Мақолалар

Таркидунёчилик йўқ

Таянч нуқта

Исломда инсонни хўрлайдиган, мажбурлайдиган, ҳаётини азобга айлантирадиган буйруқ, қоидалар йўқ. Аллоҳга ибодат ниятида таркидунё қилиш, ўз жисмига азият бериш, уйланмаслик, таом ва уйқудан воз кечиш кабиларни Пайғамбар алайҳиссалом ман этганлар. Зеро, ибодатлар машаққат, ташвиш эмас; ҳузур, ҳаловат бахш этиб, Аллоҳга яқинлаштиргувчи амал бўлганида маъно касб этади. Шунинг учун “Динда зўрлаш йўқ(Бақара сураси, 256-оят). Ташқаридан қанчалик мукаммал кўринмасин, самимий ихлос билан қилинмаган амал Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қийматга эга эмас.

Ислом одамни азобламайди, шу билан бирга, ўзини ўзи азоблашига ҳам изн бермайди. Ояти каримада айтилади: «Айтинг: “Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?» (Аъроф сураси, 32-оят). Бундан биламизки, соғлом руҳиятдаги инсон истифода этиши мумкин бўлган барча моддий ва маънавий завқлар энг мукаммал кўринишда динимиз кўрсатган ҳалоллар доирасида мавжуддир. Энди, ҳаддидан ошиб, ҳаром йўллар ва нарсалардан завқ ахтарадиганлар руҳияти бузуқ, йўлдан озган кимсалардир. Улар диний кўрсатмалар бўйича яшашни имконсиз деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, Ислом фитрат динидир, у инсоннинг табиий эҳтиёжларини ҳалоллик билан қондириш йўлларини кўрсатиб берган.

Ибодатларнинг миқдори Аллоҳ таоло томонидан белгиланди ва Расули томонидан амалиётга татбиқ этилди. Аллоҳ таоло белгилаган ўлчовлар дахлсиз. Уларга аралашиш, орттириш ёки камайтириш айни ҳалокатдир.

Пайғамбар алайҳиссалом рўзадорнинг ифтор қилмасдан шом намози ўқишини маъқул кўрмаганлар. Зеро, Аллоҳнинг бир буйруғини адо этиш учун бутун кун нафсини тийган одамни оғиз очадиган пайтида иккинчи қийинчиликка солиш ўринсиздир. Имом Ғаззолий ибодатлар миқдорини дорилар қоришмасига ўхшатади. Шифо топиш учун бу миқдорга амал қилиш зарурлигини айтади. Баъзи уламолар бундай дейди: “Билиш керакки, Аллоҳ таолонинг розилиги ва муҳаббати ўзига ўзи бефойда азоб бериш, жонини машаққатга қўйишда эмас”. Шунга кўра, қиш кунларида иссиқ сув туриб, савоби кўп бўлсин, дея совуқ сувда таҳорат қилиш, ёнида масжид туриб узоқдаги жомега бориш ярамайди.

Ислом енгиллик устига барпо қилинган. Лекин бу ҳамма нарса мумкин ва ўзбошимчаликка рухсат, деганимас. Енгилликнинг ҳам чегараси бор. Қуръони каримнинг қуйидаги огоҳлантиришга дуч келамиз: “Бу Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, демак, у ўзига зулм қилибди(Талоқ сураси, 1-оят).

Киши ифротга ёки тафритга йўл қўйиши билан ўзига зулм қилади. Расулуллоҳ алайҳиссалом ибодатда ҳам мўътадилликка чақирганлар. Хасталик ёки сафар асноси намоз, рўза каби ибодатларда берилган енгилликдан фойдаланмасликни, ўзини қийнаб нафл намоз ўқишни маъқул кўрмаганлар. Намозни чўзган имомни танқид қилганлар. Ҳузурларига бир бадавий келиб, Ислом шартларини сўради. У зот алайҳиссалом шаҳодат калимаси, беш вақт намоз, рамазон рўзаси, нисобга етган молдан закот бериш ва қодир бўлса умрда бир марта ҳаж қилишни санаб ўтдилар. Бадавий: “Сизга икром этган Аллоҳга қасам, шу санаганларингиздан оширмайман ҳам, камайтирмайман ҳам”, деди ва кетди. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Агар айтганини қилса, нажот топади(Муттафақун алайҳ).

 

Абдулвоҳид ИСАҚОВ,

Наманган шаҳридаги Мирёқуббой Мирҳакимбой

жомеъ масжиди имом-хатиби

Read 789 times

Мақолалар

Top