read 1098 times

Мақолалар

Top