Мақолалар

ОНАМ БЎЛСАЙДИ...

Мактубларда манзаралар

Йил серёғин бўлди. Ёмғирдан қочиб, тушлик қилиш учун тамаддихонага кирдим. Бу ердаги таомларни еган ҳар қандай одам ёқтириб қолиши, тотини яна қўмсаши тайин. Хизмат ўз-ўзига. Навбатга турдим. Галим келгач, нон-чой, егуликлар олиб, бўш жойдан бирига ўтирдим.

Яқинимда она-бола тамадди қилишар, қиз онасига жуда ўхшарди. Унинг кўзлари  қора, киприклари онасиникидан ҳам узунроқ, жингалак сочлари долчин ранг эди. Қиз онасига овқат тутқазар, рўмолини тўғрилаб қўярди. Она гўштни чайнай олмаётгани кўриниб турар, умуман, у ейишга қийналаётганди. Таомни қизига илинар, қизи эса таомни қошиқда майдалаб онасининг раъйига қараб, гўдаклардек едирарди...

Уларнинг бу ҳоли менга алланечук таъсир қилди. Ёшлигим, ота-онам ёдимга тушди. Айниқса, онамнинг бизларга эринмай овқат едиришлари кўз олдимга келди. Қани эди ҳозир онам бўлганида... Мен ҳам шундай таомлантирган, хурсандлигидан шодланган, қўлларини тутиб лабларимга босган, кўзларимга сурган бўлардим...

Она етмиш, қизи ўттиз беш ёшлар атрофида эди. Тамадди қилиб бўлишгач, қиз ҳўл сочиқча билан онасининг юз-қўлини авайлаб артди. Идишларни  тахлади. Ўтирган жойларини ҳам артиб-суртди. Кейин она дуога қўл очиб, Аллоҳга ҳамдлар айтгач, қизи ҳақига тўлиқиб дуо қилди. Сўнг:

­­­­­­– Энди, қизим қани юр, кетдик! Туришимга ёрдам бер, –­ деди кўзойнагини тақаркан.

Қиз онасининг ҳассасини қўлига бериб, қўлтиғидан ушлаб, туриб олишига ёрдам берди.

– Баракалла, сени Худо ёрлақасин, она қизим! Доим омон бўлгин!..

Қалтираб ўрнидан тураркан, ҳассасини сиқиб ушлаб, бир қўли билан қизининг қўлидан тутган она қизига меҳр билан қарар, қизи ҳам онасига табассум қилиб турарди.

Ўтирган ўриндиқларини ҳам жойига суриб қўйишди. Қиз онасига илтифот қилди:

– Энди қаёққа боргингиз келяпти, онажон?

– Қаёққа кетардик, жон болам, уйга-да!—деди хурсанд ҳолда қизининг қўлидан ушлаб она. – Қарилик-да, қизим, таом еганимга ҳам толиқиб қолдим...

Улар аста-секин эшик томон юраркан, ўрнимдан туриб уларга пешвоз юрдим:

– Отангизга рахмат, қизим! Барака топинг. Афсус, шугина меҳрни ҳам ота-онасига бермай юрганлар йўқ эмас. Илоҳим, сиз онангизни қувонтирганингиз каби болаларингиз сизни севинтирсин...

Улар чиқиб кетгач, ўйлаб қолдим: таомнинг тоти ширинми, меҳрнингми?..

                                                                         Фазлиддин АБДУНАЗАРОВ,

Қува тумани 

Read 765 times

Мақолалар

Top