Мақолалар

Эртакдаги ҳақиқатлар

Болалигимизда эртаклардаги ғайри табиий ҳодиса ёки ишлардан ҳайратланганмиз ва уларга ишонганмиз.  Ёшимиз улғайгач, уларнинг барини чўпчак, яъни тўқима деб ўйлаганмиз. Аслида ҳам шундайми?

Тадқиқотлар кўра, барча эртаклар ҳам тўқима эмас. Улардаги воқеа-ҳодисалар ўтмишда бўлиб ўтган воқеаларнинг бузилган, ўзгартирилган талқинидир. Бу ҳодисалар вақт ўтиши билан оғиздан оғизга ўтиб, у эртагу афсоналарга айланган. Уларда учровчи баъзи ғайриоддий сюжетлар, қаҳрамонлар, тилсимлар ва буюмларнинг асосида дин билан боғлиқ воқейлик ётади. Фақат улар бадиий тўқимага айланиб халқ оғзаки ижодида бўй кўрсатган, холос.

Эътибор қаратилса, эртаклардаги қаҳрамоннинг ғайриоддий қобилияти ёки ишлари, бошдан кечирганлари, бошқаларга ўхшамаслиги билан пайғамбарлар ҳаётига ўхшаб кетади. Уни қийин вазиятда қўллаб турувчи ҳомийлари ёки бирор куч берадиган буюми бўлиши ҳам одатий ҳол. Халқ эса мана шундай шахслар орқали ўз қаҳрамонларини тасаввур этиб, улар ҳақида ривояту эртаклар тўқишган. Улар воситасида ўз орзуларини баён қилганлар.

Тарихдан маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга пайғамбарлик ва подшоликни бериб, унинг пайғамбарлигини  исботиш учун кўплаб мўъжизаларни ато этган эди.  У кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни, шамолларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйди.

Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир қанча сураларида баён қилинган.

Намл сурасида: «Сулаймон (пайғамбарлик ва подшоҳликда) Довудга ворис бўлди ва айтди: “Эй одамлар! Бизга қушлар тили ва бошқа нарсалар билдирилди. Албатта, бу аниқ фазлнинг ўзидир”. Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар» (16-17 оятлар).

Сод сурасида: «Унга шамолни беминнат хизматкор қилиб қўйдик, унинг амри билан у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. Бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўйсундирдик (36–38-оятлар).

Сабаъ сурасида: «...ва Сулаймонга шамолни (бердик). Унинг (шамолнинг) эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булоғини оқизиб қўйдик ва жинлардан Роббининг изни ила унинг ҳузурида ишлайдиганлари бор эди...» (12-оят).

Қуръон тафсирларида келишича, Сулаймон алайҳиссаломга жинлар тилла ва ипакдан катта гилам тўқиб берганлар. Унинг ўртасида тилла тахт устига ўзи, атрофидаги тилла ва кумушдан ясалган курсида одамлар, уларнинг атрофида жинлар ўтирар, осмонда қушлар қаноти билан соя солиб турар, шамол гиламни кўтариб, айтилган жойга элтар экан. Шу билан бирга шамол эрталабдан тушгача бир ойлик йўлни, тушдан кечқурунгача яна бир ойлик йўлни босиб ўтар, бир кунда икки ойлик йўлни юриб қўяр экан[1].

Демак, эртакларда келганидек ўзи учар гиламлар бўлмаган. Балки шамоллар ўша гиламни учириб, Сулаймон алайҳиссаломни хоҳлаган жойга элтган.  Худди шундай жинлар ҳам Сулаймон алайҳиссоламга Аллоҳнинг изни билан хизмат қилдириб қўйилган. Уларнинг куч-қудрати худди эртакларда қайд этилганидек, кўплаб ишларга қодир бўлган.

Бундай ўхшашликни ўзбек халқ эртаги “Эрназар билан Кимёназар” ҳамда “Минг бир кеча” эртакларидаги “Алоуддиннинг сеҳрли шамшироғи”даги сеҳрли тилсимларида кўриш мумкин. Унда Эрназарнинг тилсими пичоқдаги Кимёназар номли ёрдамчи бўлса, Алоуддиннинг кўмакчиси шамшироқдаги дев. Иккисининг ҳам сўзи: “Хизматингизга тайёрман”. Исталган жойга кўз очиб юмгунча етказиш, қирқ қулоқли қозонни олиб келиш, бир зумда улкан саройлар тиклаш ва шу каби кенг тарқалган сюжетлар Сулаймоннинг хизматига шай турган жинларни эслатади.

Яна бир ўхшашлик Исо алайҳиссалом билан боғлиқ. Аллоҳ таоло унга осмондан моида (дастурхон) туширади. Бу воқеа Қуръони каримнинг “Моида” сураси 112-115 оятларида баён этилади: «Ҳаворийлар: “Эй Исо ибн Марям! Раббинг бизга осмондан бир дастурхон нозил қила оладими?” – деганларида, (Исо): “Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқингиз!” – деганини (ҳам) эсланг! Улар дедилар: “Биз ундан (зиёфатдан) еб, кўнглимиз хотиржам бўлишини ва сенинг ростгўйлигингни билиб, (сўнгра) унга (дастурхонга) гувоҳлик беришни истаймиз”. Исо ибн Марям деди: “Эй Раббимиз – Аллоҳ! Бизга осмондан (бир) дастурхон туширгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ҳамда Сендан (бизга) мўъжиза бўлсин. Бизни (ундан) ризқлантир! Сен ризқлантирувчиларнинг яхшисидирсан”. Аллоҳ деди: “Мен уни сизларга туширувчиман. (Лекин) кимки (шундан) кейин (ҳам) куфрга кетса, уни шу қадар азоблайманки, бутун оламда ҳеч кимни ундай азобламаган бўлурман».

Исонинг дуоси қабул бўлди ва мўъжиза содир бўлиб, осмондан егулик тўла дастурхон тушди. Бу ҳодисага гувоҳ бўлган инсонлар орзусидаги тўкин дастурхонга эга бўлишган. Бу воқеа “Ур, тўқмоқ” эртагидаги “очил дастурхон” ёдга солиши тайин. Демак, очил дастурхон бадиий тўқима сифатида бугунгача яшаб келмоқда.

Бундай ўхшашликларни кўплаб эртакларда учратиш мумкин.

Жамила АСҚАРОВА,

тадқиқотчи

 

[1] Қуръони карим (таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур). – Т.: Чўлпон, 1992. Б.296

Read 984 times

Мақолалар

Top