Мақолалар

Ёшлигингда ўйнаб қол (ми)!

Вақтингизни шундай ўтказингки, кексалигингиз беҳуда ўтказган ёшлик йилларингиз учун сизни таҳқирламасин.

Ж. Боккаччо

Ёшлар шуни англаб олмоқлари лозимки, ёшлик дегани бу – болалик ва кексалик ҳамда қарилигу заифликнинг  кириб келиши ўртасидаги ўткинчи бир вақтдир. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизларга) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билимдон ва Қудратлидир”, деб марҳаат қилинган (Рум сурасининг 54-ояти).  

Бу оят пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифида қуйидагича тасдиқланган: Беш нарсани беш нарса келмасидан ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни; беморлик олдин соғликни; банд бўлиб қолишдан олдин бўш вақтни; ажал келиб қолмасидан тирикликни; қашшоқлик етишмасидан олдин бойликни (Имом Аҳмад ривояти)

Исломга интеграциялашув жараёнида шахснинг ўзини бошқариш қуввати инсоннинг асосий сармояси бўлган юксак ахлоқийликка асосланади. Шу жиҳатдан, ёшларнинг ахлоқий камол топиши ғоят муҳим ҳодисадир. Айнан шундай ёшлар исллм дини тараққиётида муҳим роль ўйнайди.

Саломатлик ва бўш вақтни қадрлаш керак. Инсонлар ана шу иккисига эътиборсиз бўлгани боис Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида умматларини Аллоҳ таоло берган икки неъмат – саломатлик ва вақтни қадрлаш зарурлигини айтиб огоҳлантирганлар. 

Ислом динида бўш вақт тушунчаси бошқа дин ва таълимотларга амал қилувчиларникидан тамоман фарқ қилади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Бас, (Эй Муҳаммад!) Қачонки, (намоздан) фориғ бўлсангиз, (ўрнингиздан) туринг ва Раббингиз сари рағбат (билан дуо) қилинг” (Шарҳ сурасининг 7-8- оятлари), деб намоздан бўшаган вақтни дуо билан ўтказишга амр этмоқда. Иймони мустаҳкам ёшлар бўш вақтларини Раббимизга янада яқин бўлиб Унинг раҳматига эришмоқ учун ўзларини камолга етказишга сарфламоқлари лозим. Ислом олимларининг таъкидлашича, қиёмат кунида жавоби энг оғир савол бўш вақтнинг нимага сарфлангани ҳақидаги сўроқ бўлар экан.

Ҳар тонг кириб келган янги кун инсонга мурожаат қилиб: “Эй одам ўғли, мен сенинг янги кунингман ва қиёматда Аллоҳнинг қошида мени қандай ўтказганинг ҳақида гувоҳлик бергувчиман. Мендан Ҳақ йўлида фойдаланиб қол, мен қиёматгача қайтиб келмайман”, дер экан (ҳадиси қудсий).

 Маълумки, Ньютон мутлақ вақт ғоясини илгари сурганда мутлақ вақни Аллоҳнинг абадийлиги билан изоҳлаган эди. Инсоннинг умри эса уни Яратувчининг белгилаб қўйган вақтига боғлиқ.

Таассуфки, ёшларнинг ўлимдан қочиб бўлмаслигини идрок этишлари заифроқ бўлгани боис уларнинг бўш вақтларини кўп исроф қилишига сабаб бўлади.  Қуръони каримда:  “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир” (Оли Имрон, 185), деб огоҳлантирилганмиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб саҳобалари жуда ёшлик чоғиданоқ вақтнинг қадрини жуда яхши ҳис қилган ва умрининг ҳар бир дақиқасини ислом шариатига мос равишда ўтказган, Пайғамбар алайҳиссаломнинг атрофида тўпланиб илм ўрганган ҳамда исломнинг ёйилишига ҳисса қўшган. Ёшликда қилинган ибодатнинг нақадар фазилатли экани экани ҳақида қуйидаги ҳадисни Имом Муслим ривоят қилган: “Аршнинг соясидан бошқа соя бўлмайдиган Қиёмат кунида етти тоифа одам Аршнинг соясида бўлади: адолатпарвар ҳукмдор, ёшлигидан ибодатга машғул бўлиб Аллоҳнинг розилигига етишган инсон...”

Шунинг учун ҳам ёшлар вақтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоғи, айниқса, тонгги ибодатдан бошлаб барча ибодатларини ўз вақтида бажармоғи даркор экан. Беш маҳал ўқиладиган фарз намозлари вақти тонг чоғида “Намоз уйқудан яхшидир!” деб азон чақирилган пайтдан бошлаб куннинг турли вақтларига тақсим қилинган.

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам барака эрта тонгда, бомдод намози билан бирга кириб келишини марҳамат қилганлар. Демак, бомдод намози билан бирга кириб келган барака кейинги намозлар билан кўпайиб бораверар экан. Бундан ҳар бир намозни вақти кирганда адо этиб Аллоҳ таоло юборган баракадан баҳраманд бўлиб қолиш керак экан деган хулоса чиқади.

Мўътабар манбаларда келтирилишича, Нуҳ алайҳиссалом узоқ яшаб – 950 йил умр кўрган эканлар. Қазо вақти етиб Азроил алайҳиссалом жонини олгани келганда ундан: “Эй Аллоҳнинг Расули!  Бу дунё ҳаёти ҳақида нима дейсиз?” деб сўраган экан. Нуҳ алайҳиссалом бу саволга: “Бу дунё худди икки эшиги бор уйга ўхшайди – биридан кирасан ва иккинчисидан чиқиб кетасан” деб жавоб берибдилар.

Аллоҳ таоло ояти каримада: “Уларни жамлайдиган кунда (қиёматда ўзларини бу дунёда) гўё кундуз куннинг бир соатича тургандек сезишиб, бир-бирларини таний бошлайдилар” (Юнус сурасининг 45-ояти), деган.

Аёнки, вақтни чўзиб ёки ортга қайтариб бўлмайди, у чегараланган. кексалик кирганда у: сенинг ёшлигинг қайда қолди? деб сўрайди.

Шундай яшангки, ёшлик йилларингиз мақсадсиз, адашишлар билан ўтмасин, умрингизнинг ҳар бир дақиқасидан самарали фойдаланиб, ундан нимадир олиб қолишга интилинг, агар ёшлик даврингиздан шу ишни батартиб равишда бажариб борсангиз, кексайгунча кўп нарса ғамлаб оласиз ва қиёматга тўлиб-тошиб, мўл-кўл. ажру савоблар билан борасиз!

Муҳаммад Бухор ҲАМИДУЛЛАЕВ,

иқтисод фанлари доктори, профессор,  Халқаро фан ва амалий ишлаб чиқариш академиси академиги

Русчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

 

Read 5939 times

Мақолалар

Top