Мақолалар

Меҳмонни икром қилиш

«Шундай қилиб, Биз Юсуфни у ерга (улуғ мартаба ва иззат билан) жойлаштирдик; у ерда хоҳлаган жойида маскан тутиб яшар эди. Биз раҳматимизни Ўзимиз хоҳлаган кишига етказурмиз, муҳсинларнинг – гўзал иш-ҳаракат қилгувчиларнинг мукофотини зое қилмасмиз».
Айтилдики: «Юсуф алайҳиссаломнинг гўзал иш – ҳаракатларидан бири, у зот ҳеч қачон ёлғиз таом емас эдилар, шунинг учун Аллоҳ таоло у зотни Муҳсин деб номлади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қайси бир мўминнинг хонадонига меҳмон келса, мезбон меҳмонга кулиб боқса, унинг кўзларига дўзах ўти ҳаром қилинади».
Иброҳим алайҳиссалом кундузи таом емоқчи бўлсалар, бир ёки икки мил юриб бўлса ҳам, бирга овқатланиш учун бир меҳмон ахтарар эдилар.
Кимки меҳмонни икром қилмаса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан эмас ва Иброҳим алайҳиссалом миллатидан ҳам эмас. Кимки Аллоҳ таоло ризоси учун меҳмонга таом берса, онасидан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлади.
Муъоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу дедилар: «Уйимга меҳмон келди, уйда тоза сув ва қаттиқ нондан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Меҳмонга боримни қўйдим, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан меҳмоннинг фазилати ҳақида сўрадим». Шунда ул зот менга дедиларки: «Етти қават осмон фаришталари йиғилсалар ҳам, бунинг тавсифини келтира олмайдилар. Ким Аллоҳнинг севикли бандаларидан бўлишни хоҳласа, меҳмони билан бирга таом есин».
Бир киши: «Бунинг (меҳмонни икром қилишнинг) савоби нима, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Бунинг савоби бир йил нафл рўза тутган, Байтуллоҳни ҳаж ва умра қилган, Аллоҳ йўлида душман билан жанг қилган кишининг савобичадир».
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳуга айтилди: «Бу дунёда сиз севган нарса нима?» «Меҳмонга таом бериш, душманга қилич уриш, ёз кунларида рўза тутиш», деди.

Аҳмад ҒАЗЗОЛИЙнинг
“Баҳрул маҳабба” асаридан.

Read 821 times

Мақолалар

Top