Мақолалар

Абул Баракот насафий ва унинг “Канзуд дақоиқ” асари

Маънавий мерос

Ҳофизуддин Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий Насафдан етишиб чиққан забадаст олимлардан бўлиб, 1232 йилда қадимий Насаф шаҳрида таваллуд топган. У беназир фақиҳ, ҳадис ва Қуръон илмларида комил бўлгани манбаларда келтирилган.

Олим яшаган даврда Насафдаги маданий ва иқтисодий ҳолат таназзулга юз тутган эди. Чунки бу даврда Мовароуннаҳрни муғуллар Чиғатой улуси таркибида бошқарган эди. Айнан шу даврни тарихчилар “Шарқ таназзули” деб ҳам атайди.

Насафийнинг умумий ҳисобда 13 та илмий асари бор. Уларнинг барчаси бизгача етиб келган. 5 таси фиқҳ, 4 таси калом, 3 таси усулул-фиқҳ, 1 таси тафсир илмига бағишланган. Бу асарларнинг 6 таси нашр этилган.

Муаллифнинг асарлари ичида “Канзуд-дақоиқ” асари ҳанафий фиқҳи бўйича машҳур муҳим манба ҳисобланади. Мазкур асар алломанинг “ал-Вофий фил-фуруъ” асарининг қисқартирилган шакли. Уламолар бу асарни ҳанафий мазҳабида Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”сидан кейинги ўринга қўйишади.

Насафий “Канзуд дақоиқ” муқаддимасида асарнинг ёзилиш сабабини  бундай изоҳлайди: “Кишиларнинг ҳиммати пасайиб, мухтасарга мойил, узундан узоқ асарларни табиатлари кўтармайдиган бўлиб қолганини кўрганимдан кейин “ал-Вофий” учун умумий ва келиб чиқиши бир бўлган масалаларни танлаб олдим. Зеро, бу ҳолатда фойдаланиш учун қулай ва мурожаат қилиш осон бўлади. Фозилларнинг улуғларидан бир жамоа илтимос қилганидан кейин, имкониятим чекланган бўлса ҳам, уни ёзиб тугатдим ва “Канзуд дақоиқ” деб атадим”.

“Канзуд дақоиқ” асари мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиб келинган. Шунинг учун унга ўнлаб шарҳлар битилган. Бундай шарҳларнинг кўплиги ушбу асарнинг нақадар машҳурлиги ва ҳанафий мазҳабида мўътабар манба эканлиги ҳамда ҳанафий фиқҳи илми ривожида беқиёс эканлигидан далолат беради.

Олимлар асарни “Мухтасарул Қудурий”дан кейинги мўътабар манба дейишади. Афсус, мўғуллар тазйиқи остида Насафий умриниг охирларида ватанидан узоқда бўлиши сабабли унинг асари “Мухтасарул виқоя” асари сингари Мовароуннаҳрда оммалашмади. Шундай бўлса-да, ҳанафий мазҳаби тарқалган ҳамда мазҳабларни қиёсий ўрганадиган илм масканларида асар ҳозирги кунгача дарслик сифатида фойдаланиб келинмоқда. 

Шунга кўра, алломанинг мазкур асарини таржима ва тадқиқ қилиш ҳамда бой меросини халқимизга етказиш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этади.

Нуриллахон АБДУЛЛАХОН ўғли

Read 1058 times

Мақолалар

Top