Мақолалар

Қиёмат қачон бўлади?

Ҳар бир мусулмон банда билиши лозим бўлган муҳим нарсалардан бири бу – қиёмат албатта бир кун содир бўлади, аммо унинг қачон бўлишини Аллоҳдан Ўзга ҳеч ким билмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сиздан (эй Муҳаммад!) қиёмат ҳақида, унинг қачон қоим бўлишини сўрашади. Айтинг: “Унинг илми Роббим ҳузуридадир. Унинг вақти (келгани)да уни Ўзи билдиради. (Қиёмат) осмонлар ва Ерга оғирлик (тушкунлик) қилур. Сизларга (у) тўсатдан келиб қолур. Сиздан гўё у ҳақда вакил (хабардор бўлганингиз)дек сўрашади. Айтинг: Унинг илми (аниқ маълумоти) Аллоҳ ҳузуридадир. Лекин одамларнинг аксарияти (буни) билмайдилар» (Аъроф сураси, 187-оят).

Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат куни қачон бўлиши ҳақида сўраганда у зот алайҳиссалом: “Сўралаётган киши сўрагувчидан ортиқ билмайди”, деб жавоб берганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бундан Жаброил алайҳиссалом ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қиёмат куни қачон бўлишини билишмагани маълум бўлади. Шунинг учун ким қиёмат куни қачон бўлишини биламан деса, у ёлғончидир.

Айниқса, турли ОАВ ва интернет тармоқларида “қиёмат фалон куни бошланади” деган ёлғон хабарлар кенг тарқатилади. Бундай маълумотлар, мутлақо ёлғон бўлиб, ҳеч қандай асосга эга эмас. Албатта, қиёматнинг қачон бўлишининг сир тутилгани Ҳаким Роббимизнинг чексиз ҳикматидандир. Унинг ҳикматини ёлғиз Ўзи билади.

Мусулмонлар турли фолбин ва оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалаётган “башоратлар”га ишонмасликлари, балки бир кун бўлиши аниқ бўлган кунга тайёргарлик кўришлари лозим.

Манбалар асосида

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

таржимаси

Read 1424 times

Мақолалар

Top