Мақолалар

Жаннатдаги қўшни

Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога жаннатда ўзига ким қўшни бўлишини билдиришни  сўраб, кўп ёлворар эди.

Бир куни бундай нидо келди:

– Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги қўшнинг бўлади...

Мусо алайҳиссалом қизиқиб, қайси ибодати учун у бунга лойиқ бўлганини билиш ниятида йўлга чиқди. Ҳазрати Мусо ўша одамни қидириб топди. Қассоб Мусо алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканини билган, иймон келтирган эди. Лекин ўзини кўрмаган эди. Шунинг учун танимади. Кечқурун қассоб Мусо алайҳиссаломни уйига таклиф қилди.

Овқат тайёрлади. Дастурхон тузади. Таомланишдан олдин қассоб деворга осилган бир замбилни ерга туширди ва ундан ҳаракат қилишга сира мадори қолмаган бир кампирни кўтариб олиб, ерга ётқизди. Худди гўдакни овқатлантиргандек уни едирди, ичирди ва яна жойига қўйди. Шунда кампир нималардир деб шивирлади.

Кекса аёлнинг нима деяётганини тушунмаган Мусо алайҳиссалом қассобдан сўради:

– Бу кампир киминг бўлади?

Қассоб мусофирга:

– Бу аёл  онам бўлади. Ўтириб-туришга, овқат ейишга ҳоли йўқ. Шу боис уни едираман, ичираман ва уст-бошини тоза тутаман. Қўлимдан келганича хушнуд этишга ҳаракат қиламан.

Мусо алайҳиссалом сўради:

– Ҳозиргина у сенга гапиргандай бўлди, нималар деди?

Қассоб:

– Онам: “Эй Раббим! Мен ўғлимдан хурсандман. Сен ҳам ундан рози бўл. Жаннатда уни Мусо алайҳиссаломга қўшни қил”, деб дуо этди. Шунда Мусо алайҳиссалом ўзини танитадиган вақт келганини тушунди ва:

– Мен Аллоҳнинг пайғамбари Мусо бўламан. Аллоҳдан жаннатдаги қўшним ким бўлишини билдиришни илтижо қилган эдим. Сенга рўбарў қилди. Онангга қилган хизматинг учун Аллоҳ сендан рози бўлди. Онангнинг дуосини қабул айлади. Аллоҳ сени жаннатда менга қўшни қилди, – деди.

Манбалар асосида Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

Read 819 times

Мақолалар

Top