Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: “Қиёмат қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёматга нима тайёрладинг?” дедилар. У: “Аллоҳ ва расулига муҳаббатни тайёрладим” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ана шу муждасидан куч олиб яшадилар, десак муболаға бўлмайди. Бу хушхабар уларнинг қийинчилик тўла ҳаётдаги энг буюк тасаллилари эди. Улар қалбларига Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган севгисини орттиришга ҳаракат қилиб Пайғамбар алайҳиссалом билан жаннатда бирга бўлишга интилдилар. Оламларга раҳмат ўлароқ юборилган зотга яқин бўла олиш Аллоҳга яқинлаштирадиган энг улуғ васила эканини англаб етдилар.
Шу сабабли саҳобаи киромларнинг ҳар бири Аллоҳнинг элчисига улкан муҳаббат ҳиссини туйиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига муҳаббатини айрича хис этдилар. Улар “Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан” ҳадисига амал қилароқ Расулуллоҳ алайҳиссаломга соя қандай соҳибига эргашса, шу ҳолда эргашиб, тақлид қилдилар. Гўзал ахлоқли бўлишни Аллоҳнинг Расулидан ўргандилар.
Мўмин банда Аллоҳ ёқтирмаган нарсалардан доимо узоқ бўлади. Саҳобаи киромлар бунинг ҳам гўзал ўрнагини ҳаётлари давомида кўрсатдилар. Улар ўн уч йиллик Макка даврида жуда кўп зулмга учрашди. Аллоҳга бандалик қилиш, ибодат қилишга йўл қўйилмади. Мусулмонлар эса буларга сабр қилдилар. Ҳеч бирларининг иймонларига зарра қадар путур етмади.
Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ алайҳиссаломни доим ўзларидан аввал қўярдилар. Масалан, Ҳудайбияда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу элчи сифатида Маккага жўнатилаётганида мушриклар у зотга:
- Хоҳласанг, Каъбани зиёрат қилишинг мумкин, – дедилар. Усмон розияллоҳу анҳу уларга қатъий оҳангда раддия берди:
– Аллоҳнинг Расули алайҳиссалом Каъбани тавоф қилмагунларига қадар мен бу амални бажармайман. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида Каъбани тавоф этишим мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёқтирилмаган, хуш кўрилмаган ерда мен ҳам йўқман.
Дарҳақиқат, Набий алайҳиссаломни яқиндан таниган инсоннинг у зотни яхши кўрмаслиги, у зотга эргашмаслиги асло мумкин эмас. Ҳақиқий муҳаббат лойиқ бўлган зотга – Аллоҳга ва Унинг севган қулларига, нафрат эса аксинча, Аллоҳ ва унинг Расулига осий бўлганларга қаратилган бўлиши лозим.
Марҳаматлилик иймоннинг аломати саналади. Иймон ортгани сайин мўминнинг қалби ҳам марҳамат уммонига айланади. Раҳмат билан тўлиб-тошади. Натижада фақат яқинларига эмас, барча мўминларга раҳмат ва марҳаматли бўлади. Барча мазлумларнинг, маъдурларнинг, етим-есирнинг, ҳайвон ва жонзотларнинг олдида ўзини жавобгар ҳис этади. Зеро, Аллоҳга ошиқ қалбнинг марҳаматдан, муҳаббат, икром, кечиримдан узоқ туриши асло мумкин эмас.
Намоз мўминнинг меърожидир. Илк фарз қилинган ибодат. Лекин уни бир мажбурият каби эмас, қалб ва бадан билан адо этиш лозим. Зеро, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “...(ёлғиз Аллоҳга) сажда (ибодат) қилиб, (Унга) яқин бўлинг!” (Алақ сураси, 19-оят).
Бир жангда Али розияллоҳу анҳунинг оёғига ўқ тегди. Қаттиқ оғриқ бўлгани учун ўқни чиқара олмадилар. Шунда Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деди:
- Мен намозни бошлайман, ўқни шунда чиқаринглар!
Худди шундай қилдилар. Ўқни чиқариб олдилар. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу салом бергач: “Нима қилдингиз?” дея сўради. “Чиқардик”, дея жавоб беришди. Али розияллоҳу анҳу намоздаги хушуъ ва хузуъ таъсирида оғриқни бутунлай “унут”ган эди.
Аллоҳнинг лутфи ва розилигига ноил бўлишга ҳаракат қилар эканмиз, жаноби Ҳақнинг розилиги гоҳида улкан, гоҳида ўртача, баъзан кичик нарсалардан яширин эканини асло унутмаслигимиз лозим. Ғазаби ҳақида ҳам худди шуни айтишимиз мумкин.
Аллоҳ таолонинг розилигига эриштирадиган амалларда, хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ғайрат кўрсатишимиз зарур. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга волий сифатида юбориш чоғида бундай марҳамат қилдилар: “Менга энг яқин киши ким ва қаерда бўлишидан қатъи назар Аллоҳга тақво қилган муттақий бандалардир” (Имом Аҳмад ривояти).
Нигора МИРЗАЕВА