Мақолалар

“Саҳиҳи Бухорий”да аёллар шаъни

Буюк муҳаддисларимизга таъна қилувчи, ҳадис ва суннатга нисбатан оммада шубҳа уйғотувчи тоифалар ҳамма даврларда ҳам бўлган. Буни айни кунларда Имом Бухорий ва “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига нисбатан ғаразли фикр-уйдирмалар қилаётган иймони заиф кимсалар мисолида ҳам кўрса бўлади. Бу каби илмдан бехабарларнинг илгари сураётган важларидан бирини ўрганиб чиқишга, ҳақиқат аслида қандай эканлигига ойдинлик киритсак.

Ўша тоифаларнинг аёллар шаъни камситилган ҳадислар борлиги даъвоси санад ёки лафздаги айрим тафовутлар билан такрорланиб келган бир неча ҳадисга асосланади. Масалан, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй аёллар жамоаси! Садақа қилинглар, чунки мен дўзах аҳлининг кўпчилиги сизлар эканингизни кўрдим”, дедилар. Шунда аёллар: “Эй Аллоҳнинг Расули, нимага шундай?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаънатни кўп ишлатасизлар, эрларингизга ношукрлик қиласизлар. Ақлли эркакнинг ақлини сизларга қараганда энг тез кетказадиган, ақли ва дини ноқис бўлган бирор кимни билмайман...”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти, 298-ҳадис) ҳадиси, “Касал юқиши ҳам, шумланиш ҳам йўқдир. Бахтсизлик фақатгина уч нарсада: от, аёл ва ҳовли-жойда бўлади” (Имом Бухорий ривояти, 5438-ҳадис) ҳадиси ёки “Аёлларга хайрихоҳ бўлинглар. Чунки аёл киши қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман, десанг синдириб қўясан. Агар ўз ҳолига қўйсанг, қийшиқлигича қолади. Шундай экан, аёлларга хайрихоҳ бўлинглар” (Имом Бухорий ривояти, 3153-ҳадис) ҳадиси шулар жумласидандир.

 “Саҳиҳи Бухорий”да аёлларнинг шаънига тааллуқли юзлаб ҳадислар келган. Шулардан бири: “Бир аёл мушук сабабли дўзахда азобланди. У мушукни қамаб қўйган эди. Шу сабабли жаҳаннамга кирди. Қамаб қўйганга яраша таом ҳам, ичимлик ҳам бермади ёки ер юзида ризқини топиб ейишга ҳам қўймади”, ҳадисидир. Ақл соҳиби борки, шу ишни эркак киши қилганда ҳам оқибати айнан шундай бўлишига шубҳа қилмайди. Демак, бу “Саҳиҳи Бухорий”даги ҳадисларда аёллар шаъни камситилган, деб даъво қилишга сабаб бўла олмайди. Шунинг билан бирга бу ҳадисларнинг аксарияти шаръий ҳукмни баён қилиш ёки панд-насиҳат бериш, тўғри йўлга йўналтириш маъносида келган, демак, уларда мақтов ҳам, таъна қилиш ҳам йўқ.

Имом Бухорий бошқа саҳиҳ тўпламлардаги аёллар ҳақида гап кетган ҳадисларнинг айримларини саҳиҳга чиқармаган. Масалан, Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган мана бу ҳадислар: «У кишининг ҳузурларида намозни кесадиган нарсалар зикр қилинди. “Намозни ит, эшак ва аёл киши кесади”, дедилар. Бас, у киши: “Батаҳқиқ, бизни итларга тенг қилдингизлар», дедилар.

Бошқа бир ривоятда эса: «Батаҳқиқ, бизларни эшаклар ва итларга ўхшатдингиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида мен у киши билан қибланинг орасида бўлган ҳолатларим бор. Мен сўри устида ёнбошлаб ётар эдим. Агар бирор ҳожатим чиқиб қолса, у кишига юзланишни ёқтирмай, секин сурилиб чиқиб кетар эдим”, дедилар».

Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”да Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан замондош бўлган, у зотнинг даъватларидан таъсирланган аёлларни намуна сифатида тилга олган.

Ойша розияллоҳу анҳо ғазотларнинг бирида Пайғамбар алайҳиссалом бирга эди. У синглиси Асмонинг мунчоғини ҳам ўзи билан олиб олганди. Ойша розияллоҳу анҳо ўша мунчоқни йўқотиб қўйди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотга қўшилиб одамлар ҳам мунчоқни излашга тушишди. Ҳатто баъзилар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига бориб: “Ойша нима иш қилганини кўрмайсизми? Расулуллоҳ ва одамларни сувсиз қолдирди”, дедилар. Шунда у Ойша розияллоҳу анҳонинг олдига бориб, қизини койиди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг бошлари Ойша розияллоҳу анҳонинг тиззалари устида бўлгани учун ўрнидан туриб кета олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан турдилар. Тонг ёришиб қолган, аммо сув йўқ эди. Шунда таяммум қилиш ҳақидаги оят нозил бўлди. Усайд ибн Ҳузайр Ойша розияллоҳу анҳога: “Аллоҳ Сизни муносиб тақдирласин. Аллоҳга қасамки, сизга сизни хафа қиладиган бирор ташвиш тушса, албатта, Аллоҳ ўша ишни мусулмонлар учун яхшилик қилиб қўяди”, деди.

Бу ҳадисдан аниқ кўриниб турибдики, эркак саҳобалар Ойша розияллоҳу анҳо мунчоқ учун қаттиқ қайғуга тушиб қолганини арзимас иш деб санаган, уни деб қўшинни йўлдан олиб қолиш тўғри эмас, деб билган. Лекин мунчоқ Ойша розияллоҳу анҳонинг мулки эмасди. Шунинг учун бировнинг молини йўқотиб қўйишдан қаттиқ ташвишга тушиб қолган эди. Аллоҳ таоло уни мана шу иши учун икки марта мукофотлади. Биринчиси, у мунчоқни туянинг тезаги тагидан топиб олди. Иккинчиси, сув топа олмаганлар ёки узрли кишилар учун таяммум қилишга рухсат берилишига сабаб бўлди (Имом Бухорий ривояти, 327-ҳадис).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аёл: “Эй Расулуллоҳ, Сиз ўтиришингиз учун минбар ясатиб берайми? Чунки менинг дурадгор қулим бор”, деди. У зот: “Агар хоҳласанг, минбар қилиб бер”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти, 437-ҳадис).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, эркаклар ҳадисингизни илиб кетди. Аллоҳ Сизга билдирган нарсалардан бизларга ҳам таълим беришингиз учун ўзингиз бир кунни тайин қилсангиз”, деди. У зот: “Фалон куни фалон жойда тўпланинг”, дедилар. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдига келиб Аллоҳ билдирган нарсалардан уларга таълим бердилар...” (Имом Бухорий ривояти, 6880-ҳадис).

Демак, айрим нопок кимсаларнинг “Саҳиҳи Бухорий”да аёллар шаъни камситилган, деган асоссиз. Аёлларга тегишли юқоридаги ҳадислар атайлаб нотўғри талқин этилмоқда. Зеро, Имом Бухорий ривоят қилган ушбу ҳадислар ҳар хил лафзлар билан бошқа саҳиҳ тўпламларда ҳам келган.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

директор ўринбосари

Read 1026 times

Мақолалар

Top