Мақолалар

Бойлик гуноҳга етакламасин

Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам қилиб яратди. Унга беҳисоб неъматларни ато этди. Неъматлар ичида энг олийси бу ҳидоят – тўғри йўлдир. Чунки тўғри йӯлда бўлган инсонгина икки дунёни бахт-саодатига эришади.

Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат этади:

“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир” (Иброҳим сураси, 34-оят).

Демак, аксар инсонлар бу неъматларнинг шукрина адо этолмас ва шу йўл билан ўзига зулм қилар экан.

Ушбу мақоламизда кўпдан буён ношукрлик, исроф ва манманлик ўчоғи бўлиб келаётган, маърифат аҳли қанчалик бунга қарши курашмасин ортга чекинмаётган, аксинча янгидан янги иллатларни ўзида пайдо қилаётган баъзи тўй маросимлари ҳақида сўз юритмочимиз. Тўғри, халқимиз тўй-ҳашамни, топган-тутганини эл билан баҳам кўришни ёқтиради. Тўй учун йиллаб йиғинади. Бу яхши анъана. Аммо бу йиғинни ҳаддан ошиш, кимўзарга айлантириш тобора авж олмоқда. Тўй кортежлари, сон-саноқсиз тоғоралар, беҳисоб олди-бердилар, қиз томонни куёвнинг уйини хориж мебеллари, асбоб-анжомлари билан тўлдириб бериши ва ҳоказоларни санаб ўтиш мумкин. Тўйларда яна бир салбий одат урчимоқда. Бу ҳам бўлса, хонанда ва баъзи шахслар устидан пул сочиш. Айримлар, бунинг нимаси ёмон, ўзини пулини сарфлаяпдику?, дейиши мумкин. Халқимиз мўмин мусулмонларига бу одатнинг зарарларини яна бир бор эслатиб ўтишни лозим деб биламиз.

Аввало, биор кишига эҳсон сифатида берилган маблағ Аллоҳнинг розилиги учун, савоб умидида бўлиши керак. Шу йўлда берилган эҳсон эса ўта махфий, риёсиз бўлиши унинг қабул бўлишининг асосидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таолонинг арши соясидан бошқа соя бўлмаган кунда етти тоифа кишиларни Аллоҳ соялантиради. Шулардан бири ўнг қўли берган нарсани чап қўлига билдирмасдан махфий садақа қилган киши”,– деганларини эшитдим”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Имом Термизий Абу Барза Асламийдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қиёмат куни ҳар бир инсон (тўрт нарса ҳақида) сўралмагунигача жойидан жилмайди: Умрини қандай ўтказгани, илмига қандай амал қилгани, молини қаердан топгани ва қаерларга сарфлагани, жисмини нима билан қаритгани" деганлар. Демак банда ўз бойлигини қаерга сарфлагани ҳақида қиёмат куни албатта сўралади. Агар молу давлат манманлик, кўз кўз, фахрланиш йўлида сарфланса охиратдаги жавоби қаттиқ бўлар экан.

Мол-дунё одамларни синаш учун берилган. У ёмонликка ҳам, яхшиликка ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Бойликка эришган киши Аллоҳнинг розилигига муяссар бўлиш учун бойликни тўғри йўлда сарфлаши зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир” (Анфол сураси, 28-оят).

Мол-дунё фитнаси шундан иборатки, Қуръони каримда тасвирланишича, инсон бойлиги ортганда ва ўзида қудрат ҳис қилганида ҳаддидан ошиб, босар-тусарини билмай қолади, бой бўлиши билан ақл ва адолат чегарасини унутади ва номаъқул ишларни қилишга ўтади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда Аллоҳ инсоннинг ожизлигини, жумладан, мол-дунё олдидаги заифлигини бот-бот эслатади.

“Йўқ! Инсон, албатта, туғёнга кетур ўзини жуда бой кўргани учун” (Алақ сураси, 6-7-оятлар).

Азиз юртдошлар, динимиз таълимоти, халқимизнинг эзгу урф одат ва анъаналарига риоя этган ҳолда тўй маросимларида ҳаддан ошмайлик. Шу сочиб юборилаётган пулларни зарурий ўринларга, муҳтож кишиларга сарфланса катта ажр ҳосил бўлади. Унинг ўрнини Аллоҳ таоло яна кўпайтириб тўлдиради. Аллоҳ таоло берган бойлик неъматини нотўғри сарфланса, унинг касри нафақат бу ишни бажарган кишилар балки, бутун жамиятга етиши мумкин. Бундан аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин.

Аллоҳ таоло барчаларимизни У зот ато этган неъматларни тежаб-тергаб ишлатадиган, бунда исрофга йўл қўймайдиган тежамкор бандаларидан қилсин, Парвардигор берган неъматларнинг қадрига етиб, уларнинг шукрини қилувчи жаннатий инсонлардан айласин!

Ёқубжон домла Мансуров,
Самарқанд тумани "Хўжа Аҳрори Валий"масжиди имом-хатиби

Read 892 times

Мақолалар

Top