Мақолалар

Ёлғончилик - 43 қисм

Ёлғон – нафснинг энг хавфли касаллиги саналади.

 Муолажа услуби

Бу хасталикдан қутилмоқчи бўлган инсон нафсини ҳақиқатга ўргатиши, ўз сўзлари ва ҳаракатлари билан одамларни рози қилишга ҳаракат қилишдан тийилиши лозим. Чунки айнан одамларнинг розилигини топишга ва улар орасида обрў-эътиборга эга бўлишга уриниш, шунингдек, уларнинг норозилигидан қўрқиш кишини ёлғон гапиришга ундайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг, чунки ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириб, ростгўйликка амал қилади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “сиддиқ” деб ёзиб қўйилади. Ёлғондан сақланинг, чунки ёлғон гуноҳга бошлайди. Гуноҳ дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапириб, унга риоя қилишда бардавом бўлади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “каззоб” деб ёзиб қўйилади» (Имом Бухорий ривояти).

Шоҳ Кирмоний раҳимаҳуллоҳ: “Истаганингизни қилинг, лекин асло ёлғончига, хиёнатчига ва ғийбатчига яқинлашманг!” деган.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсонлардаги энг катта каромат бу – ёмон феъл-атворни яхшисига ўзгартиришдир”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Read 1122 times

Мақолалар

Top