Мақолалар

Солиҳлар дуоси

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганида Аббос ибн Абдулмутталиб билан истисқо қилдилар: “Аллоҳим! Албатта, биз Сенга Набийимиз билан дуо қилиб ёмғир сўрардик. Сен бизга ёмғир берар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримизнинг амакиси билан ёмғир сўраб, дуо қиламиз. Бизга ёмғир бер”, деди» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳижрий 18-санада қаҳатчилик бўлди. Қаҳатчилик тўққиз ой давом этди. Одамлар қийналди, чорва озиб кетди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу одамларни тўплаб, Аббос розияллоҳу анҳумо билан ёмғир сўраб дуо қилди. Аббос розияллоҳу анҳумо Аллоҳ таолога илтижо қилиб: “Ё Аллоҳ! Албатта, гуноҳ бўлмаса, бало тушмас. Тавба бўлмаса, бало кўтарилмас. Биз Сенга илтижо қилиб дуо қиламиз, гуноҳларимизни эътироф қиламиз. Сенга тавба қиламиз. Бизга ёмғир ато қил”, деди. Шунда жала қуйди. Ер тўйиб, одамларнинг жонига оро кирди.

Аллоҳ таолога ёлвориб қалбининг туб-тубидан қилинган илтижою дуолар мустажоб бўлади.

Шулардан бири Саййид Аҳмад Тозийга нисбатан “ат-Тозийа” ёки “ат-Тафрижия” деб номланган ва “ас-Сийғатул комила” ёки тез ижобат бўлгани учун “ан-Нория” деб аталган саловат бор. У қуйидагича:

Аллоҳумма солли салотан камилатан ва саллим саламан таамман ъала саййидина Муҳаммадинил лазий танҳаллу биҳил ъуқоду ва танфарижу биҳил куробу ва туқзо биҳил ҳаваижу ва туналу биҳир роғоибу ва ҳуснул ховатими ва йустасқол ғамому би важҳиҳил карийми ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи фи кулли ламҳатин ва нафасин би ъадади кулли маълумин лак!”

Маъноси: “Аллоҳим, ҳазрати Муҳаммадга ва у зотнинг оилалари (аҳли)га ва саҳобаларига ҳар нафас ва ҳар лаҳзада Ўзингга маълум бўлган саноқлар миқдорича комил салпвот ва мукаммал салом юборгин. Чунки у зотнинг воситасида (ҳар қандай) тугунлар ечилади, қийинчиликлар кетади, машаққатлар бартараф, ҳожатлар раво бўлади, умид- мақсадларига ва яхши-гўзал ниҳояларга эришилади ҳамда у зотнинг гўзал-карамли юзлари ҳурматидан ёмғирлар сўралади”.

Халқимизда Ёмғир билан ер кўкаради, дуо билан эл” деган мақол бор. Зеро, “Солиҳ инсонларнинг дуоси билан эл-юрт фаровон бўлиши шубҳасиз.

Шу ўринда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Заифларингиз сабабидангина нусратланурсизлар ва ризқланурсизлар”, деганларини айтиб ўтишимиз керак. Жамиятдаги заифлар, камбағал, бечораларнинг дуолари сабабидан ҳам Аллоҳ таоло бандаларининг ризқини мўл қилади, уларни бало-офатлардан асрайди.

Хулоса шулки, жамиятда солиҳлар кўпайса, заифлар, камбағаллар ёрдамсиз, қаровсиз қолдирилмаса, жамият Аллоҳ таолонинг изни билан тинч, бало, офатлардан омон бўлади.

 

Абдумутал АТАБАЕВ,

Жиззах вилояти “Холид ибн Валид” масжиди имом-хатиби

Read 1018 times

Мақолалар

Top