Мақолалар

Ғазаб - 42 қисм

Аллоҳ таолонинг иродасига ва Унинг тақдиридан норозилик – ғазабнинг намоён бўлиш аломати бўлиб, бу ҳам нафс касаллиги саналади.

 Муолажа услуби

Ғазабдан қутилиш учун – нафсни тақдирдан рози бўлишга ва ҳаётнинг турли синовларига сабр қилишга ўргатиш керак. Ғазаб – шайтоннинг инсон қалбига ташлайдиган ёнаётган чўғ эканини унутмаслик лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менга васият қилинг”, деганида, у зот алайҳиссалом: Ғазабланма, дедилар. Бу киши бир неча марта такрорлаганида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ғазабланма, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ғазаб инсонни шайтонга яқин қилади ва уни тўғри йўлдан оздиради. Аллоҳнинг амрига итоат қилиш билан банда ғазабдан қутилиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун ғазабини ютган банданинг ичи иймон билан тўлдирилади” (Имом Аҳмад ривоят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб шундай дедилар: “Билингларки, ғазаб одам боласи қалбида ёниб турган чўғдир!” (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!” (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривоят).

Муҳаммад ибн Фазл раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қуйидаги олти нарсадан келиб чиқиб, одамнинг жоҳил эканлигини билиш мумкин:

1) арзимас нарсага жаҳл қилиб, беҳудага ғазабланади;

2) бекорчи суҳбатлар билан банд бўлади;

3) нотўғри маслаҳат ва кўрсатмалар беради;

4) одамларнинг сирларини ошкор қилади;

5) ҳаммага ишониб кетаверади;

6) дўст ва душманни ажрата олмайди”.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳнинг ғазабидан мени узоқ қиладиган нарса нима?” деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Ғазаб қилма!” дедилар.

Ҳасан Басрий айтадилар: Кимда-ким қуйидаги тўрт хусусиятга эга бўлса, Аллоҳ таоло уни шайтондан асрайди ва дўзахга ҳаром қилади: рағбат, қўрқув, шаҳват ва ғазаб пайтида ўзини қўлга олиш.

Ғазабга берилиш, бир зумда ловуллаб кетиш инсоннинг заифлигини билдиради. Бундай кишилар қанчалик бақувват кўринмасинлар аслида заиф ҳисобланадилар.


Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Read 1076 times

Мақолалар

Top