Мақолалар

Неъмат шукри зикр билан

Эътироф

Аллоҳ таолонинг неъматларни тафаккур қилар эканмиз, уларнинг энг буюги иймон эканини англаб етамиз. Чунки ҳотиржам, сокин қалбгина Аллоҳнинг неъматларини эътироф этиб, шукрини адо қилади.

Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов айтиш ва неъматни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан мукаммал бўлади. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғланган. Шукр тўхтамагунча зиёдалик ҳам тўхтамайди. Яъни, ким шукр билан ризқланган бўлса, зиёдалик билан ризқланибди”, деган.

Аллоҳ таоло Иброҳим сураси 7-оятда бундай марҳамат қилади: “Агар шукр қилсангиз, зиёда қилурман”. Зотан, шукрда доимо зиёдалик бордир. Банда Аллоҳнинг берган неъматларини эътироф этса, унга шукр қилган бўлади. Аллоҳнинг юртимиз фаровонлиги йўлида бизга ато қилган неъматларини зикр қилиб, шукрини адо қилишимиз лозим. Зеро, юртимизда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, ҳалқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш бўйича бир қатор ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу йил ҳаж ибодатларини адо қилаётиб, юртимизда тинчликни барқарор қилган ва ибодатлар учун биз мусулмоларга яратилган шароитлардан Аллоҳга ҳамду санолар айтдик.

Абу Сулаймон Воситий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Неъматни зикр қилиш Аллоҳга муҳаббатни пайдо қилади”.

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир яхшиликка эришса, бас, уни зикр қилсин. Ким зикр қилиб эсласа, батҳақиқ, унинг шукрини адо этибди. Ким яширса, демак, куфрона неъмат қилган бўлади”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).

Макка шаҳрида ҳожилар учун яратилаган шароитлар, ибодатни тўлиқ адо этиш учун ташкил қилинган қулайликларнинг шоҳиди бўлишдек улкан саодатга бизларни насиб этган Аллоҳ таолога ва бу ишга масъул бўлган барча ташкилотларга ўз миннатдорлигимизни исҳор қиламиз. Чунки банда ҳар қандай неъматга кўзи тушса, унинг шукрини зикр ила адо этади.

Умар ибн Абдулазиз бундай дейди: «Отам Умар ибн Абдулазизнинг кўзи Аллоҳнинг бирор бир неъматига тушса: “Аллоҳим, Сендан неъматингга куфр келтиришдан, уни неъмат дея танигач, инкор қилишдан ва унга ҳамд айтиш ўрнига унутиб қўйишдан паноҳ тилайман”, дер экан.

Ватанимиз осмони мусаффо, тинч-осойишта ҳаётимизнинг шукрини қилиш шу азиз юртда яшаётган ҳар бир фуқаро учун ҳам фарз, ҳам қарз. Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс бу ҳақиқатни теран англайди.

 

Зулайҳо СОАТОВА,

Тошкент шаҳар бош отинойиси

 

 

Read 1355 times

Мақолалар

Top