Мақолалар

Мусофирнинг намози
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

الْمُسَافِرُ مَنْ فَارَقَ بُيُوتَ بَلَدِهِ قَاصِدًا مَسَافَةَ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ وَلَيَالِيهَا، بِسَيْرٍ وَسَطٍ، وَهُوَ مَا سَارَ الْإِبِلُ وَالرَّاجِلُ، وَفِي الْبَحْرِ مَا سَارَ الْفُلْكُ إِذَا اعْتَدَلَ الرِّيحُ. وَمَا يَلِيقُ بِالْجَبَلِ، فَيَقْصُرُ الرُّبَاعِيَّ إِلَى أَنْ يَدْخُلَ بَلَدَهُ، أَوْ يَنْوِي إِقَامَةَ نِصْفِ شَهْرٍ بِبَلْدَةٍ أَوْ قَرْيَةٍ وَاحِدَةٍ، وَبِصَحْرَاءِ دَارِنَا وَهُوَ خِبَائِيٌّ، لَا بِدَارِ الْحَرْبِ، أَوْ أَهْلِ الْبَغْيِ مُحَاصِرًا، كَمَنْ طَالَ مَكْثُهُ بِلَا نِيَّةٍ، فَلَوْ أَتَمَّ وَقَعَدَ الْأُولَى، تَمَّ فَرْضُهُ وَأَسَاءَ، وَمَا زَادَ نَفْلٌ. وَإِنْ لَمْ يَقْعُدْ بَطَلَ فَرْضُهُ.

مُسَافِرٌ أَمَّهُ مُقِيمٌ فِي الْوَقْتِ يُتِمُّ، وَبَعْدَهُ لَا يَؤُمُّهُ. وَلَوْ أَمَّهُ بَطَلَ اقْتِدَاؤُهُ، وَفِي عَكْسِهِ أَتَمَّ الْمُقِيمُ وَقَصَرَ الْمُسَافِرُ، قَائِلًا نَدْبًا: أَتِمُّوا صَلَاتَكُمْ فَإِنِّي مُسَافِرٌ.

وَيُبْطِلُ الْوَطَنَ الْأَصْلِيَّ مِثْلُهُ، لَا السَّفَرُ، وَوَطَنَ الْإِقَامَةِ مِثْلُهُ وَالسَّفَرُ وَالْأَصْلِيُّ، وَالسَّفَرُ وَضِدُّهُ لَا يُغَيِّرَانِ الْفَائِتَةَ. وَسَفَرُ الْمَعْصِيَةِ كَغَيْرِهِ فِي الرُّخَصِ.

Мусофир ўз юртининг уйларидан уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб ажраган одамдир. Ўртача юриш ила. У қуруқликда туянинг ва пиёданинг юришидир. Денгизда эса кеманинг шамол мўътадил бўлгандаги юришидир. Тоғда эса ўзига муносиб юришдир.

Бас, у то ўз юртига қайтиб киргунча ёки бир шаҳар ёки қишлоқда ёхуд кўчманчи бўлса, диёримиздаги саҳрода ярим ой туришни ният қилгунча, тўрт ракъатли (фарз) намозларни қаср қилади.

Дорул ҳарбда ёки боғийларнинг қамалида қолган бўлса, ундай эмас. Унда ниятсиз туриши чўзилиб кетган одамга ўхшайди.

Агар у қаъдаи аввалга ўтириб, тўлиқ ўқиса, фарзи тугал бўлади, аммо яхши қилмаган бўлади. Зиёда бўлгани нафлга ўтади. Агар қаъдаи аввалга ўтирмаса, фарзи ботил бўлади.

Қай бир мусофирга вақтли намозда муқим имом бўлса, намозни тўлиқ ўқийди. Вақт ўтгандан кейин муқим мусофирга имом бўлмайди. Агар у имом бўлса, анинг иқтидоси ботил бўлади. Акси бўлганда, муқим тамомлаб олади.

Мусофир имом бўлса, қаср қилади ва «Намозингизни тугатиб олинг, мен мусофирман», деб айтиши мандуб бўлади.

Аслий ватанни унинг мисли ботил қилади, сафар эмас. Иқома ватанини унинг мисли, сафар ва аслий ватан ботил қилади. Сафар ва унинг зидди қазо намозни ўзгартирмайди. Маъсият сафари рухсатларда бошқаларига ўхшайди.

Аллоҳ таоло сафарда намозни қаср қилиб, тўрт ракъатли фарз намозларни икки ракъат қилиб ўқишни шариатга киритган. Чунки сафарнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва машаққатлари бўлади. Сафардаги кишиларга ўша машаққатларни камайтириш учун Аллоҳ таоло меҳрибонлик қилиб, тўрт ракъатли намозларнинг ярмини қисқартириб, енгиллик берган.

Бу ҳолат Аллоҳ таолонинг дини – Ислом осонлик дини эканини, шу билан бир вақтда, намознинг нақадар аҳамиятли ибодат эканини ҳам кўрсатади. Аллоҳ таолонинг сафарга алоҳида енгил намоз жорий қилиши шунга далил бўлмаса, нимага далил бўлар эди?!

Мусофирнинг намозни қаср қилиб ўқиши Қуръон, Суннат ва Ижмоъ билан собит бўлган.

Умуман, фиқҳда «намозни қаср қилиб ўқиш» деганда тўрт ракъатли фарз намозлар кўзда тутилади. Суннат намозларнинг ҳаммаси сафарда ҳам тўлиқ ўқилади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Ер юзида кезиб юрганингизда намозни қаср қилишингизда сизга гуноҳ йўқ», деган (101-оят).

Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Умар ибн Хаттобга:

«Куфр келтирганлар сизга фитна қилишидан хавф қилсангиз, намозни қаср қилишингизда сизга гуноҳ йўқ», дейилган. Одамлар эмин бўлган бўлсалар ­ҳам-а?!» дедим.

«Мен ҳам сен ажабланган нарсадан ажабланиб, у ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. У зот:

«Бу Аллоҳ таоло сизга қилган садақадир. Бас, Унинг садақасини қабул қилинг», дедилар», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Уламолар мусофирнинг тўрт ракъатли намозни қисқа – икки ракъатли қилиб ўқишига ижмоъ қилганлар.

Мусофир учун намозни қаср қилиши азимат[1] бўлиб, ҳукми вожибдир. Унинг учун тўрт ракъатли намозни икки ракъат қилиб ўқиш фарздир. Ундан зиёда қилиш жоиз эмас.

Биз бу масалада ўрганадиган матнларимизда мусофирнинг намозига оид кўпгина ҳукмлар қисқа тарзда баён этилган. Биз уларни атрофлича шарҳ қилишга ҳаракат қиламиз.

«Сафар» сўзи луғатда масофани кесиб ўтиш маъносини англатади. Лекин ҳар бир сафар ҳам шаръий аҳкомларнинг ўзгаришига сабаб бўлавермайди. Бунинг учун ўзида алоҳида шартларни мужассам қилган сафар бўлиши лозим. Шунинг учун шаръий ҳукмлари ўзгарадиган сафар қиладиган мусофир кимлигини билиб олишимиз лозим бўлади.

Шаръий мусофир бўлган одамга намозни қаср қилиб ўқишга, рўза тутмасликка рухсат берилади. У махсига уч кечаю кундуз масҳ тортади ҳамда жума, ийд намозлари ва қурбонлик қилиш ундан соқит бўлади.

Хўш, ўша мусофир ким ўзи? Бу саволга жавоб қуйидагича:

Мусофир ўз юртининг уйларидан уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб ажраган одамдир.

«Ўз юртининг уйлари» деганда шаҳарнинг четидаги уйлар кўзда тутилади. Мусофир қайси йўналишда кетаётган бўлса, ўша тарафдаги охирги уйдан ажраганда мусофирлик бошланади. Агар шаҳарга туташган қишлоқ бўлса, ўша қишлоқдан ўтгандан кейин мусофирлик бошланади.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Read 1318 times

Мақолалар

Top